"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 мaй, чоршанба.

ЕНГИЛ ТАН ЖАРОҲАТИ ЕТКАЗИШ: МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИМИ ЁКИ ЖИНОИЙ?

Жамият
Tipografiya

Инсон ва қонун

ЕНГИЛ ТАН ЖАРОҲАТИ ЕТКАЗИШ:

МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИМИ ЁКИ ЖИНОИЙ?

Ҳаётда шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, инсоннинг ўйламай қилган иши, жаҳлига эрк бериши нафақат бошқалар, балки ўзи учун ҳам қимматга тушиши мумкин. Айрим кишилар борки, бўлар-бўлмасга куч ишлатиш, бошқаларга зўрлик қилишдан ўзларини тийиб тура олишмайди. Натижада бошқа бировга хоҳ оғир, хоҳ енгил шикаст етади. Қандай бўлмасин, хатти-ҳаракат бировнинг ҳуқуқини чекласа, азият етказса, бунга жавобгарлик муқаррар.

Мисол учун, урушиш ёки эҳтиётсизлик натижасида баданга енгил шикаст етказиш ҳолатини олиб кўрайлик. Баданга шикаст етказиш деганда, қонун тилида инсон органлари ёки организми тўқималари анатомик тўкислиги ёки улар физиологик функциясининг ташқи таъсир оқибатида бузилиши тушунилади.

Баданга етказилган шикастнинг хусусияти ва оғирлик даражасини аниқлаш, одатда тиббиёт органлари ваколатига тааллуқли бўлиб, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 1992 йил 21 октябрдаги буйруғи билан тасдиқланган баданга етказилган шикаст оғирлигини суд-тиббий йўсинда белгилаш қоидаларига мувофиқ ўтказилади.

Шу сабабли баданга шикаст етказилган ҳар бир ҳолда Жиноят-процессуал кодекси 173-моддаси биринчи қисми 1-банди талабига кўра суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиши ва ўтказилиши шарт бўлиб, унинг хулосаси суд томонидан қайд этилган қоидалар ва ишнинг бошқа материаллари асосида баҳоланади.

Енгил тан жароҳати етказганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 52-моддасида жавобгарлик белгиланган. Хусусан, у эҳтиётсизлик оқибатида етказилса – энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлса, қасддан содир этилиб, соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятини унча кўп давом этмайдиган турғун тарзда йўқотишга олиб келмаган бўлса – энг кам иш ҳақининг икки бараваридан тўрт бараваригача миқдорда жарима солинади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддасида ҳам қасддан баданга шикаст етказиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Бордию қасддан баданга енгил шикаст етказиш соғлиқнинг қисқа вақт, яъни 6 кундан ортиқ, аммо 21 кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Меҳнат қобилиятини унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотиш деганда, умумий меҳнат қобилиятининг ўн фоизидан кўпини йўқотмасликни тушуниш лозим.

Баданга шикаст етказишга оид ишлар бўйича қилмишни баҳолашда айбнинг шакли, баданга шикаст етказиш мотиви, мақсади ва усули, айбдорнинг қилмиши билан келиб чиққан оқибат ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги, шунингдек, ишнинг тўғри ҳал этилиши ва айбдорга адолатли жазо белгиланиши учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар батафсил аниқланади.

Агар айбдор ўз ҳаракати ёки хавфсизлигининг ижтимоий хавфли эканлигини англаса, жабрланувчи баданига муайян даражада шикаст етказиши мумкинлигига кўзи етса ва шуни хоҳласа ёинки хоҳламаса-да, бунга онгли равишда йўл қўйса ёки ўз қилмишидан келиб чиқадиган оқибатларга бефарқ қараса, барча қилмиш аслида келиб чиққан оқибатлар бўйича квалификация қилинади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, вилоятдаги маъмурий судлар томонидан 2018 йилнинг биринчи чораги давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 52-моддаси билан жами 2296 нафар шахсга нисбатан 1318 та маъмурий иш кўриб чиқилган.

Кўриниб турибдики, бу борадаги рақамлар анча юқори. Жавобгарлик эса тайин. Шу сабабли ҳар бир киши ўзини назорат қила олиши, қилмиши оқибатларини ўйлаб иш тутиши зарур.

Ойбек БЕКНАЗАРОВ,

вилоят маъмурий суди судьяси