"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 мaй, чоршанба.

ДЕПУТАТЛАР ПРОКУРОР ЁКИ ИИБ БОШЛИҒИ ФАОЛИЯТИНИ ҚОНИҚАРСИЗ ДЕБ ТОПСА, ҚАНДАЙ ОҚИБАТЛАР КЕЛИБ ЧИҚАДИ?

Жамият
Tipografiya

Қонун, ижро ва таклиф

ДЕПУТАТЛАР ПРОКУРОР ЁКИ ИИБ БОШЛИҒИ ФАОЛИЯТИНИ ҚОНИҚАРСИЗ ДЕБ ТОПСА, ҚАНДАЙ ОҚИБАТЛАР КЕЛИБ ЧИҚАДИ?

Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришда ўзига хос ўрин тутадиган маҳаллий давлат ҳокимиятининг фаолияти қайси қонун нормалари билан тартибга солинади? Ҳокимларга берилган ваколатлар юклатилган мажбуриятларни ижро этиш учун етарлими? Маҳаллий давлат ҳокимиятини ислоҳ қилиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Маълумки, маҳаллий давлат ҳокимиятининг фаолияти, ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Конституциянинг XXI боб, 99-105-моддалари маҳаллий давлат ҳокимияти асосларига бағишланган. Унда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари бошқарадиган маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимиятининг вазифалари, ҳокимларнинг тайинланиши ва лавозимидан озод қилиниши тартиби, ҳуқуқ ва ваколатлари белгилаб берилган. Шунга асосан қонунийлик, ҳуқуқий тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш; ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш; маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро қилиш; маҳаллий коммунал хўжаликка раҳбарлик қилиш; атроф-муҳитни муҳофаза қилиш; фуқаролик ҳолати актларини қайд этишни таъминлаш кабилар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг асосий вазифаларидир. Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимларнинг ваколат муддати – беш йил.

Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари Президент томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда тегишли Кенгашга тасдиқлаш учун тақдим этилади. Туман, шаҳар ҳокимлари вилоят, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади. Депутатлар умумий сонининг кўпчилик овозини олган ҳоким лавозимга тасдиқланган ҳисобланади. Ҳокимлар ўз ҳудудида қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши кураш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш каби бир қатор вазифаларни амалга оширади.

Вилоят ҳокимлиги аппаратининг намунавий структураси ва штатлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан, шаҳар ва туман ҳокимларининг намунавий структураси ва штатлари юқори турувчи ҳоким томонидан белгилаб қўйилади.

Қонунда “Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари орасидан тайинланади ва тасдиқланади” дейилган бўлса-да, амалда ҳокимлар тайинланган ва тасдиқлангандан кейин депутат бўлиб сайланадилар. Шу сабабли келгусида қонуннинг бу нормасини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Кенгаш қарорлар қабул қилади, ҳоким қарорлар ва фармойишлар чиқаради. Бу ҳужжатлар ҳоким раҳбарлик қиладиган вилоят, туман, шаҳар ҳудудида жойлашган барча ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир. Юқори турувчи ҳокимият органларининг қарорлари ижроси қуйи ҳокимиятлар учун мажбурий ҳисобланади. Бу қарорлар устидан судга шикоят қилиш мумкин.

Халқ депутатлари Кенгаши ўз ваколати муддатида доимий ва муваққат комиссиялар тузади. Кенгашнинг асосий иш шакли сессия бўлиб, йилига камида икки марта чақирилади. Халқ депутатлари Кенгаши ҳоким тақдимига биноан ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини ва бюджетни тасдиқлайди, маҳаллий солиқларни белгилайди. Қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳоким қарорларини тасдиқлайди, депутатлар сўровларини кўриб чиқади ва улар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда ўз ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳал этади.

2017 йил 14 сентябрда қонунларга киритилган ўзгаришларга биноан Кенгашлар ҳоким, прокурор, ИИВ ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитади.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 251-моддасида ҳокимнинг, 252-моддасида ИИВ ҳудудий бўлинмалари раҳбарининг ҳисоботини эшитиш белгиланган. Вилоят ҳокимининг ҳисоботи Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай, туман ҳокимининг ҳисоботи вилоят йиғилиши ўтказилгандан кейин ўн кундан кечиктирмай тақдим этилади.

Бироқ туман ҳокими, прокурори, ИИБ бошлиғи ва бошқа мансабдор шахснинг фаолияти Кенгаш томонидан қониқарсиз деб топилса, қандай оқибатлар келиб чиқади? Бу саволга қонунларимизда ҳозирча жавоб йўқ.

Халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг қонунийлигини ким назорат қилади? Кенгаш қарорини бекор қилиш тартиби қандай?

Қонунда Кенгашнинг ноқонуний қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан бекор қилиниши белгиланган. Бироқ, айнан қайси палата, яъни Сенат ёки Қонунчилик палатаси томонидан ва қандай тартибда бекор қилинишига аниқлик киритилмаган.

Қонуннинг 24-моддасида Кенгаш ҳокимнинг ва қуйи Кенгашнинг  Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ келмайдиган қарорларини бекор қилиши назарда тутилган. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши шаҳар, туман Кенгашларининг қарорини бекор қилишга ҳақлидир. Вилоят ҳокимлари вилоят халқ депутатлари Кенгашига туман халқ депутатлари Кенгашларининг ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритади. Прокурорлар Кенгаш қарорига протест билдириш ваколатига эга эмас.

Ҳоким қабул қилган ноқонуний қарорларни бекор қилиш тартиби қандай? Ҳокимларнинг ноқонуний қарорлари Президент ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўхтатилади ва бекор қилинади. Шунингдек, юқори турувчи ҳокимлар қуйи турувчи ҳокимларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш ваколатига эга. Халқ депутатлари туман Кенгаши туман ҳокимининг қонунларга мос келмайдиган қарорларини бекор қилиши мумкин.

Бу каби ҳолатлар амалиётда кам учрашини эътироф этиш жоиз. Ҳокимлар прокурор протест билдирган қарорини қайта кўриб чиқишга мажбур. Протестлар юқори турувчи ҳоким, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент томонидан ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Ҳоким протестни қаноатлантирмаган тақдирда прокурор судга шикоят қилишга ҳақли.

Барча тоифадаги ҳокимлар эгалик қилиш, фойдаланиш учун ва ижарага ер беришга ҳамда ердан фойдаланувчиларнинг ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб қўйишга ҳақли. Ҳокимнинг бу хусусдаги қарорлари халқ депутатлари тегишли кенгаши томонидан тасдиқланиши кераклиги белгилаб қўйилган бўлса-да, амалиётда Кенгаш тасдиқламаган бу тоифадаги қарорлар кўплаб учрайди. Кенгаш томонидан тасдиқланган туман ҳокими қарорига прокурор протест киритишга ҳақлими? Қонунларимизда бу масаланинг ҳам ечими очиқ қолган.

Судларни тайинлаш ва лавозимидан озод этишга оид масалалар халқ депутатлари Кенгаши ҳамда ҳокимлар ваколатига киритилмаган. Бу борада Конституциянинг 11-моддаси, яъни “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими - ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади” дейилган талабга қатъий риоя қилиниши керак.

Айни пайтда мамлакатимизда вилоят, шаҳар, тумандаги мансабдор шахсларни тайинлаш ва лавозимидан озод қилишда маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг ваколатини кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, маҳаллий солиқларни белгилаш ва иқтисодиётни юритиш, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш, ҳудуд мулкини бошқариш, қонунийлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг роли оширилган.

Ҳокимликларда штатлар сони ва иш ҳақлари кўпайган. Ҳокимлар ҳудуднинг олий мансабдор шахси эканлиги реал равишда таъминланиб, ҳудуддаги барча корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ҳокимларга амалий ёрдам беришига эришилаётир. Ўз навбатида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда муаммоларини ҳал қилиш борасидаги мажбурият, талаб ҳам кучайтирилган. Зеро, ваколат қанча катта бўлса, жавобгарлик ҳам шунга яраша бўлади.

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларида қонунларга риоя этилишини таъминлаш масаласи муҳим аҳамиятга молик. Маҳаллий давлат ҳокимияти идораларида қабул қилинаётган ҳужжатлар қонунлар, давлат ва шахс манфаатларига зид келмаслигини таъминлаш керак. Шу мақсадда 2017 йил 19 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга асосан юридик хизматлар  фаолиятининг асосий йўналишларига қуйидагилар киради: биринчидан, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни ташкил этиш; иккинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назорат олиб бориш; учинчидан, давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш ҳамда қонунчиликка оид таклифларни тайёрлаш масалаларини мувофиқлаштириш; тўртинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти юзасидан тарғибот ишлари олиб бориш; бешинчидан, шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, давлат органлари ва ташкилотларининг мулкий ва бошқа манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш.

Юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш адлия органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Давлат органлари ва ташкилотларининг қарор, буйруқ ва бошқа юридик хусусиятга эга ҳужжатларининг лойиҳалари юридик хизматга тақдим этилиши шарт. Жисмоний ва юридик шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга таъсир этадиган қарорлар бўйича юридик хизматнинг хулосаси бўлиши керак. Юридик хизматларнинг мазкур давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийлик таъминланиши аҳволи тўғрисидаги ҳисоботи ҳар йили эшитиб борилиши зарур.

Давлат органлари ва юридик хизмат ходимлари махсус унвонлар – мартаба даражаларига эга бўлади. Мартаба даражалари республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилот раҳбарларининг тавсиялари ёхуд ўз ташаббуси билан адлия вазири томонидан берилади. Юридик хизмат ходимларининг малакасини ошириш ҳар уч йилда камида бир марта амалга оширилади. Шунингдек, Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органларида ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтадилар. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари юридик хизмат фаолиятини тўғри йўлга қўйсалар ташкилот учун ҳам, раҳбар учун ҳам фақат ижобий аҳамият касб этади.

2018 йил 13 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ 2018 йил 1 июлдан бошлаб адлия органлари тизимидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари туман (шаҳар)лар ҳокимиятлари тасарруфига ўтказилди. Шунингдек, туман ва шаҳарларда адлия бўлимлари ташкил этиладиган бўлди. Бу ўзгаришлар маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг самарали фаолият юритишига ижобий таъсир кўрсатади.

Президент томонидан ишонч билдирилиб, кенг ваколатлар берилиши маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига катта мажбуриятларни юклайди. Шу мажбуриятлар бажарилса, маҳаллий ҳокимият идоралари раҳбарларининг халқ олдидаги ҳурмат-эътибори муқаррар равишда юксалиб боради. Уларга бўлган ишонч давлатга бўлган ишончга замин яратади. Қолаверса, фуқароларимизнинг аксарият муаммолари маҳаллий давлат идоралари ва ўзини ўзи бошқариш органлари билан боғлиқлигини ҳам унутмаслик лозим.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бошлиғи