"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июнь, пайшанба.

“ПРОФЕССОР” ХОТИНИГА ЁРДАМ БЕРМАЙДИМИ?”

Жамият
Tipografiya

Ҳаёт сабоқлари

“ПРОФЕССОР” ХОТИНИГА ЁРДАМ БЕРМАЙДИМИ?”

Ёхуд бўлғуси рўзғорбошилар хусусида мулоҳазалар

“Профессор”нинг хотини ҳамма нарсани билиши керак – кир ювишниям, сигир соғишниям. Ҳатто таппи қилишниям билиши керак...”

“Нима, “профессор” хотинига ёрдам бермайдими?”

“Профессор”... фан билан машғул бўлади...”

Эсладингиз-а? “Суюнчи” фильмидан бу иборалар... Назира ҳақ – нега жаноб “профессор” хотинига ёрдам бермаслиги керак?..

Яқинда бир воқеа ҳақида эшитиб қолдим. Бир аёлнинг уйида дазмолнинг сими узилган экан. Турмуш ўртоғи бир ойдан бери тузатиб бермапти. Охири қўшнилардан дазмол сўрашдан чарчаган аёл нечанчидир маротаба тепасига дазмолни кўтариб борган экан, эр ноилож ўрнидан қўзғалиб, устага йўл олибди...

Нима бўпти, дерсиз? Сиртдан қараганда ҳеч гап йўқдай, дазмол бузилганидан кейин устага борилади-да, дерсиз. Аммо...

БУ ФАҚАТ ҚИЗ БОЛАГА ТААЛЛУҚЛИ ЭМАС...

Негадир “рўзғорга тайёрлаш” деган тушунчани фақат қиз болага тааллуқли деб тушунишга одатланганмиз. Қизларимизга ёшлигидан рўзғор тутишни, пазандалик, чеварлик, саранжом-саришталикни ўргатишга ҳаракат қиламиз. Шундоқ ҳам мактаб ёки коллеждаги дарслари, репититорлик машғулотлари, рўзғор юмушлари устига уларни тикувчилик, салат ё пишириқлар тайёрлаш, карвинг, гўзаллик салонлари, ҳамширалик курсларига йўллаймиз.

Келадиган совчилар ҳам аввало қизнинг ўқимишлилиги, кейин ҳунарига эътибор қаратади. Тўғри, қиз бола эртага бегона хонадонга келин бўлиб боради. Рўзғор тутиш, уйидагиларнинг оғзига хуш ёқадиган ширин таомлар, турли пишириқлар тайёрлаш ёки “бошоғриқ-тишоғриқ”да эмлашни эплаб, хонадонидагиларнинг дуосини олгани, ота-онасига ҳам раҳмат етказгани қандай яхши.

Аммо ўғил бола-чи? Нега уларни рўзғорга тайёрлаш ҳақида вақтида бош қотирмаймиз? Келин излаб, бировнинг хонадонига борганимизда “ўғлингизнинг қўлидан қандай иш келади?”, деган савол қаршисида қизариб қолмаймизми? “Бошини иккита қилиб қўйсак, бўлди, кейин аравасини ўзи тортиб кетади”, қабилида иш тутадиганлар ҳам кўп. Бироқ у “арава”ни тортишга қодирми?

Нега қизлар борадиган қисқа муддатли ўқув курсларига йигитларимиз бормаслиги керак? Билишимча, йигитлар аксарият ҳолларда фақат ҳайдовчилик курсларини тан олишади, холос.

Ваҳоланки, оддий сартарошлик, этикдўзликни санъат даражасида уддалаб, юзлаб доимий мижозлар орттирган, шунинг ортидан келадиган даромадидан рўзғорини ҳам бадастир қилиб қўйган кишиларни биламиз.

“ҲАЙРОВ”НИ БИЛМАГАН ҚИШЛОҚ БОЛАСИ

Яқинда бир ўсмирдан “ҳайров” нима?” деб сўрадим. Қишлоқда катта бўлган, ўн беш ёшга тўлган ўсмир елка қисиб турибди. Унинг ёнидаги ўртоғидан сўрасам, “Билмадим, “ҳашар” бўлса керак” дейди. Ҳайрон бўлдим. Наҳотки, болаларимиз шундай гўзал қадриятларимиздан бехабар бўлишса?!

Уларга бу ўзига хос меҳнат байрамининг мазмун-моҳиятини билганимча тушунтириб бердим. Дарҳақиқат, эрта кўкламда ариқларни тозалаш билан боғлиқ бу тадбир қишлоқда ўзига хос халқ сайлига айланиб кетади. Ҳайровда шу ариқдан сув ичадиган барча хонадонлар вакиллари ҳамжиҳатликда иштирок этади. Ҳеч ким ишдан бўйин товламайди. Аёллар ариқ бўйига турли хил кўклам таомларини пишириб чиқишади. Ўтиб-қайтаётган “ҳорманг”чиларга-да, бир пиёла чой узатилади. Ариқ ичида унинг лошларини тарашлаётган ҳайровчилар болаларга ҳам кетмон ёки белкурак учида ёнғоқми, ширинликми улашишади.

Сув йўлини очиш – ризқ йўлини очиш демакдир. Хас-хашаклар, лойлардан тозаланган ариқлардан далаларимизга, томорқаларимизга ризқ-барака оқиб боради. Қолаверса, халқимизда “Бир ариқдан сув ичган одамлармиз”, деган ибора ҳам бежиз пайдо бўлмаган. Бир ариқдан сув ичган одамлар бир-бирига меҳр-оқибатли бўлади, бир-бирини қўллайди, яхши-ёмон кунларида ёнида бўлади. Элдошлик, юртдошлик, ватанпарварлик тушунчалари шу қадриятларимиз орқали ҳам ёшларимиз онгу шуурига кириб боради.

Афсуски, қишлоқ ва маҳаллаларимизда айрим ёшларимиз, ҳатто катталар ҳам бу бетакрор удумларимизни унутиб қўйишаяпти. Айрим йигитлар ҳайровга чақириб юрган оқсоқолларнинг ўгитларига парво ҳам қилмай уйида телевизор кўриб ётишади ёки “вақтим йўқ” деб баҳона қилишади. Авжи саратонда эса қовжираб ётган томорқасига сув келтириш учун бел кўтариб, ариқ ёқалашдан уялишмайди...

ҲУНАР УЧУН ҲАМ ИЛМ КЕРАК

Бир ўсмир боланинг помидор учун жўяк олаётганини кузатиб ўтириб, унинг бу ишга умуман уқуви йўқлигини кўриб, ҳайрон бўлдим. Токларга, дарахтларга шакл бераман, деб қўлига токқайчи ушлаган яна бир йигит эса айни ҳосилдор навдаларни кесиб ташлаётган эди...

Бола оилада меҳнатга ўргатилмаса, ҳунарга йўналтирилмаса, мактаб ёки коллежда уни ўргатиб бўлмайди. Уйида ота қўлига токқайчи олиб, ўғлини ёнига олиб хомток қилмаса ёки болғаю арра тутиб, нимадир ясамаса, она манти ё сомса қилаётганида ёки кўрпача қавиётганида қизига ниманидир кўрсатмаса, бу ёшлар қандай қилиб ҳунарга ўргансин?

Ахир деҳқончилик, чорвачилик, устачилик, пазандалик сингари минг бир ҳунар учун ҳам катта илм керак. Илмнинг мағзи эса ёшликдан йиғилади.

УҚУВСИЗ РЎЗFОРБОШИЛАР ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛАЯПТИ?

Уйида жўмрак бузилса ҳам, лампочка алмаштирса ҳам, бир парча ерни юмшатишу деворнинг қирилган жойини суваб қўйишга ҳам уста ёки мардикор чақирадиган, битта михни ҳам эплаб қоқа олмайдиган оталар камми? Ёки ўзи қўлидан бир иш келмасдан “иш йўқ” деган баҳонада хорижга пул топиш учун кетадиган, у томонларда кўча супуриб, қайтганида бирон ишни дўндириб келгандай кариллаб юрадиганлар-чи? Хўш, бундай уқувсиз рўзғорбошилар қаердан пайдо бўлаяпти?!

“Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз”, дейди халқимиз. “Биргина тандир ёки товуқ катаги қуришни билмаган йигит эртага қандай қилиб иморат, рўзғор қуради?”, дерди оқсоқолларимиз.

Соч олишу пойабзал таъмирлаш, телевизор, музлаткич, чангюткич сингари маиший техникалар, телефон, трактору машиналарни тузатиш, уйларни таъмирлаш ёки томорқачилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, сувоқчилик, пайвандчилик, дурадгорлик сингари қўшимча ҳунарлар сир-синоатини пухта эгаллаган ўқитувчилар, шифокорлар, олимлар (ҳатто ҳақиқий профессорлар ҳам), тадбиркорлар ёки бошқа соҳа эгалари камми орамизда? Қанийди ёшларимиз улардан ибрат олишса.

Тўғри, замонавий илмларни ўрганиш, касбларни эгаллаш керак. Бироқ эркак киши энг аввало рўзғорбоши бўлишга тайёрланиши зарур. “Бу қўлимдан келмайди”, деб туриш йигит киши учун уят.

Тарихдан маълумки, довруғи дунёга кетган улуғ аллома боболаримизнинг кўпчилиги илмдан ташқари этикдўзлик, пўстиндўзлик, эгарчилик, хаттотлик, кулоллик, савдогарлик сингари ҳунарлар билан шуғулланиб, тирикчилик қилишган.

“АРРАНГИЗНИ БЕРИБ ТУРИНГ, ҚЎШНИ...”

Қайсидир фильмда бир одам қўшнисини ҳали “белкурагингизни бериб туринг”, ҳали “аррангизни бериб туринг”, деб хит қилиб юборади. Бундай ҳолатга кўпчиликнинг ўзи ҳам гувоҳ бўлган.

Одатда аёл киши рўзғорида ўзи ишлатадиган асбоб-анжомларнинг бадастир бўлишига интилади. Оддий элак, капгир ва товадан тортиб тикув машинаси ёки микротўлқинли печгача – ҳаммаси уйида бўлиши учун ҳаракат қилади.

Бироқ эркаклар-чи?

Уйида оддий “отвёрка” ёки омбур топилмайдиган рўзғорбошилар ҳам учрайди. Аммо рўзғорда ишлатиладиган оддий асбоб-ускуналардан тортиб пайвандлаш ускунаси, ёғоч қирқиш ва рандалаш, бетон деворларни тешиш, металларга ишлов бериш каби ишларга мўлжалланган мураккаб дастгоҳларни ҳам уйида муҳайё этиб қўйиб, заруратда улардан маҳорат билан фойдалана оладиган кишиларга беихтиёр ҳавас қиласиз. Бежиз айтишмаган: “Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак...”.

БОЙ ҲАМ БОЛАСИНИ “ЎЙНАТИБ” ҚЎЙМАЙДИ

Агар хориж тажрибасига назар соладиган бўлсак, дунёнинг манаман деган миллиардерлари ҳам ўз ўғилларининг қўлларига дасталаб пул бериб “ўйнатиб” қўйишмайди. Ёшлигидан этик мойлаб, газета сотиб бўлса ҳам ўзини мустақил пул топишга ўргатишади. Чунки ўша миллиардерларнинг ўзлари дастлабки центларини ҳам ўзлари мустақил ҳолда ишлаб топишган.

Шу ўринда кўпчиликка маълум бир ривоят мазмунини эслатсам. Ота кап-катта йигит бўлиб қолган ўғлини пул топиб келиш учун кўчага чиқариб юборади. Кечқурун ота ўғли топиб келган пулни ёниб турган оловга ташлайди. Пулни меҳрибон онасидан олган ўғил бунга парво ҳам қилмайди. Эртаси куни ҳам шундай ҳолат такрорланади. Учинчи куни ўғил отаси оловга ташлаган пулни қўллари куйишига қарамасдан ўчоқдан чиқариб олади. Чунки бу пулни у куни бўйи бозорда ҳаммоллик қилиб топган эди.

Ҳа, меҳнатнинг нони ширин. Ҳунарли киши эса асло хор бўлмайди.

ОДДИЙГИНА ҲАҚИҚАТ БУ...

Хулоса ўрнида яна ўша гап. Бугун ёшларимиз бандлигини таъминлаш ҳақида кўп гапираяпмиз. “Иш йўқ”, деб нолиб юрган, мўмай пул илинжида хорижга отланаётган йигитларимизни ҳам кўчада кўп учратамиз. Афсуски, аксарият шундай йигитларнинг қўлида тайинли ҳунари йўқ.

Негадир оддийгина бир ҳақиқатни кўпчилигимиз унутиб қўямиз. Аслида қўлидан иш келадиган одам ҳамма жойда ҳам зарур. Ношудлар эса ҳеч кимга керак эмас.

“Суюнчи”даги Абдулла “профессор”га учрашув охирида Назира қандай таъриф бергани эсингиздами?..

Ўғилларимизга ёшлигидан меҳнат тарбиясини бера олдикми? Уларни рўзғорбошиликка тайёрлаш учун нима қилдик?

Бу саволларга тайинли жавоб айта олсаккина, болаларимиз касби ва ҳунари ортидан бизга раҳмат олиб келишади. Ўз хонадони, рўзғори, маҳалласи... Ватани юкига елка тутишга тайёр бўлишади. Нима дедингиз?!

Нуриддин ЭГАМОВ