"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

18 июнь, сешанба.

БИР ҚОҚИЛИБ, ХУЛОСА ЧИҚАРМАБДИ

Жамият
Tipografiya

Қилмиш-қидирмиш

БИР ҚОҚИЛИБ, ХУЛОСА ЧИҚАРМАБДИ

Ҳеч кимга сир эмас, икки-уч йил олдин электр, газ ва сув таъминотидаги узилишлар аҳолини, истеъмолчиларни анча зада қилган, қолаверса, улардан фойдаланганлик учун тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги таъминотчи учун ҳам маълум муаммоларни юзага келтирарди.

Қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 майдаги "Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борада катта ўзгаришларга олиб келди. Ўтган бир йил ичида энергия етказиб беришда узлуксизлик таъминланиб, аҳоли эътирозлари кескин даражада камайишига эришилди. Бу ўз навбатида ишлаб чиқариш корхоналарининг бир маромда ишлаши, пировардида фаровонлик янада юксалишига хизмат қила бошлади.

Бунга жавобан, энди ҳар бир киши энергия ресурслари, жумладан, электр, газ ва сувдан оқилона, қонунда кўрсатилган тартибда, тежамкорлик билан фойдаланмоғи керак бўлади. Афсуски, бу борада белгиланган тартибни онгли равишда бузишга уринадиган кимсалар ҳамон учраб туради.

Мисол учун, Китоб тумани Қорабулоқ қишлоғида яшовчи Ҳамидулло Зайниддинов (исм-фамилияси ўзгартирилган) 2017 йил август ойида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланиб олиши натижасида давлатга 488 минг 805 сўм миқдорида моддий зарар етказган, шунга асосан, унга маъмурий жарима қўлланилган эди. Ҳарҳолда бу фуқарога қимматга тушмади, деб бўлмайди. Давлатга етказилган 488 минг 805 сўм моддий зарар билан бирга 748 минг 875 сўм жаримани қўшиб, жами 1 миллион 237 минг 680 сўмни тўлаб беришга мажбур бўлганди.

Бироқ, у бундан тўғри хулоса чиқармаган экан. Мажбурий ижро бюроси Китоб туман бўлими тезкор ходимлари ва давлат инспекторлари томонидан жойларда ўтказилган навбатдаги назорат текшириш давомида умумий фойдаланишдаги электр энергиясидан электр ҳисоблагичдан ташқари тўғридан-тўғри фойдаланиб, 4032 кВт/соат электр энергиясини ноқонуний равишда истеъмол қилиб, давлатга 823 минг 738 сўм миқдорида моддий зарар етказган.

Биламизки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 1852-моддаси  1-қисмида умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газ, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг  кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари кўринишида жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатилган. Шунга кўра, Ҳ.Зайниддинов қонун олдида бу гал жиддийроқ жавоб беришига тўғри келди.

Хўш, қонунга зид хатти-ҳаракати фуқарога нима берди? Кўзни шамғалат қилиб электрдан фойдалангани эвазига қандай обрў топди? Жавобгар сифатида боши эгилди, холос. Аслида у энергия ресурслари ҳаводан олинмаслиги, қонун эса барчага баробар эканини жиддий ўйлаб кўриши керак эди.

Қодир КАРИМОВ,

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси катта инспектори