"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июнь, пайшанба.

1 ИЮНДАН АМАЛДА...

Жамият
Tipografiya

1 ИЮНДАН АМАЛДА...

ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТАРТИБИ ТУБДАН СОДДАЛАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг айрим бандлари ижроси 2018 йил 1 июндан кучга кирди. Фармонда лицензиялар ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни олиш механизмини тубдан соддалаштириш кўзда тутилган.

Жумладан, 1 июндан бошлаб 42 та лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинди, 38 та лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомили 17 тага бирлаштирилди, 25 турдаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилининг муддати уларни ички расмийлаштириш вақтини камайтириш ҳисобига қисқартирилди.

Шунингдек, 9 турдаги лицензия бўйича лицензияловчи органнинг функциялари Вазирлар Маҳкамасидан тегишли давлат органларига, 5 турдаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомили эса республика давлат   бошқарув органларидан уларнинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилди.

Фармондаги муҳим жиҳатлардан яна бири шундаки, эндиликда тиббиёт ва фармацевтика фаолияти, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг  муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият, кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари ва телерадиоэшиттиришларни тарқатиш тармоқларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш, шунингдек, нефть, газ ва газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ва сотишни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензиялардан ташқари, фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган барча лицензиялар амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.

НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРНИНГ ЯГОНА ЭЛЕКТРОН РЕЕСТРИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида комплекс маълумотларни (ногиронлиги бўлган шахсларга оид шахсий маълумотлар, пул тўловларининг турлари ва миқдори, ажратилган техник  реабилитация воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва бошқалар) ўз ичига олган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ягона электрон реестри жорий этилмоқда.

Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.

Қайд этиб ўтиш жоизки, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ягона электрон реестри мазкур соҳадаги ишларнинг ҳолати ҳақидаги маълумотларни тезкор олиш, давлат органлари ўртасида маълумотлар алмашинувини амалга ошириш, бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланиши ва суиистеъмолчилик ҳолатларига йўл қўймаслик, бу борада шаффофликни таъминлаш имконини беради. 

НОДАВЛАТ ТАШКИЛОТЛАР ҲАМ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШДА ВОСИТАЧИЛИК ҚИЛАДИ

Эндиликда нодавлат ташкилотлар ҳам фуқароларга иш топиш борасида тегишли хизматларни кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида баён этилган.

Фармонга кўра, 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб нодавлат ташкилотларга фуқароларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишга жойлаштириш соҳасида пуллик, улар томонидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш  фаолияти амалга ошириладиган ҳолларда эса Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилади.

МАДАНИЯТ ВА АРХИВ ХОДИМЛАРИ

МАОШИ 45 ФОИЗГА ОШАДИ

Жорий ойдан бошлаб давлат маданият муассасалари артистлари, маъмурий-бошқарув, бадиий-раҳбар, ижодий ва бошқа ходимларининг, шунингдек, давлат архивлари бошқарув ходимлари ва мутахассисларининг меҳнат ҳақи миқдори ўртача 45 фоизга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил  14 майдаги тегишли қарорида белгиланган.

Шунингдек, 1 июндан давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимларининг малака тоифалари ва лавозимлари бўйича базавий лавозим маошларини белгилашни назарда тутувчи меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ҳамда лавозим маошлари ўртасидаги тафовутни кўпайтириш ҳисобига касбий ўсишни рағбатлантириш амалиёти йўлга қўйилади.

ИНТЕРНЕТ ОРҚАЛИ ЭКСПОРТНИ

АМАЛГА ОШИРИШ МУМКИН

2018 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик субъектлари товарлар, ишлар (хизматлар)   экспорт қилинганлиги учун экспорт шартномаси тузмасдан ва банк комиссияси ундирилмасдан, интернет тармоғидаги электрон савдо майдончалари орқали, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича айрим товарлардан ташқари, товарлар, ишлар (хизматлар) экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил          19 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан кафолатланган.

Шунингдек, фармонда тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижоратдан фойдаланиш орқали сотиладиган товарлар айланмаси уларнинг ҳажмидан қатъи назар, чакана савдо ҳисобланиши белгиланган.

ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАСИ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ МАРКАЗИДА БЕРИЛАДИ

2018 йил 1 июндан Давлат хизматлари кўрсатиш марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари яна 31 тага кўпаяди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Қарорга мувофиқ, фуқароларга ва тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида, 2018 йил 1 июндан бошлаб республикамиз бўйлаб жойлашган 14 туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари орқали тажриба тариқасида жисмоний ва юридик шахсларга 31 турдаги янги давлат хизматларини кўрсатиш жорий этилади. Вилоятимизда бу борадаги эксперимент учун Шаҳрисабз тумани танланган. 

Бунга нотариат органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш, судланганлик ҳақида маълумотнома бериш, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатнома, меҳнат органларида фуқароларни ишсиз сифатида рўйхатга олиш, ишсизлик нафақасини тайинлаш, жисмоний шахсларга СТИР бериш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларининг янги намуналарини бериш ва бошқа шу каби давлат хизматлари киради.

 

ЖАҲОНГИР тайёрлади.