"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 август, шанба.

ЭНДИ ЧЕКЛОВ ЙЎҚ, ГЎЗАЛ МАНЗИЛЛАР САЙЁҲЛАРНИ ЧОРЛАЙДИ

Жамият
Tipografiya

Туризм

ЭНДИ ЧЕКЛОВ ЙЎҚ,  ГЎЗАЛ МАНЗИЛЛАР САЙЁҲЛАРНИ ЧОРЛАЙДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида туризмни ривожлантиришнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарорига асосан сайёҳлар бориши тақиқланган объект ва ҳудудлар сирасига айрим диққатга сазовор жойлар ҳам киритилганди. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 29 майдаги "Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарори билан қатор манзиллар рўйхатдан чиқарилди.

Шунга кўра, вилоятимиз ҳудудида жойлашган ва илгари бориш чекланган Қаласой дарасидаги Амир Темур ғори, динозавр излари ва шаршара, Сувтушар шаршараси, Тошқўрғон, Жовуз, Ғилон ва Кул қишлоқлари, "Хўжа Каршавар" платоси, Жанқа кўли, Северцев музлиги, "Ҳазрат Султон" муқаддас қадамжоси энди барча учун очиқ. Бу эса юртимизга чет эллик сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ички туристлар сонини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Қайд этиш жоизки, хушманзара ва фусункор табиатли, шунингдек, ғаройиботларга бой бу масканлар ўта жозибадорлиги билан ажралиб туради. Мисол учун, Ҳисор тоғларида жойлашган Амир Темур ғори жуда машҳур.  Унга йўлбошчисиз кириш осон эмас. Ичкарига 200 метрдан ортиқ тубликда жойлашган тошли зинапоялардан тушилади. Каньоннинг узунлиги тахминан 6 километрни ташкил этади.  Ҳалқ тилида Соҳибқирон Амир Темур ва унинг сафдошлари уруш сафарига тайёргарлик кўриш чоғида шу ерни бошпана тутишган деган, тахмин юради.

Қаласой дарасидан топилган динозавр  излари ҳам мамлакатимиздаги камёб табиий манба сифатида қадрланади. Катта қоятош ҳамда арчазорлар орасида жойлашган Сувтушар эса мамлакатимиздаги энг узун ва      серсув шаршара ҳисобланади. Унинг баландлиги 84 метр бўлиб, кўклам ойларида ундан  сониясига 5-6 куб метр сув отилиб тушади. Ўзига хос, хушманзара, соф табиатли Жовуз, Ғилон ва Кул қишлоқлари ҳақида ҳам ҳайратларга бой кўп  фикрлар айтиш мумкин.

 

МИРЖАҲОН