"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 август, шанба.

КОРЕЙС ВА ТУРК КОМПАНИЯЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК КЕНГАЯДИ

Жамият
Tipografiya

Қашқадарё ва дунё

КОРЕЙС ВА ТУРК КОМПАНИЯЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК КЕНГАЯДИ

Аввал хабар берганимиздек, бироз илгари вилоятимиз ҳокими бошчилигидаги маҳаллий ишбилармонлардан иборат делегация Корея ва Туркия мамлакатларида бўлиб қайтди. Ушбу сафарлар давомида имзоланган келишувлар ҳудуд равнақи учун юксак ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлгани ҳақида маълум қилгандик. Мустаҳкам ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган мазкур ташрифлар асносида вилоятимиз иқтисодиёти тармоқларига ушбу икки хориж мамлакати сармоядорлари инвестицияларини фаол жалб этиш, биргаликда йирик истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилганди.  Қуйида ўтказилган музокаралар натижалари ҳақида атрофлича тўхталишни лозим деб топдик.

Делегациямизнинг Корея республикасига қилган сафари шуни кўрсатдики, бу юрт ишбилармон доираларида мамлакатимизда инвестициявий фаолият юритиш, бизнес бошлашга иштиёқ ва қизиқиш юқори. Бўлиб ўтган учрашувларда ҳам Кореянинг 40 дан ортиқ компанияси вакиллари қатнашгани буни яна бир бор исботлаб турибди. Ушбу мулоқотларда томонлар ўртасида савдо-иқтисодий, инвестиция ва туризм йўналишларида манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга асосий эътибор қаратилди. Қизғин ва дўстона ўтган музокаралар самарасида кўплаб келишувларга эришилди.

Мисол учун, Қарши шаҳридаги “Обод маҳалла” дастурига киритилган Шайх Али қўрғончаси қиёфаси келгусида буткул ўзгаришига шубҳа йўқ. Чунки Кореянинг Инчхон шаҳридаги Согу тумани маъмурияти воҳамиздаги мазкур аҳоли масканини обод этиш борасида ҳамкорлик таклиф этди. Замонавий шаҳарсозлик ва ландшафт дизайни меъёрларидан фойдаланиб, ҳудудда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишларида, жумладан, истироҳат боғлари барпо қилиш,  жойларни ободонлаштиришда бевосита корейс мутахассислари иштироки таъминланади, бунда илғор тажрибаларга мурожаат қилинади. Шунингдек, қўрғончада қўшма корхоналар ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

 “Korea Environment Corporation” компанияси кўмаги билан эса атроф-муҳит мусаффолигини янада яхшилаш мақсадида Қарши шаҳрида чиқиндиларни замонавий қайта ишлаш мажмуаси яратилади, маҳаллий мутахассисларнинг Кореяда тажриба алмашиб келиши йўлга қўйилади.

Сафар мобайнида вилоятимизда импорт ўрнини босадиган, ички  ва ташқи бозорларда талаб ўсиб бораётган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, янги қувватларни ишга тушириш бўйича ҳам қатор музокаралар ўтказилган. Хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида мезбонлар билан умумий қиймати 49,5 миллион долларлик 7 та инвестиция лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳужжатлар имзоланган. Қиймати 38,7 миллион АҚШ долларига тенг 5 та лойиҳа асосида эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган янги корхоналар бунёд этилади.

Уй-рўзғор буюмлари ва гигиеник воситалар тайёрлашни йўлга қўйиш борасида ҳам умумий қиймати 21 миллион доллар бўлган 3 та йирик лойиҳани рўёбга чиқаришга келишиб олинган. Тиш чўткалари (“B.O.K CO., LTD” компанияси иштирокида, 5 миллион доллар), кир ювиш воситалари (“Wellgreen” компанияси иштирокида, 15 миллион доллар) ва кузатув камералари (“Watchcam” компанияси иштирокида, 1 миллион доллар) ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари шулар сирасига киради.

Айтиш жоизки, ушбу ҳамкорлик алоқалари аҳолига замонавий тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасини ҳам қамраб олган.  Воҳамизда бу йўналишдаги хизмат сифатини янада ошириш мақсадида Жанубий Корея билан ҳамкорлик қилинади. Бу Сеул шаҳрида жойлашган Ханянг университети қошидаги шифохона раҳбарияти билан имзоланган шартномада ҳам алоҳида қайд этилган.

Томонлар туризм соҳасида ҳам тажриба алмашиш масаласига катта эътибор қаратишди. Корея расмийлари ўз мамлакати аҳолиси орасида вилоятимизнинг туристик салоҳиятини кўз-кўз қилишга кўмаклашади. Шу мақсадда Пучон шаҳрида жойлашган нуфузли “AiinsWorld” тематик боғида “Оқсарой”  мажмуасининг макетини жойлаштириш учун майдон ажратилиши билдирилди. Шунингдек, “Seecord” компанияси ўз инвестицияси  ҳисобига Шаҳрисабз туманида экотуризм йўналишини ривожлантиришга махсус автотиркамалар етказиб бериш билан катта ҳисса қўшади. Бундан ташқари, Кореянинг “Sunkwang Industrial” компанияси билан Қарши шаҳрида илғор технологияларга асосланган, энерготежамкор, замонавий светофорлар ва огоҳлантирувчи тунги ёриткичларни ўрнатиш лойиҳасини амалга оширишга  келишилди.

Қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, Қарши халқаро аэропорти мавқеини янада кўтариш белгиланган. Хусусан, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида аэропортда “очиқ осмон” режимини жорий қилиш ва уни халқаро бошқарувга бериш чораси кўрилади. Корея аэропортлар корпорацияси (Кореяда 14 та аэропортни бошқаради) бу    борада манфаатли ҳамкорлик таклиф этган илк халқаро компания бўлди.

Сафарнинг кейинги қисмида делегациямиз Туркияга ташриф буюриб, ушбу мамлакатдаги 20 дан ортиқ компаниялар вакиллари билан учрашди. Амалий музокаралар самарасида турк ишбилармонлари воҳамиз иқтисодиётининг турли соҳаларига сармоя йўналтириш истагини билдирди. Ушбу ташаббуслар томонлар имзолаган келишувлар билан янада мустаҳкамланди. Унга кўра, Туркия инвесторлари томонидан вилоятимизда 10 та йирик лойиҳани ишга тушириш учун жами 18,3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб қилинади.

Аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, лойиҳаларда кўзда тутилган йўналишларнинг ранг-баранглигини кўриш мумкин. Туркиянинг “Сhanli” компанияси 10 миллион доллар сарфлаб, воҳамизда ҳудуд деҳқонлари етиштирган мевани саралаш ва қадоқлашга мўлжалланган замонавий мажмуани барпо этади. Кир ювиш ва хушбўй тозалаш воситалари ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланган “ABC Deterjan” компанияси эса вилоятимизга 2 миллион доллар инвестиция олиб киради. Бундан ташқари, Туркиянинг “Sunform” компанияси 1 миллион долларлик лойиҳа асосида иситиш радиаторлари, “Tam Ambalaj” фирмаси қадоқлаш материаллари (1 миллион доллар) ва “Sky chemical” қадоқлаш бўёқлари (500 минг доллар), “Chevtash” компанияси фитинглар (300 минг доллар) ишлаб чиқаришни ташкил этади.

“Kutlu ata makina” ва “Alapala” компаниялари эса экологик юк ташувчи машиналар (500 минг доллар) ҳамда ун ва қандолат маҳсулотлари  (3 миллион доллар) ишлаб чиқариш лойиҳаларини илгари сурган. Бундан ташқари, “Баданли Фиданчилик” компанияси томонидан Китоб туманида игна баргли, манзарали дарахт кўчатларини кенг миқёсда ўстиришга қизиқиш билдирилган.

Вилоят ҳокими бошчилигидаги делегациямиз аъзолари  Туркиянинг Денизли ва Измир шаҳарларига ташриф буюриб, мазкур ҳудуддаги замонавий иссиқхоналар билан танишди. Ушбу иншоотлар 1500 метр чуқурликдан чиқаётган 80-90 даража иссиқ маъданли (гейзер) сув билан иситилади.  Мисол учун, 1 гектар майдонда помидор парваришлаб, ўртача 250-300 тонна ҳосил олиш мумкин. Табиий манбадан фойдаланилиши эвазига иситиш учун кетадиган харажат икки баробар камаяди. Мазкур технологияни воҳамизнинг Косон туманида ҳам қўллаш бўйича турк ишбилармонлари билан келишувга эришилди.

Хулоса ўрнида айтганда, ўз миқёсида биринчи марта амалга оширилган ҳар икки ташриф ҳам анча самарали бўлди. Сафар якунларига кўра келгусида ҳамкорликда амалга ошириш мўлжалланган йирик лойиҳалар бунга далолат қилади. Уларни муваффақиятли рўёбга чиқариш асносида вилоятимиз халқ хўжалиги соҳаларига киритиладиган хорижий инвестиция ҳажми салмоқли равишда ортади, ишлаб чиқаришга энг замонавий технологияларни жорий этиш имкони пайдо бўлади. Шунингдек, ички ва ташқи бозор талабига мос маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами кенгаяди, асосийси, қанчадан-қанча одамни иш билан таъминлашга шароит яратилади.

 

М.ШУҲРАТОВ