"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 август, сешанба.

МУРТАЗА БОБОНИНГ ҲАЁТ ҲИКМАТИ

Жамият
Tipografiya

Орамиздаги одамлар

МУРТАЗА БОБОНИНГ ҲАЁТ  ҲИКМАТИ

Ҳаёт меҳнаткаш, сабр-қаноатли, тўғри сўзли, ҳар бир ишга виждонан, масъулият билан ёндашадиган инсон­лар­ни сийлайди. Унинг чиғириғи­дан, баланд-пастидан ўтиш учун ўқиб-ўрганишинг, муносиб касб эгаллашинг ва ёнингда­ги умр йўлдошингу дўст-биро­дар­ларинггача адаш­май танлай билишинг, фарзандларингга яхши тарбия бера олишинг керак. Ана шунда ҳаёт сенга ён беради, бахту иқболга дўст тутинасан.

Ғузор туманида истиқомат қилаётган 100 ёшли отахон – Муртаза Мирзаевнинг ҳаёт тамойиллари ана шундай. У умри бўйи ана шу тамойилларга амал қилиб яшагани ва кам бўлмаганини таъкидлайди.

Муртаза Мирзаев 1918 йилда ҳудуддаги Қайирма қишлоғида туғилган. У шу ердаги бошланғич мактабда савод чиқариб, сўнг туман марказидаги ШКМ (колхоз ёшлари мактаби) деб аталган даргоҳга ўқишга киради.

- Бу даргоҳни аъло баҳолар билан тамомладим, - дейди у. – Ўша даврда ШКМда яхши ўқиганларни қишлоққа ўқитувчи қилиб юборишар эди. Мени Қўшқудуқ қишлоғидаги мактабга жўнатишди. Шу ерда дарс бера бошладим. Ҳар куни ўтаётган мавзуимга оид янги маълумотлар топишга, уни болаларга ўргатишга ҳаракат қилардим.

Ёшлиги уруш даврига тўғри келган Муртаза Мирзаев меҳнатдан, изланишдан тўхтамади.

- Ўша пайтларда ўқимишли, саводли кишилар кўп эмас эди, - дея эслайди меҳнат фахрийси. – Шу боис кўпчилик менга ҳавас қиларди, бироқ ўзим билимимдан сира қониқмасдим. Яна кўпроқ ўқиб-ўрганишни, янги марраларни забт этишни истардим. Шу боис уруш тугаши билан, яъни 1947 йилда Тошкентдаги икки йиллик партия мактабига ўқишга кирдим.

Муртаза Мирзаев партия мактабини битириб, тумандаги турли корхона ва ташкилотларда ишлай бошлайди. Узоқ йиллар давомида ёшлар етакчилигидан тортиб, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилади. Бир неча йил давомида тумандаги хўжаликлардан бирида раҳбар бўлиб фаолият юритди. Нафақага чиқиб, фарзандлари, невара-чеваралари ардоғида маза қилиб кексалик гаштини суриши мумкин бўлган бир пайтда, у фермер бўлди. Далама-дала юриб иш бошқарди, ер чопди, кечалари лой кечиб, сув ҳайдади.

Асосийси, Муртаза Мирзаев қаерда ишламасин ўзининг меҳнаткашлиги, ҳалоллиги, ташаббускорлиги билан тилга тушди. Кўплаб фахрий ёрлиқлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвонига эга бўлди. У ўзи эришган ютуқларининг барини ҳаракатдан, билим олишдан, ўқиб-ўрганишдан тўхтамаганида, деб билади. Дарҳақиқат, 1957 йилда Тошкент олий партия мактабини ўқиб тамомлаганда у деярли 40 ёшда эди. Бу ҳам майли, 1970 йилда 52 ёшида Тошкент қишлоқ хўжалиги институти (Ҳозирги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти)ни сиртдан битирди.

Бу кимларгадир эриш туюлиши мумкин, аммо Муртаза Мирзаев билим олишнинг ҳеч қачон кечи йўқ, деб ҳисоблайди. Айни вақтда юз ёшда. Шунга қарамай қўлидан китоб ё газета тушмайди. Невара, чевараларининг ўқишини доим ўзи назорат қилади, уй вазифаларини бажаришида кўмаклашади. Уларни кўпроқ изланишга, ўқиб-ўрганишга ундайди. Ҳатто, бири 76, иккинчиси 73 ёшни қарши олган икки ўғил ҳам тез-тез оталаридан дакки эшитиб турар экан.

Отахон узоқ умр сирини ҳам доим жисмоний фаол бўлишда, иродани тоблашда деб билади. У ҳали-ҳамон ҳовлидаги томорқа, дарахтларга ўзи қарайди. Бу йил - юз ёшида ҳам рўза тутиб, бу амални бадастир адо этди.

Ҳалол ва фидойи меҳнати билан бахт топган пиру бадавлат отахон - Муртаза Мирзаев бугун яқинлари, невара, чевара ва эваралари қуршовида. Юртда кечаётган ислоҳотлардан мамнун.

Отахон яқинда юксак мукофот - биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу унинг узоқ йиллар давомида қилган ҳалол ва самарали меҳнати, ёшларимизни  миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига қўшаётган ҳиссаси учун берилган яна бир рағбат бўлди.

ЖАҲОНГИР