"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 сентябрь, душанба.

МАСАЛАДАН БЕХАБАР МАСЪУЛДАН ИЖРО ҲАҚИДА СЎРАШНИНГ ЎЗИ ҒАЛАТИ

Жамият
Tipografiya

МАСАЛАДАН БЕХАБАР МАСЪУЛДАН

ИЖРО ҲАҚИДА СЎРАШНИНГ ЎЗИ ҒАЛАТИ

Бирор қонун ҳужжати қабул қилиндими, унинг ижроси тўла таъминланиши, мазмун-моҳиятидан кенг аҳоли қатлами тезкор хабардор қилиниши ҳуқуқий-демократик давлат қуришнинг асосий шартидир. Шунда одамларнинг ҳуқуқий маданияти, саводхонлиги янада юксалади, юзага келиши мумкин бўлган ҳар хил тушунмовчиликлар барҳам топади. Аммо баъзи ҳолатларда ушбу ҳужжатлар ижроси кечикишига йўл қўйилаяпти. Сабаб эса уларнинг ижрочилар ихтиёрига дарҳол етиб бормаслигидир. Бугунги кунда мазкур камчиликларни бартараф этишга асосий эътибор қаратиш лозим бўлади. Хўш, бу борада қандай ишларни амалга ошириш талаб этилади?

Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги "Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат талаблари асосида адлия идоралари томонидан қонун ҳужжатларини давлат бошқаруви органларига электрон шаклда етказиб бериш чоралари белгиланган. Мақсад равшан - тезкорликни, жойларда юқори ижро самарадорлигини таъминлаш. Бироқ айрим давлат органлари, айниқса, уларнинг туман (шаҳар) бўлинмалари ва ҳисобдор ташкилотлар (умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, тиббиёт муассасалари ва бошқалар) ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тузилмаларининг аксари Интернет тармоғига ҳанузгача уланмаган. Оқибатда эса ижрочилар ўзига дахлдор қонунчиликдаги янгиликлардан бир муддат бехабар қолаяпти. Бу эса уларнинг ўз  фаолиятида сўнгги қонун ҳужжатларини белгиланган тартибда қўллай олмаслигига, ҳамон кучини йўқотган ҳужжатлардан фойдаланиб келиши ҳолатига йўл қўйилишига олиб келмоқда.

Модомики, давлат органларининг вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари ўзларининг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларидаги бу борадаги камчиликларни бартараф қилиш, ўзларига келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнлари қуйи турувчи ташкилотларга ўз вақтида етказилишини таъминлаш чораларини кўришмас экан, кутилган натижа тўла-тўкис бўлмайди. Бунинг учун аввало барча корхона, муассаса ва ташкилотлар Интернет тармоғига уланиши, қонун ҳужжатлари "E-xat" электрон ҳужжат айланиш тизими ёки электрон   почта орқали ўз вақтида тўлиқ қабул қилинишини таъминлаш керак.

Вилоят ҳокимлиги томонидан бу борадаги муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, туман (шаҳар)лар ҳокимлари ва ҳудудий давлат органлари раҳбарларига камчиликларни бартараф қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИДАГИ ЎЗГАРИШЛАРДАН ХАБАРДОРМИСИЗ?

Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 26 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан 29 мартда маъқулланган, Президент томонидан 18 апрелда имзоланган ва сўнгра матбуотда эълон қилинган. Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг "Мудофаа тўғрисида"ги, "Гаров тўғрисида"ги, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги, "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги, "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги, "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги қонунлари, шунингдек, Жиноят кодекси, Оила кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонунига киритилган ўзгартиришга биноан фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларидир. Чорвачилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги камида 30 шартли бош чорва моли бўлган тақдирда ташкил этилади. Бу вақтда фермер хўжалигига бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами вилоятимизда бир шартли молга суғориладиган ерда камида 0,45 гектарни (наслдор чорвачилик фермер хўжаликлари учун 0,6 гектарни), суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда эса камида 2 гектарни ташкил қилиши керак.

Фермер хўжаликларига пахтачилик ва ғаллачилик учун камида 30 гектар, ғаллачилик ва сабзавотчилик учун камида 10 гектар, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ва бошқа экинларни етиштириш учун камида 1 гектар ҳамда кўпи билан 5 гектар ер бериладиган бўлди. Улар очиқ танлов асосида ижарага 50 йилгача, лекин 30 йилдан кам бўлмаган муддатга берилади. Ер участкасини олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган ҳудудда яшовчи шахслар устун ҳуқуқдан фойдаланади.

Ер ўтказилган танлов якунига кўра ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасига биноан халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори асосида қабул қилинган туман ҳокимининг қарори бўйича берилади. Шартнома фермер хўжалигининг бошлиғи ва туман ҳокими томонидан имзоланади. Қонунга фермер хўжалигига замонавий технологияларни қўллаш, меҳнат муҳофазасига оид нормалар ҳам киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш дафтарлари фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларининг идоравий архивларида 75 йил сақланади, сўнгра давлат архивларига топширилади, дейилган ўзгартириш киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонуни 10-моддаси: "Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун фармонлар ва қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади" тарзида баён этилди. 26-моддадаги "фармони, қарори ва фармойиши" деган сўзлар "фармони ва қарори" деган сўзлар билан алмаштирилди.

Ўзбекистон Республикасининг "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги Қонуни 14-моддасининг тўртинчи қисми: Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари уларда тегишли сиёсий партиядан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ёки халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига сайланган камида уч нафар депутат бирлашган тақдирда тузилади" тарзида баён этилди. Қонуннинг 141-моддасига биноан партия гуруҳларининг тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ва Вазирлар Кенгашининг раисларига, вазирларига ҳамда бошқа давлат органлари раҳбарларига, ҳокимларга, ҳоким ўринбосарларига, ҳокимликлар бошқармалари, бўлимлари ва бошқа бўлинмаларининг раҳбарларига, шунингдек тегишли халқ депутатлари Кенгаши ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларига сўров билан мурожаат қилиш, ҳудудларни ривожлантириш  дастурларининг лойиҳаларини такомиллаштириш ва бошқа масалалар юзасидан таклифлар киритиш, давлат ҳокимиятининг тегишли вакиллик органи сессияси кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда партия гуруҳи вакилига сўз берилишини кафолатлаш, туман (шаҳар) ҳокимининг, шунингдек, тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг қониқарсиз фаолияти юзасидан вилоят ҳокимига хулоса тақдим этиш каби ҳуқуқларга эга бўлди. Бундан ташқари, ушбу ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг вакилига оид янги 142-модда билан тўлдирилди. Унга асосан сиёсий партия томонидан Қонунчилик палатасининг депутати билан келишилган ҳолда партиянинг тегишли сайлов округидаги ҳудудий бўлими ходимлари орасидан жамоатчилик асосида ишловчи вакил ажратиб берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни 1-моддаси "Ушбу қонуннинг мақсади журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат" тарзида баён этилди. 4-моддада эса оммавий ахборот воситаларининг цензура қилинишига йўл қўйилмаслиги  қонунан мустаҳкамланди. Журналистларнинг ваколат ва мажбуриятларига ҳам бир қатор аниқликлар киритилди.

Қонун "Журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари" деб номланган 71-модда билан тўлдирилди. Журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари журналистларнинг ва оммавий ахборот воситаларининг бирлашмалари томонидан белгиланади. Журналист давлат органи, жамоат бирлашмаси ва ташкилот ҳузурида аккредитация қилиниши мумкин. Аккредитация қилинган журналист бир қатор ҳуқуқларга эга бўлади. Журналист   оммавий ахборот воситаларида ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни тарқатганлик учун жавобгар бўлмайдиган ҳолатлар белгиланди.

Қонунлар ва қонун ости ҳужжатларини қабул қилиш ишнинг бошланиши ҳисобланади. Муҳими, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этиш, ижросини таъминлаш ва жамиятдаги муаммоларни реал равишда ижобий ҳал қилишдир. Бу вазифаларни адо этиш эса ҳаммамизнинг биргаликдаги бурчимиз ҳисобланади.

 

Абдишукур  ОМОНОВ, вилоят  ҳокимлиги  юридик хизмат  бошлиғи