"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 сентябрь, чоршанба.

ЖУРНАЛИСТ, ЁЗУВЧИ ВА ШОИР

Жамият
Tipografiya

27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни

ЖУРНАЛИСТ, ЁЗУВЧИ ВА ШОИР

уларнинг ижодий фарқи нимада?

Мақоламга шундай деб сарлавҳа қўйишга қўйдим-у ўйланиб қолдим, гапни нимадан бошлашни билмай  бошим қотди. Аслида ҳар учаласи ҳам ижодкор, ҳар учаласининг ҳам иш қуроли қалам, бироқ уларни таниш керак: уларнинг алоҳида-алоҳида ўз номи бор - журналист, ёзувчи ва шоир.

Лекин шунга қарамай журналистика, унинг асосий ифода усули бўлган публицистика, проза ва поэзия ўртасида девор қўйиб бўлмайди. Негаки кўп ҳолларда улар бир-бирини тўлдиради, бир-бирига замин яратади, қайсидир нуқтада бир-бири билан туташиб кетади. Масалан, Ҳамид Олимжоннинг “Зайнаб” очерки унинг “Зайнаб ва Омон” достонини ёзишига туртки бўлган. Ойбекнинг  Покистонга қилган саёҳати натижасида ёзилган “Покистон хотиралари” очеркидан кейин “Нур қидириб” қиссаси, “Зафар ва Заҳро”, “Ҳақиқатгўй” достонлари ёзилган. Абдулла Қодирийнинг “Жулқунбой”, “Калвак Махзум”, “Тошпўлат”, “Думбул”, “Овсар” тахаллуслари билан ёзган ҳажвий мақолалари, фельетонлари кейинчалик унинг “Тошпўлат тажанг нима дейди?”, “Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан” ва бошқа кўплаб асарларига туртки берган. Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин. Кўриниб турибдики, аксарият ёзувчиларимиз ҳам публицист, ҳам адиб сифатида қалам тебратишган. Баъзан публицистик мақолалари бадиий асарларга айланган. Ижод майдонига публицист сифатида кириб, кейин насрда самарали ижод қилган ёзувчиларимиз ҳам кўп.

Адабиётшунос Ҳотам Умуров ўзининг “Адабиёт қоидалари” китобида очерк, фельетон ва хотирани эпик турнинг махсус жанри сифатида кўрсатиб ўтади. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, публицистиканинг ўзи ҳам адабиётнинг проза туридаги махсус йўналишдир. Фақат у оғзаки ёки ёзма шаклда матбуот билан, радио, телевидение ёки интернет билан яшайди.

Аслида публицистика, таъбир жоиз бўлса, қайноқ бир йўналишдир. У ижодкор қаламини чархлайди, ҳаётга яқинлаштиради. Сиртдан қараганда осондай туюлган публицистика аслида мураккаб ва қийин жараён. Публицистик мақола ёзиш ўзини шоир ёки носир деб билган ҳар қандай ижодкорнинг ҳам қўлидан келавермайди. Аммо  тескариси бўлиши мумкин.

Афсуски, бугунги кунда публицистиканинг бадиийлик билан қоришиб кетган ёрқин намунаси - очерклар кам ёзилаяпти. Лавҳа, репортаж, фельетонлар деярли унутилди. Ҳолбуки, ўттизинчи ва ундан кейинги йилларда адабиётимизга кириб келган ҳар бир ёзувчи ижодида публицистик асарлар истаганча бўлган.

Публицистиканинг юки оғир.  Бу юк хоҳ танқидий мақола бўлсин, хоҳ исталган мавзудаги бошқа мақола, журналистнинг елкасидан босиб туради.  Негаки, публицистика далилларга, исботларга таянади, улар албатта, ҳаётий ва ҳақиқатга мос бўлиши керак. Аксарият мақолалар қаҳрамони ҳаётдаги реал шахс. Бу журналистдан ҳушёрликни, ҳис-туйғуларини жиловлаб туришни, мақола мазмунли, асосли, ортиқча бўёқлардан, ҳашамлардан холи бўлишини талаб қилади. “Ўзида йўқ хислатни кўриб, уялиб юрарди шўрлик қаҳрамон”, деган мисраларни бежизга ёзмаган Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов.

Танқидий мақола эса янаям масъулиятли. Танқид нишонига олинган шахс,  воқелик асосли, далилли бўлиши керак. Бир вақтлар “Ғалаба” (ҳозирги “Китоб тонги”) газетаси таҳририятида ишлаганимда ўнлаб танқидий мақолалар ёзганман. Ўшанда муҳарриримиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сухроб  Рустамов ҳар бир танқидий мақолани синчиклаб ўқиб, асосларини текшириб, тушунтириш хатлари, далиллар, исботлар ва ҳоказоларни сейфда сақлаб  қўйиб, эътирозга ўрин қолдирмас эдилар. Аммо ҳозир кузатяпман, айрим нашрларда, хусусан, интернат нашрларида шов-шув кетидан қувиб бир ёқлама танқидлар кўп чиқяпти. Мухбир ўртада холис эканини унутиб, исботланмаган маълумотларни эълон қилиб юборяпти ва бу, ўз навбатида, ҳақли эътирозларга, баҳс-мунозараларга сабаб бўляпти. Кўза кунда эмас, кунида синади, бу, албатта, яхшиликка олиб бормайди. Негаки, танқиддан мақсад бировни ёмон отлиқ қилиш, юзига лой чаплаш эмас, воқеликка объектив ёндашиш, муаммонинг ҳал бўлишига туртки беришдир.

Ёзувчининг йўриғи бошқа. Наср, у ҳикоя, қисса ёки роман жанри бўладими, қалам эркин, яйраб юради, тўқима образлардан кенг фойдаланади. Аммо бу ёзувчи ишининг енгиллигини белгиламайди, ҳар бири ўзига хос, бири-бирига ўхшамаган характерлар орқали воқеалар силсиласини ривожлантириш адибдан жуда катта маҳорат талаб қилади.  Маҳорат оқсаган жойда асар “ўхшамай қолади”,  баъзан публицистик руҳ устуворлиги, баъзан тилдаги ғализлик сезилади ва ҳоказо.

Шоирлик яна бир дунё. Бизда ҳаёти мобайнида бир шеър ёзишга уриниб кўрмаган кишининг ўзи йўқ, десам кўпам хато бўлмас. Мақола ёзмаслиги мумкин, ҳикоя ёзмаслиги мумкин, аммо шеър ёзади, чунки шоирлик қон-қонимизга сингиб кетган. Сўз қўшимчаларини қофиялаштириб ўзини шоир санаб юрганлар ҳам, ўртачадан бундайроқ шеърларини тўплаб китоб чиқарганлар ҳам, ҳаётдаги ситамларини шеър деб ўйлаган нарсасига тушириб, ўзини ўзи овутиб юрганлар ҳам кўп.

Аммо бизда вақт деган олий ҳакам бор. Унинг ўзи барчасини синовдан ўтказади. Алишер Навоий даврида ҳам Ҳирот адабий муҳитида 500 дан ортиқ шоир борлиги маълум, аммо саноқлиларигина адабиётда яшаб қолган.

Юқорида ҳам публицистик мақола, ҳам бадиий асар ёзган ёзувчилар ҳақида тўхталиб ўтдик. Проза, поэзия ва публицистикада бирдай самарали ижод қилганлар ва қилаётганлар кўп. “Навоий”дай роман ёзган Ойбекнинг “Наъматак” шеърини ўқиб ким  роҳатланмайди, дейсиз. Ёки “Опа-сингиллар”, “Давр менинг тақдиримда” каби романлар муаллифи Асқад  Мухторнинг фалсафий шеърларидан баҳра олмаган борми?

Хулоса қилиб юқорида айтган фикримни такрорламоқчиман: публицистика, проза ва поэзия ўртасида девор йўқ. Аксарият ҳолларда улар бир-бирини тўлдириб туради.

Бироқ, ижодкорнинг ижодий фаолияти маҳсули айни даврда унинг қайси номга кўпроқ ҳақли эканини англатиб туради: ЖУРНАЛИСТ, ЁЗУВЧИ, ШОИР. Бир пайтда ҳар учаласига муносиблик эса оддийгина қилиб айтганда, юксакликдир.

 

                         Лола ЎРОҚОВА