"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 сентябрь, душанба.

ВИМ ХОФ: ИНСОН ИМКОНИЯТЛАРИ ЧЕКЛАНМАГАН, ФАҚАТ УЛАРНИ "УЙҒОТИШ" ЗАРУР

Жамият
Tipografiya

"Муз одам" сирлари

ВИМ ХОФ: ИНСОН ИМКОНИЯТЛАРИ ЧЕКЛАНМАГАН,

ФАҚАТ УЛАРНИ "УЙҒОТИШ" ЗАРУР

Олтмиш ёшни қоралаб қолган голландиялик Вим Хофни "Муз одам" деб аташади. У ҳаддан ташқари совуқ ҳароратга ҳам, жазирама иссиққа ҳам бирдек чидамли, бу борада 20 дан ортиқ рекорд ўрнатган. У марафонларда қорда яланг оёқ югуради, музлаган кўлларда чўмилади, Килиманжаро тоғига бир калта иштонда чиққан. Хоф нафас олиш, тана ҳарорати ва юрак уришини назорат қилишнинг ўзига хос услубини ишлаб чиққан, бошқаларга ҳам шуни ўргатиб келади. Бу услуб одамнинг мутлақо соғлом бўлишини таъминлайди, шунингдек, оғир дардлардан халос бўлишига ёрдам беради.

Вим Хофнинг ушбу ноёб услуби йогларнинг нафас олишни машқ қилиш услубига ўхшаб кетади. Бу машқлар тўғри бажарилганда ўпканинг нафас олиш ва чиқариш фаолияти мисли кўрилмаган тарзда яхшиланади. Натижада қон айланиши тезлашади, қон таркибида карбонат ангидрид гази миқдори ортади, бу эса қўл ва оёқларнинг қил томирларини кенгайтириб,  тананинг совуқ қотишига йўл қўймайди.

"Муз одам" соатлаб музли сувда ўтириши мумкин. Унинг таъкидлашича, инсоннинг имкониятлари чексиз. Фақат улардан тўғри фойдалана билиш керак. Бунинг учун ёшнинг аҳамияти йўқ. Хофман қизиққанлар учун ойнадан ясалган ва ичига муз тўлдирилган идишда 1 соату 52 дақиқа мобайнида сувдан фақат бошини чиқарган ҳолда турган.

Айримлар бундай ноёб қобилият эгаси бўлиш учун кишида оддий одам имкониятларига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган бир туғма истеъдод бўлиши керак, балки бу фирибгарлик ёхуд товламачилик бўлиши ҳам мумкин, деган тахминларга боради. Вим Хоф ушбу иккала тахминни ҳам инкор этади. Унинг қатъий ишонч билан айтишича, ҳар бир одам ўз танасининг имкониятларидан фойдаланишни ўрганиши мумкин. Унинг услуби ҳақиқий илмий тадқиқотлар асосида ўз тасдиғини топган. Хоф бу қобилиятини сувда ёки қорда юриб шакллантирмаган, бунга танасини бошқаришни назорат қилиш орқали эришган. "Муз одам"нинг таъкидлашича, қарилик билан касаллик ҳам қўшилиб келиши шарт эмас. Аксинча, саломатлик қоидаларига тўғри амал қилинганда киши қариган чоғида ҳам серғайрат, хушчақчақ ва тетик бўлиши мумкин.

Вим Хоф тўғри нафас олиш ҳаммага бирдек ёрдам беради, ўсимлик учун сув қанчалик зарур бўлса, кислород ҳам инсон учун шунчалик муҳим, дейди. У ақл ёрдамида киши ўз танасининг энергиясини бошқариши мумкинлигини амалда исботлаб берди.

Вим 2000 йилда усти қалин муз билан қопланган кўл суви остидан                60 метргача сузиб борган. Орадан бир неча йил ўтиб Финляндияда, биргина калта иштонда 20 даража совуқда Қутб доираси бўйлаб тўлиқ югуриб чиққан. 2007 йилда Эверест чўққисини забт этган, орадан икки йил ўтиб эса Килиманжаро вулқонининг тепасигача борган. 2011 йилда у янги саргузаштлар изидан қувиб, Намиб саҳросининг  42 километрини югуриб ўтган, бу орада бир қултум ҳам сув ичмаган.

Вим Хофнинг таъкидлашича, буларнинг барчасини у қандайдир рекордлар ўрнатиш учун эмас, балки соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида амалга ошираяпти. Одамлар бирор иш қилишни хоҳласа, бу уларнинг қўлидан келишини англаб етишлари зарур, дейди Вим. Бунинг учун озроқ ҳаракат қилиш керак бўлади, қатъият, сабр-бардош ва истак-хоҳиш ҳам бунда муҳим ўрин тутади. 

Бугун 50-60 ёшга кирган одамларнинг аксарияти дори-дармонга ўрганиб қолган. Сал нарсага уларни ичгани-ичган. Экологиянинг бузилиши, стресслар, вируслар - буларнинг барчаси соғлиққа салбий таъсир ўтказаётганини айтишади. Лекин Вим буларни шунчаки баҳона деб билади. Унингча, барча иллатлар ўзимизда, биз ўз танамиз билан алоқани узиб қўйганмиз, уни эшитишни унутганмиз. Мутахассислар Вимни фавқулодда қобилият соҳиби деб ҳисоблашади. У эса ҳамма қатори бир оддий одам эканини айтиб, бундай қобилиятга истаган ҳар бир киши эга бўлиши мумкинлигини исботлаб берди.

Голландиялик "морж" гулханда юриш, рак касаллигига "чап бериш" ва овқат емасдан яшаш борасидаги сирлари билан ўртоқлашди.

- Сиз совуққа чидамлисиз. Климанжаро тоғига кўтарилганингизда сизни офтоб урганди. Демак, иссиқни енголмайсиз, шундайми?

- Мен ҳаётимда биринчи бора қуёш энергияси таъсирига тушиб қолдим, у мени ғафлатда қолдирди. Аммо тез орада ўзимни иссиқда тажриба синовидан ўтказишга аҳд қилдим: Сахара саҳроси бўйлаб саёҳатга чиқдим. Қум барханлари узра 50 километр масофани бир қултум ҳам сув ичмасдан яёв кезиб чиқдим. Ҳатто баданимдан тер ҳам чиқмай қўйганди ўшанда. Агар бундай пайтда сув ичсангиз, бутун аъзои баданингизнинг "эътибори" унга қаратилади ва натижада ҳар қандай ҳимоядан мосуво бўласиз. Бу борада менинг фикрим шундай - иссиқда сув ичиш зарарли.

- Фикрингиз баҳс талаб. Айтингчи, сиз қўлларингизни қип-қизил чўғ устига қўя оласизми?

- Ҳозирча бунга тайёр эмасман. Бироқ  айтиш мумкинки, миянинг совуқни сезган қисми иссиқни ҳам худди шундай ҳис этиш қобилиятига эга. Бу энергия йиғиндиси, уни фақат тўғри бошқаришни уддалай олиш керак. Масалан, чўғ устида оёқ яланг юришнинг ҳеч ҳам қийин томони йўқ. Мен ҳеч иккиланмасдан чўғ устида юришга таваккал қилишим мумкин.

- Сизнингча,  агар танани совуққа ўргатса, демак ҳар қандай касалликнинг йўлини тўсиш мумкин. Шундайми?

- Албатта. Юрак яхши ишлайди ва натижада сиз инфарктдан қутуласиз.

- Инфарктдан қутулиш мумкиндир, аммо совуқда бадан тарбия билан шуғулланиш рак касаллигининг олдини олишига ишониш қийин.

- Яқинда Нью-Йоркдаги Файнштейн институтида тиббиёт соҳасининг бир гуруҳ профессорлари менда тажриба ўтказишди. Томиримга токсинлар, яъни ҳақиқий заҳар юборишди. Мен ўзимда бош оғриғи, кўнгил айниши каби ҳолатларни ҳис этишим керак эди. Аммо мен буларнинг ҳеч бирини ўзимда сезмадим. Чунки менинг иммунитетим шу даражада кучлики, заҳарнинг заҳрини баданга кирганидаёқ кесиб, йўқ қилиб ташлайди. Рак касаллигига келадиган бўлсак, ахир у ракнинг тўртинчи босқичида бирдан ҳужумга ўтолмайдику. Ўзингизни совуққа, музли сувга ўргатинг, шунда соғлигингиз мустаҳкам бўлади ва танангизда ҳеч қачон ҳеч қандай ўсимта пайдо бўлмайди.

- Шахсан ўзингиз соғлом турмуш тарзи юритаяпсизми? Балки қандайдир махсус парҳез сақлаётгандирсиз?

- Йўқ. Мен хоҳлаган нарсамни ейман ва хоҳлаган ишимни қиламан. Сигарета чекишим, спиртли ичимлик ичишим мумкин. Шу билан бир қаторда... қисқаси, беш нафар фарзандим бор. Мен фанатик ҳам, роҳиб, яъни тарки дунёчи ҳам эмасман. Шунчаки ўз устимда турли тажрибаларни ўтказишни хуш кўраман. Мен мияни яхши назорат қилиш ва ўзимда қандайдир енгиллик ҳис этишни билиш мақсадида бир сафар ой давомида ҳеч нарса емасдан юрдим.

- Ҳа, баъзи одамлар ҳеч нарса емаяпман, дейишади-ю кўзни пана қилиб...

- Мен ҳеч қачон бундай қилмаганман. 3-4 кун давомида очлик тинчлик бермай келади, аммо кейин кўникиш ҳосил қила бошлайсиз. Сувни кўп истеъмол қиламан, натижада 7 килограммга оздим. Бу организмимга ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатгани йўқ. Шундан бери якшанба кунлари овқатланишдан воз кечганман. Шунга қарамасдан ўзимни ҳар доим тетик ҳис этаман. Яна ҳар якшанбада (қиш кунлари, албатта) музни тешиб, сувга кириб чўмилиб туришни ҳам канда қилмайман.

- Христианларда чўқинтириш пайтида музни тешиб, сувга чўмилтириб олишади...

- Голландияда ҳам шунга ўхшаш одат бор. 1 январь куни одамлар денгиз сувида икки дақиқа туришлари керак. Шундай анъана мавжуд. Синовдан ўтганлар ўзини қаҳрамондек ҳис этишади. Буларнинг барчаси яхши, албатта. Аммо одам ўзини совуққа  аста-секинлик билан мослаштириб бориши лозим. Бу борада менинг алоҳида дастурим бор - "Вим Хоф билан машқ қилиш". Швецияда бўлганимда, у ерда турли касалликлар билан касалланган бир гуруҳ одамларни даволаб қайтдим. Ишонмаслигингиз мумкин, лекин уларнинг аксарияти музли сувда чўмилганидан бир ҳафта ўтиб-ўтмай соғайиб кетишди. Мен товламачи ҳам, фирибгар ёки лўттибоз ҳам эмасман. Ҳар бир хатти-ҳаракатим тиббиёт соҳаси профессорлари, бутун дунё тележурналистлари назоратида бўлади. Истасангиз, худди шундай тажрибаларни хоҳлаган жойда ўтказишим мумкин. 20 нафар одамни таклиф қиламиз, буни сиз ўз кўзингиз билан кўриб, кузатиб борасиз. Беш кундан сўнг улар бутун шаҳар кўчалари бўйлаб музда яланг оёқда югуришади.

- Ишонгиси келмайди одамнинг. Наҳотки сизда ҳеч қачон ҳеч қандай муаммо бўлмаган бўлса?

-Хатоликка ҳам йўл қўйганман. Заполярьеда 42 километр масофага югурганимда чап оёғим сал бошқачароқ ҳаракатланаётганини сезгандим ва бунга унчалик ҳам эътибор бермагандим, аммо бекор қилган эканман. Амстердамга  қайтганимда маълум бўлишича, оёғимни совуққа олдириб қўйган эканман. Оёғимни кўрган шифокор энди уни кесиб ташламаса бўлмайди, бармоқлар қорая бошлабди, деди. Мен эса бунга қатъий қаршилик кўрсатдим. Совуқ еган жойларда қон айланишини тиклаш мақсадида пиёзни ишқалаб, сут қуйиб роса уқаладим, мия энергиясини ўша жойга йўналтиришга ҳаракат қилдим. Кўп ўтмай оёқларим ҳаракатлана бошлади. Мана қўлимда шифокорларнинг оёғимни кесиб ташлаш тўғрисидаги хулосаси. Демак, одам бир ишга астойдил уринса, албатта уддасидан чиқади. Бунинг учун унда қатъий ишонч бўлиши керак. Оёғимни совуққа олдиришим ва бунга эътиборсиз қараганим менга катта сабоқ бўлди. Агар мен бутун аъзои баданимни бир дақиқага бўлса-да, назоратсиз қолдирганимда борми, оёғимдан ажралиб қолган бўлардим.

- Вим Хоф каби муз одамга айланиш учун қанча вақт керак бўлади?

- Агар сиз билан ўзим шуғулланадиган бўлсам, бунга бир ярим йил муддат кифоя қилади. Профессорлар менинг қобилиятим билан танишиб, буни илмий жиҳатдан тушунтириб беришнинг имкони йўқлигини исбот қилишмоқда. Аммо таъкидлаб ўтишим жоизки, мен бу қобилият билан туғилмаганман. Ўзимдаги бундай ўзгаришларни тинимсиз машқларим, ҳаракатим, истак-хоҳишим эвазига пайдо қилганман. Инсон ўзининг нималарга қодирлигини тўлиқ англаб етиши, ўз танасининг имкониятларини ҳис этиши, мияни бошқара билиши, нафас олишни  меъёрга солиши зарур. Мен касалликларнинг олдини олиш ва узоқ умр кўриш усулларини ишлаб чиққанман. Бу инсон, унинг ҳаёти учун жуда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Қолаверса, совуққа ўрганиш, унга чидамлилик нафақат соғлигингиз, балки иқтисодингиз учун ҳам фойдалидир: қишда уйни иситаман, деб газ, кўмир, электр энергиясидан фойдаланишга ҳам ҳожат қолмайди.

Ҳар сафар музли сувга кирганимда у ерда бўлиш муддатини 10 дақиқага ошириб боравераман ва жаҳон рекордини ўрнатавераман. Кейин мени яна қайтадан ўрганишади, баданимга датчиклар ўрнатиб ташлашади, ҳар бир ҳолатимни камералар орқали назорат қилишади ва бунинг учун менга яхшигина пул ҳам тўлашади.

- Ўзингизни супермен деб ҳисоблайсизми?

- Йўқ. Суперменлар доим кимлар биландир уришиб, жанжаллашиб, курашиб юришади. Мен эса, улардан фарқли ўлароқ, оддий, вазмин, оғир ва, айтиш мумкинки, ювошгина одамман.

Хориж матбуотидан Мусо МУРОДОВ таржимаси.