"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 сентябрь, душанба.

ИНСОН МАНФААТИ ҲАР НАРСАДАН УЛУҒ

Жамият
Tipografiya

 Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллигига

ИНСОН МАНФААТИ ҲАР НАРСАДАН УЛУҒ

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси - Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан биридир. Ушбу Декларациянинг барча асосий тамойиллари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топган бўлиб, мамлакатда, ушбу тамойилларга амал қилган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни жамият ҳаётига, фуқаролар ва давлат хизматчилари онгу шуурига сингдиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали миллий тизимига асос солиш учун ёрдам берди.

Авваламбор, Ўзбекистон халқаро стандартларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига босқичма-босқич имплементация қилиш бўйича ўз моделини яратди. Хусусан, миллий парламент қабул қилган Конституциянинг иккинчи бўлимини: "Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ўзбек билли" деб аташ мумкин.

Ўзбекистонда инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари тўғрисида қонунчилик тизими амал қилмоқда. Ҳозирги кунга қадар инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тартибга соладиган 12 та конституциявий қонун, 16 та кодекс ва 700 тадан ортиқ қонун қабул қилинган.

Мактабгача таълим ва таълим ёшида бўлган болаларни, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари талабаларини, давлат хизматчиларини, ҳуқуқ-тартибот тизими ва судлар, педагогика, тиббиёт ва ижтимоий соҳа ходимларини қамраб олган инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тизими шакллантирилган. "Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури" муваффақиятли татбиқ этилмоқда.

Мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш муаммоси фақат давлатнинг эмас, балки бутун жамиятнинг диққат марказидадир. Амалдаги қонунчилик доирасида фуқаролик жамияти институтлари қонунчиликни такомиллаштиришда, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқлари мониторингида, ахборот-маърифий фаолиятда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича миллий даврий ва муқобил маърузаларни тайёрлашда фаол иштирок этади.

Ўзбекистонда БМТнинг халқаро механизмлари олдидаги ҳисоботларнинг халқаро талабларга жавоб берадиган тизими яратилган. БМТ устав ва шартномавий органларининг миллий маърузаларни кўриб чиқиш якунлари бўйича тавсияларини бажариш соҳасидаги Миллий ҳаракат режаларини тайёрлаш ва қабул қилиш ана шу тизимнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Президент Ш.М.Мирзиёев Парламентга тақдим этган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, "Биз Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва халқаро молия институтлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда тузилган шартнома ва келишувларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариш бўйича барча зарур чора-тадбирларни кўрамиз".

Инсон ҳуқуқлари масалалари Ўзбекистон ташқи сиёсатида устувор ўрин тутади. Ҳукумат инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият бераётир. Бу саъй-ҳаракатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳужжатларидаги асосий тамойиллар доирасида амалга оширилмоқда.

2017 йилдан эътиборан Ўзбекистон демократик ва ҳуқуқий ривожланиш, жамият ҳаёти барча соҳаларини янада ислоҳ қилишнинг энг муҳим даврига қадам қўйди. Ўзбекистон Президенти 2017 йил 7 февралда тасдиқлаган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди.

Ҳаракатлар стратегияси БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича Ўзбекистоннинг "йўл харитаси" бўлди ва у беш босқичда амалга оширилмоқда. Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг қабул қилиниши билан инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, уларга амал қилиш ва уларни ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг ва халқаро шериклар билан ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.

2017 йилда Ўзбекистонга БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид ташриф билан келди.

Ўзбекистон парламенти Зайд Раад ал-Ҳусайн ташрифи якунлари бўйича БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳаракатлар режасини қабул қилди. Ҳаракатлар режасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида 80 та аниқ тадбир кўзда тутилган бўлиб, айни пайтда уни амалга оширишда қирққа яқин давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар иштирок этмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатда давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг чуқур ўрганилиши, ўз вақтида кўриб чиқилиши ҳамда самарадор ҳал қилиниши тамойилига асосланган тубдан янги ва аниқ тизим жорий этилмоқда. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфатларини ҳимоя қилишнинг бу самарали механизми тўғридан-тўғри халқ билан мулоқотга таянади.

Давлат раҳбарининг 2017 йил 19 майда қабул қилинган "Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган таъсирчан чора-тадбирларни ўзида қамраган.

Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик ваколатхоналар фаолияти тубдан ислоҳ қилинаётир. Хорижда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ўзаро манфаатли ташқи сиёсат давом эттирилиб, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш доимий эътиборда турибди.

Бугунги кунда мамлакатда "Инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ" деган ғоя асосида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар самараси нафақат кенг жамоатчилик мамнунияти ва бахтиёрлигининг, балки ҳатто халқаро миқёсдаги эътирофларнинг ҳам омили бўлаётгани бежиз эмас. Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ҳаракатлари БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига, умуман, мамлакат қўшилган инсон ҳуқуқларига доир барча универсал шартномаларнинг инсонпарвар моҳиятига тўла ҳамоҳангдир.

Бу йил Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги бутун дунёда кенг нишонланади. Шу маънода, Президент Ш.М.Мирзиёевнинг жорий йил 5 майдаги фармони билан "Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури"  тасдиқлангани муҳим аҳамиятга эга.

Дастур 6 та йўналишдаги кенг кўламли чора-тадбирларни қамраган. Яъни:

биринчи йўналиш - Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари  ва эркинликлари масалалари бўйича халқаро ҳужжатларга қўшилиши;

иккинчи йўналиш - инсон ҳуқуқлари  ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш;

учинчи йўналиш - инсон ҳуқуқлари, эркинлик ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунчилик ва халқаро стандартларга риоя қилишни баҳолаш ва миллий мониторингни ривожлантириш;

тўртинчи йўналиш - инсон ҳуқуқ ва эркинликлари масалалари бўйича миллий институтлар фаолияти самарадорлигини ошириш;

бешинчи йўналиш - инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида ахборот-таълим, ноширлик фаолияти ва илмий тадқиқотларни кучайтириш;

олтинчи йўналиш - инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш.

Мазкур дастур Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Бинобарин, Президент фармонида қайд этилганидек, дастурдан кўзланган асосий мақсад давлат, жамият ва фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тамойиллари ва қадриятларига эътиборини кучайтириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа чоралар тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, қонунчиликка ва давлат органларининг амалий фаолиятига инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш механизмлари ва тартиби самарадорлигини оширишдир.

"Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури"да белгиланган кенг қамровли ва улкан кўламли чора-тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши, шубҳасиз, давлат, жамият ва фуқароларнинг мазкур декларация тамойиллари ҳамда қадриятларига эътибору эҳтиромини янада оширади.

Ўзбекистон ўтган даврда инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ асосий халқаро ҳужжатларга қўшилди ва БМТ томонидан ушбу соҳада қабул қилинган 10 та асосий халқаро шартнома иштирокчисига айланди. Дастурда бу борадаги ишларни изчил давом эттириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёрлаш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланган.

Шу билан бирга, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг маълум қилиш тартибига тааллуқли Факультатив протоколига, Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг Факультатив протоколига ҳамда Балоғатга етмаган болалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган дастуриламал принципларига Ўзбекистон Республикаси қўшилиши истиқболлари таҳлил қилиниб, бу борада амалий таклифлар тайёрланади. 

 Маълумки, 1993 йили БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи умумжаҳон конференциясида қабул қилинган Вена декларацияси ва Ҳаракат дастури қоидалари мамлакатда ҳам амал қилмоқда. Ўзбекистонда суд, прокуратура ва адвокатура тимсолидаги анъанавий ҳуқуқ-тартибот тизими билан бир қаторда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар тизими яратилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ушбу тизимнинг негизини ташкил   этади. Яқинда бу тизим Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ҳисобига янада кенгайди.

Дастурда мазкур тизимни такомиллаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича миллий институтлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир бир қатор тадбирлар назарда тутилмоқда. Хусусан, Болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман     институтини ташкил этиш масаласи кун тартибига қўйилмоқда.

Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг шахслар қамоқда ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлиши шартларини мониторинг қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилади. Омбудсман Котибияти тузилмаси қонунчиликда белгиланган фаолият йўналишларига мувофиқ янада мустаҳкамланади.

Мамлакатда инсон ҳуқуқларини янада юксалтириш ва халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар билан ўзаро алоқалар самарадорлигини ошириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ҳуқуқий мақомини кучайтириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар қабул қилиниши ҳам белгиланган.

Президент фармонида қайд этилганидек, Ўзбекистонда инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилган. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги миллий қонунчиликнинг ижроси, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашнинг ҳолати, янги иш ўринлари ташкил этиш ва фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича мунтазам равишда мониторинг олиб боради.

Тадбирлар дастури доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Дин ишлари бўйича қўмита ва Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда БМТ Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" махсус резолюциясини қабул қилиш масаласини илгари суриш билан изчил шуғулланади. Ушбу ҳужжатнинг асосий мақсади - барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат бўлиб, бу ғоя илк бор Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида таклиф этилган.

БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган яна бир ғоя - БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифидир. Бундай халқаро-ҳуқуқий ҳужжат истиқболда ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.

Шу ўринда 2018 йил 8-10 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида Президент Ш.М.Мирзиёев таклифига кўра, ташкилотга аъзо давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу Ўзбекистоннинг ёшлар масаласига жиддий ёндашишини англатади.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки бугунги кунда ер юзи аҳолисининг 2 миллиарддан кўпроғини ёшлар ташкил этмоқда. Бу эса, уларнинг муаммолари, ўй-хаёллари ва орзу-умидлари билан жиддий шуғулланиш нақадар муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади.

Ўзбекистонда  ёшларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, жумладан, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари давлат ва жамиятнинг доимий эътиборида турибди. Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда 2018 йил 10 декабрда мамлакатдаги барча мактаб, лицей, коллеж, олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган умуммиллий дарс ўтказиши белгилангани ҳам шу эзгу мақсад ижобатига қаратилгандир.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мамлакатда 2017 йил - "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинган бўлса, 2018 йил - "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб номланди. Шу асосда қабул қилинган Давлат дастурида давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга йўналтирилган аниқ мақсадли чоралар кўзда тутилган. Айни пайтда Давлат дастури ва   декларациянинг 70 йиллиги бўйича дастур ўзаро   уйғунликда ижро этилаяпти.

Мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида кенг ахборот-маърифий фаолият амалга оширилмоқда. Ўтган даврда инсон ҳуқуқлари бўйича 120 дан зиёд асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ўзбек тилига таржима қилинди ва катта ададларда нашр этилди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари мавзусини ёритиш билан 30 га яқин ҳуқуқий газета ва журналлар бевосита шуғулланмоқда.

Оммавий ахборот воситаларида декларациянинг 70 йиллигига бағишланган мақола ва шарҳлар, кўрсатув ва эшиттиришлар, интервью ва фоторепортажлар кенг ёритилаётир. Шу мавзуда туркум китоб ва рисолалар, тўплам ва альбомлар нашрга тайёрланмоқда.

"Олтин қалам" миллий танлови доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг яхши таҳлилий тадқиқот материаллари учун мукофот жорий этилади. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган давлат грантига танлов эълон қилинади.

Жорий йил давомида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир бир қатор янги қонун ва қарорлар қабул қилинади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги муносабати билан миллий ва халқаро даражадаги турли йирик анжуманлар ташкил этилади. Бу борадаги нуфузли халқаро тадбирларда Ўзбекистон вакиллари фаол қатнашади.

Ана шундай амалий тадбирларнинг якуни сифатида шу йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида   Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё халқаро анжуманини ўтказиш кўзда тутилмоқда. Айни шундай тадбирни ташкил этиш ҳақида Ўзбекистон Президенти ўтган йили Конституция куни муносабати билан сўзлаган нутқида тўхталганди. Натижада Самарқандда ўтажак Осиё форуми тадбирлар дастуридан қатъий жой олди.

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, юридик фанлар доктори