"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 июль, сешанба.

ШАҲРИСАБЗ ЮНЕСКО РЎЙХАТИДАН ЧИҚАРИЛМАЙДИ

Жамият
Tipografiya

Туризм

ШАҲРИСАБЗ ЮНЕСКО РЎЙХАТИДАН ЧИҚАРИЛМАЙДИ

БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти - ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатидан вилоятимизда жойлашган объект – Шаҳрисабз тарихий марказини чиқариб ташламайди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Унда келтирилишича, Бош вазир ўринбосари, тегишли қўмита раиси А.Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Манама (Баҳрайн)да бўлиб ўтган БМТ Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 42-сессияси ишида иштирок этиб қайтган. Кун тартибида Шаҳрисабз тарихий марказини ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан чиқариб ташлаш масаласи ўртага ташланган.

БМТ қўмитаси вакиллари мазкур объектда бунёдкорлик ишлари олиб бориш жараёнида унинг тарихий қийматига бироз путур етганини бунга сабаб сифатида кўрсатишган.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз чиқишида қайд этишича, Шаҳрисабзнинг тарихий марказида амалга оширилган қурилиш ишларидан мақсад маҳаллий аҳолининг турмуш шароитини яхшилашдан иборат бўлган. Шунингдек, БМТ қўмитаси аъзолари Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан қабул қилинган Ўзбекистондаги Бутунжаҳон мероси объектларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қарор билан таништирилган. Унда Бутунжаҳон мероси қўмитаси тавсияларини бажариш муддатлари кўрсатилган “Йўл харитаси” келтирилган.

Маълум бўлишича, томонлар ўртасидаги баҳс қизғин кечган. Қўмита аъзолари мамлакатимиз делегацияси раҳбарига бир қатор саволлар берган. Қайтарилган жавобларда Ўзбекистон позицияси аниқ ўз ифодасини топган. Фаол мунозаралардан сўнг Бутунжаҳон мероси қўмитасининг мақбул қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузишга аҳд қилинган. Мазкур ҳужжатда Шаҳрисабз тарихий марказини ЮНЕСКО мероси рўйхатида сақлаб қолишга асосий эътибор қаратилади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, айни вақтга қадар Ўзбекистондаги 5 объект ЮНЕСКО  Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган. Шаҳрисабз тарихий маркази эса бу рўйхатга 2000 йилда киритилган.

Таъкидлаш жоизки, бутунжаҳон мероси рўйхатини шакллантиришдан мақсад ўз тоифасида ноёб саналган тарихий объектларни янада машҳур қилиш, уларни муҳофазалаш ҳисобланади.

Жаҳон тажрибасидан шу нарса маълумки, туристлар бирор манзилга боришни ихтиёр этса, аввало ўша жойнинг бутунжаҳон мероси рўйхатида бор ё йўқлигига эътибор қаратишади. Ушбу рўйхатга кирганлиги эса объектнинг сайёҳлар томонидан танланиш имкониятини янада оширади.

МИРЖАҲОН