"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 июль, сешанба.

МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКС

Жамият
Tipografiya

Қонун ижодкорлиги

МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКС

инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда қандай ўрин тутади?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари асосида 2017 йил 1 июндан юртимиз суд тизимида маъмурий судлар ташкил этилди. Бу борадаги фаолиятни ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс тасдиқланди. Хўш, мазкур янги кодекс мазмун-моҳияти нималардан иборат? Судлов амалиётига қандай янгиликлар жорий этилмоқда? Ва энг асосийси, у фуқароларимиз учун нима беради? Бу ҳақда вилоят маъмурий суди судьяси Баҳром НАРМУРАТОВ қуйидагиларни маълум қилди:

ТАВСИФИ ВА АМАЛ ҚИЛИШ ДОИРАСИ

- Кодекс 4 та бўлим (умумий қоидалар, биринчи инстанция судида иш юритиш, суд ҳужжатларини қайта кўриш, суд ҳужжатларини ижро этиш), 29 боб ва 288 моддадан иборат.

Шу вақтгача давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни кўриб чиқиш фуқаролик ва хўжалик судлари томонидан, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилар эди.

Янги кодекс 27-моддасида маъмурий суд томонидан ҳал этиладиган ишлар рўйхати аниқлаштирилган бўлиб, унга кўра, маъмурий судлар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низоларни, давлат бошқаруви, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширувчи, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, сайлов комиссияси, нотариал ва ФҲДЁ органлари, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича низолашиш, давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёки белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоятларни, шунингдек, қонун билан ваколатига киритилган бошқа низоларни ҳал қилади.

Бунда кўриладиган масалалар ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир    нечта талаб бирлаштирилган тақдирда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилади. Баъзилари маъмурий судга, бошқалари иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга эса йўл қўйилмайди.

СУД ТАРКИБИ ҚАНДАЙ ШАКЛЛАНТИРИЛАДИ?

- Муайян ишни кўриш учун суд таркиби судьяларнинг иш ҳажми ва ихтисослашуви ҳисобга олинган ҳолда, суд таркибини шакллантиришга суд муҳокамаси натижасидан манфаатдор бўлган шахсларнинг таъсир кўрсатиши истисно этиладиган тартибда, шунингдек, автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда шакллантирилади.

Кодекснинг 23-моддасида маъмурий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларини рад қилиш борасида янгилик сифатида прокурорни, экспертни, мутахассисни, суд мажлиси котибини, таржимонни рад қилиш суднинг ташаббусига кўра ҳам кўриб чиқилиши мумкинлиги белгиланган. Ушбу қоида суд мажлисининг холис ва беғараз ўтказилишига, адолатли ва қонуний қарор қабул қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

СУДЬЯ НЕЧА МАРТА РАД ҚИЛИНИШИ МУМКИН?

- Амалиётда судьяларни бир неча марта рад қилиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, айни бир асослар бўйича такроран рад қилиш ҳолатлари тартибга солинмаган эди. Кодекснинг 23-моддасида айни бир шахс томонидан айни бир асослар бўйича такроран рад қилиш билдирилиши мумкин эмаслиги, такроран рад қилиш билдирилган тақдирда, у кўриб чиқилмаслиги белгиланди.

СУДГА МУТАХАССИС ЖАЛБ ҚИЛИНИШИ

- Амалдаги процессуал қонун ҳужжатларида мутахассиснинг ҳуқуқий ҳолати ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланмагани боис, ишни кўришда бирор бир мутахассиснинг фикрини олиш зарур бўлган ҳолларда ушбу мутахассис фаолият юритадиган ташкилот ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилиниб, фикри ўрганилганидан сўнг, кейинги суд мажлисларида унинг иштироки таъминланмаслиги суд қарори бекор қилинишига олиб келарди. Ёки мутахассис ёрдамида аниқланиши мумкин бўлган ҳолатлар юзасидан суд томонидан экспертиза тайинлаш орқали эксперт хулосаси олинар эди.

Эндиликда маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш ва илмий-техника воситаларини қўллашда ёрдам кўрсатиш йўли билан далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда кўмаклашиш мақсадида фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган, вояга етган, иш натижасидан манфаатдор бўлмаган шахс суд мажлисида ёки процессуал ҳаракатларда иштирок этиш учун суд томонидан мутахассис сифатида жалб қилиниши мумкин.

ДАЛИЛЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ВА ИСБОТЛАШ МАЖБУРИЯТИ БЎЙИЧА ЯНГИ ҚОИДА

- Маъмурий органларнинг низолашилаётган ҳужжатларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари қарорларининг, улар мансабдор шахслари ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) қонунийлигини исботлаш мажбурияти тегишли органлар ва мансабдор шахслар зиммасига юклатилди. Мазкур органлар ва мансабдор шахслар ўз эътирозларига асос қилиб келтираётган фактларни ҳам тасдиқлаши шарт.

Эътиборли жиҳати шундан иборатки, агар тараф суд томонидан талаб этилаётган далилни ўзида ушлаб турган ва суд сўрови билан белгиланган муддатда уни тақдим этмаётган бўлса, ундаги маълумотлар шу тараф манфаатларига қарши қаратилган, деб фараз қилинади ва у томонидан тан олинган, деб ҳисобланади. Бу эса, суд процесси тарафларининг тенглигини ҳамда давлат органлари томонидан тегишли далилларни мажбурий тартибда судга тақдим этилишини таъминлайди.

ДАСТЛАБКИ ҲИМОЯ ЧОРАЛАРИ

- Шу вақтгача амалиётда дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза судлар томонидан кўриб чиқилишида маълум тушунмовчиликлар мавжуд эди. Ушбу ҳолатга чек қўйиш мақсадида Кодекснинг 95-моддасида аризани кўриб чиқишнинг аниқ тартиби ва муддатлари белгилаб қўйилди. Хусусан, дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза аризачи томонидан ариза (шикоят) билан бирга берилган ҳолларда уни кўриб чиқиш аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш билан бир вақтда, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан амалга оширилади. Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза суд мажлиси чоғида берилган тақдирда, у шу мажлисда кўриб чиқилади. Агар дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза иш юритиш жараёнида берилган бўлса, у келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

СУД ХАРАЖАТЛАРИ

- Кодекснинг 115-моддасида давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб арз қилинган талабларни қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланиб ариза тақдим этилган шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилиши белгилаб қўйилди. Аввал бундай ҳолларда давлат божи ундирилмас эди.

ТАРАФЛАРНИ ХАБАРДОР ҚИЛИШ

- Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўришда суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларни тегишли тартибда суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш масаласини ҳал қилишда бир қатор муаммолар мавжуд эди. Айниқса, ишда иштирок этувчи шахснинг юридик ёки яшаш манзилига юборилган суд чақирувининг унга топширилмаганлиги процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши деб топилиб, суд қарорининг бекор қилинишига сабаб бўларди. Қонунчиликдаги ушбу бўшлиқ тўлдирилиб, Кодекснинг 125-моддасида ишда иштирок этувчи шахслар қуйидаги ҳолларда суд томонидан тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланиши аниқ белгилаб қўйилди:

ажрим йўлланган шахс ажримнинг кўчирма нусхасини олишни рад этган ва ушбу рад этиш қайд этилган бўлса; суд томонидан юридик шахснинг судга маълум бўлган охирги жойлашган ери (почта манзили), фуқаронинг яшаш жойи бўйича юборилган ажримнинг кўчирма нусхаси олувчи кўрсатилган манзилда йўқлиги сабабли топширилмаган ва бу ҳақда алоқа муассасаси судни хабардор қилган бўлса; ажримнинг кўчирма нусхаси суд томонидан электрон почта орқали ёки хабардор қилинганлик фактини тасдиқловчи  бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда юборилган кундан эътиборан уч кун ўтган бўлса.

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИГА НИСБАТАН ТАЛАБЛАР

- Суд ишни мазмунан кўриб чиқиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси номидан ҳал қилув қарорини қабул қилади. Суд ҳал қилув қарорини қабул қилаётган маслаҳатхонага бошқа шахсларнинг кириши, шунингдек, суд таркибига кирмайдиган шахслар билан мулоқотда бўлишнинг бошқа усуллари тақиқланиши ҳақидаги қоида янги нормалардан биридир.

Ҳал қилув қарори бир нусхада тузилади ва ишга қўшиб қўйилади. Суд ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаларини топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали эълон қилинган кундан эътиборан беш кун ичида ишда иштирок этувчи шахсларга юборади ёки тилхат олиб топширади, ушбу шахсларнинг электрон   почта манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса ҳал қилув қарори электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

Ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан йигирма кун ўтгач, қонуний кучга киради, шундан сўнг ижрога қаратилади, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларга доир ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилади.

СУДГА МУРОЖААТ ЭТИШ МУДДАТЛАРИ

- Маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида, давлат ижрочисининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) эса ўн кун ичида судга берилиши мумкин.

Умумий қоидага кўра, суд муҳокамаси ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда тугалланиши, сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Умуман олганда, янги қабул қилинган Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилишни таъминловчи муҳим ҳужжат экани билан аҳамиятлидир.

Б.САЙФИЕВ ёзиб олди.