"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

ОЛИЙ СИФАТЛИ, ЭКОЛОГИК БЕЗАРАР

Жараён
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

ОЛИЙ СИФАТЛИ, ЭКОЛОГИК БЕЗАРАР

Бу жиҳатлар жаҳонда ўзбек ипагининг қадрини оширмоқда

Дунё текстиль саноатида синтетик материаллардан фойдаланиш суръати ошаётган бўлса-да, глобал истеъмол бозорида табиий ипак матога бўлган талаб асло камаймаган, аксинча ўсишда давом этмоқда. Мутахассисларнинг эътироф этишича, ипакдан тайёрланган маҳсулотлар – шарф, бўйинбоғ, кўйлак, аёллар либоси ҳамон юқори урфда бўлган, харидоргир ва ҳашамдор кийимлар ҳисобланади. Ушбу текстиль буюмлари олий сифатли ва экологик безарар экани бунга сабаб сифатида кўрсатилади.

Айни шу хусусиятларни ўзида мужассам этган ўзбек ипаги жаҳонда ҳам юқори баҳоланади. Бу эса мамлакатимиздан хорижга ипак калава, мато ва бошқа тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Айтиш жоизки, мазкур хомашёни етиштириш ҳажми бўйича Ўзбекистон Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туради. Юртимиз пиллачилигида ўзига хос кўп йиллик тажриба тўпланган. Ўз навбатида сўнгги вақтда соҳанинг ишлаб чиқариш жараёнларини янада такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Шунингдек, пилла, хом ипак, ипак калава ишлаб чиқариш ва уларни қайта ишлашнинг самарали усулларини кенг жорий этиш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш асосий эътиборда. Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида пиллачилик ривожига хизмат қилувчи ана шундай вазифаларни амалга ошириш белгилаб қўйилган.

Жумладан, мамлакатимизда ипак қурти боқиш билан шуғулланувчи аҳоли вакиллари, касаначиларнинг ўз ишидан манфаатдорлигини ошириш ҳам кўзда тутилган. Шу мақсадда уй шароитида пилла етиштираётган касаначилар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилди. Тўлиқ бир мавсум ишлаган даври уларга пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтиши қайд этилди.

Бу тадбирлар пиллакорларни муносиб моддий рағбатлантириш, уларнинг ипак қурти боқишга бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилаяпти.

- Давлатимиз раҳбарининг қарори билан соҳада жорий қилинган янгилик меҳнатимизга бўлган эътибор, мукофот деб биламан, - дейди Қарши тумани Падарон қишлоғилик пиллакор Гулмира Файзиева. -  Қилаётган ишинг моддий фароғат келтиришини билиш яхши-да. Албатта, бу натижага ҳам ижобий таъсир қилади. Ҳар бир пиллакор ҳосилни сифатли ва аъло даражада етиштириш пайида бўлади. Бу йил боқишга икки қути ипак қурти олгандик. Талабга жавоб берадиган пилла хомашёсини тайёрладик.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилда вилоятимиз миқёсида пилла етиштирувчиларга 50 минг қутидан кўп ипак қурти тарқатилганди. Мавсумда 3 минг тоннадан зиёд ҳосилни йиғиб-териб олиш мақсад қилинган. Хомашёнинг асосий қисми ҳудуднинг ўзида қайта ишлашга йўналтирилади. Қайд этиш жоиз, вилоятимиз бўйлаб бу йилги пилла ҳосилини йиғиб олиш  жараёни жадал давом этмоқда.

М.ЖЎРАЕВ

Суратда: Қарши тумани Падарон қишлоғилик пиллакор.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.