"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 апрель, якшанба.

АҲОЛИ ХОНАДОНЛАРИ, ИҚТИСОДИЁТ ТАРМОҚЛАРИ ВА ИЖТИМОИЙ СОҲА КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРМИ?

Жараён
Tipografiya

70 кунлик юқори сафарбарлик

АҲОЛИ ХОНАДОНЛАРИ, ИҚТИСОДИЁТ ТАРМОҚЛАРИ ВА ИЖТИМОИЙ СОҲА КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРМИ?

Мамлакатимизда аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, кўп қаватли уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тўлиқ тайёрлаш ишларининг секторлар тизимида катта куч-ғайрат ва шижоат билан амалга оширилаётгани, бу борада маҳаллалар кесимида 2017 йил 5 октябрдан 15  декабргача “70 кунлик юқори сафарбарлик” эълон қилинганидан ҳам мақсад битта: давлат идораларининг халқимизга хизмат қилишини таъминлаш, ҳар бир одамнинг ўз ҳаётидан мамнун бўлиб, ҳаётга ва келажакка мустаҳкам ишонч билан яшашига эришиш. Чунки ҳар бир инсон, ҳар бир оиланинг қиш-қировли кунларни кўнгилдагидай ва муаммоларсиз ўтказиши унинг ҳаётдан рози бўлиб яшашида муҳим аҳамиятга эга.

Шу нуқтаи назар билан Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ҳисоб палатаси,     Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятда  қиш мавсумига тайёргарлик, аҳолини электр ва иссиқлик энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, ичимлик суви билан таъминлаш тизими, қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати секторлар тизимида ўрганилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2 октябрь куни бу борадаги ишлар таҳлилига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоятимизда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шунга қарамай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналарига шу кунга қадар ҳудуд аҳолисидан мазкур йўналишда 3 минг 470 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 1 минг 250 таси тўла қаноатлантирилган. Айни пайтда республика ишчи гуруҳи томонидан 120 мурожаат ўрганилиб, аниқланган камчилик ва муаммолар жойида бартараф этилди.

Таҳлилларга кўра, аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида жорий йилда вилоятимизда 1 минг 291,6 километр электр тармоғи ва 625 трансформатор пункти мукаммал таъмирланиб, ўта юқори кучланиш билан ишлаётган 20 трансформатор пункти катта қувватлисига алмаштирилди.

Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан 2017-2021 йилларда Қашқадарёда эскирган 3 минг 63,5 километр 0,4-10 кВли электр тармоғи, 448 трансформатор пунктида модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилиши белгиланган.

- Бугунги кунга қадар қарор ижроси доирасида 370 километр электр тармоғи, 59 трансформатор пунктида модернизация ва реконструкция ишлари бажарилди, - дейди “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбари Анвар Музапов. - Натижада 102 маҳаллада яшовчи 75 мингга яқин аҳолининг электр таъминоти яхшиланди. Йил охирига қадар бу кўрсаткичлар янада ошади. Бундан ташқари, Республика ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг август ойида жойларда аниқланган камчиликлар бўйича 14 трансформатор    пункти ва 15,5 километр электр тармоғи қурилиши ишлари ҳам якунига етказилди.

Косон туманининг узоқ Хўжақудуқ, Олачобоп, Бўрихона, Яккасарой, Уйрот, Карракли, Раим Сўфи, Ёдгор, Олатўн қишлоқлари аҳолиси узоқ йиллардан буён электр энергияси етишмаслигидан қийналиб келарди. Раим Сўфи маҳалласи ҳудудида ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган подстанция техник жиҳатдан эскирган, қолаверса, аҳоли сони ортиши ҳисобига кучланиш ҳам ортиб, бир вақтнинг ўзида барча қишлоқни электр энергияси билан таъминлашнинг имкони бўлмай келаётганди. Аҳоли талаб ва истакларидан келиб чиқиб мазкур ҳудудда умумий қуввати 32 мегаватт бўлган 110/35/10 кВ  кучланишли “Турон” подстанцияси ва 28 километр узунликда 2 занжирли 110 кВли ҳаво линияси қурилиши бошлаб юборилди.

“Ўзбекэнерго” АЖ тасарруфидаги “Қарши махсус энергомонтаж” МЧЖ қурувчилари барпо этаётган янги подстанция жорий йилнинг 20 декабрида ишга туширилиши режалаштирилган. Умумий қиймати 30 миллиард сўмдан зиёд бўлган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида Косон ва Чироқчи туманларидаги 20 мингдан ортиқ хонадон, “Шўртаннефтгаз” масъулияти чекланган жамиятига қарашли нефть қудуқлари ҳамда ҳудуддаги 100 дан ортиқ ташкилот ва идоралар узлуксиз электр энергияси билан таъминланади.

- Олдинлари бўлса, кунига 3-4 соат “свет”  ёнарди, - дейди Раим Сўфи қишлоғилик Турсун бобо Саидов. – Ундаям совуткич, дазмол ишлатиб бўлмасди. Тадбиркорлик қиламан, деган одамнинг йўлига электр йўқлиги тўғаноқ бўларди. Мана, виртуал қабулхонага қилинган мурожаатдан сўнг Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги билан оғиримиз енгил бўладиган. Янги подстанция қурилса, қишлоқларимиз узлуксиз электр энергияси билан таъминланади. Барчамиз хурсандмиз, тадбиркорлик истагидаги кишиларимиз янги режаларни кўнгилга тугиб қўйишган.

Маълумки, вилоятда жами 717 минг 325 хонадон бўлиб, уларнинг 545 мингдан зиёди суюлтирилган газдан фойдаланади. Маиший газ баллонларини етказиш қийин бўлган 24 минг 851 та хонадон мавжуд ва улар Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Деҳқонобод ва Қамаши туманларининг тоғли ҳудудларида  жойлашган 33 қишлоқ аҳолисидир.

Ўрганишлар давомида ёғин-сочинли кунларда машина бора олмайдиган мазкур ҳудудларга 2 ойлик захира газ баллонлари етказиб бериш эҳтиёжи мавжудлиги аниқланди ва шу мақсадда қўшимча 5 мингта газ баллони олиб келинди. Сўнг тоғли ҳудудлар аҳолисига захира газ баллонлари етказиб беришга киришилди. Мазкур жараёнда ёрдамга муҳтож, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилаларга бепул газ плиталари ва газ баллонлари беришга асосий эътибор қаратилди. Шунингдек, аҳолига суюлтирилган газдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳам тушунтирилди. Хусусан, Китоб туманидаги тоғли Сумак қишлоғида яшовчи Мустафо Ниёзов хонадонида ҳам энди зангори олов ёнадиган бўлди.

- Қишга доимгидек ўтин ғамлаганмиз, лекин уни ёқиб исиниш, овқат тайёрлаш, чой дамлашнинг машаққати оз эмас, - дейди Мустафо Ниёзов. – Энди мана, уйимизда газ бор, кўнглимиз тўқ. Мушкулимиз осон бўлди.

Айтиш жоизки, куз-қиш мавсумида кўмирга бўлган талаб ҳам ошади. Илгари вилоят маркази ва унга яқин туманлар аҳолиси Шайхали қўрғонида жойлашган шохобчадан кўмир олар, бу вақт ва маблағ сарфига олиб келарди. Боз устига айрим “тадбиркор”лар уддабуронлик қилиб, кўмир нархини сунъий равишда кўтаришга уринган ҳоллар ҳам кузатилганди. Эндиликда Қарши темир йўл бирлашган ёнилғи омбори қошида Қарши шаҳрида ҳам кўмир омбори фаолият кўрсата бошлади ва бу Қарши шаҳри, Қарши, Касби ва Миришкор туманлари аҳолиси учун анча қулайлик туғдирди. Келгусида ана шундай шохобчалар фаолияти Касби ва Миришкор туманларида ҳам йўлга қўйилиши мўлжалланган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, олдинда турган мавсумда вилоятда 53,9 минг тонна кўмирга эҳтиёж бор. Айни пайтда бу эҳтиёжнинг қарийб 75 фоизи қопланди.

- Бугунги кунда вилоятда 8 та кўмир тарқатиш шохобчаси ишлаб турибди, - дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Темирйўлёнилғитаъмин” бошқармаси Қарши бирлашган ёнилғи омбори раҳбари Хуршид Нуралиев. – Шунингдек, 6 та цехда брикет ишлаб чиқарилаяпти. Бу маҳсулотлар қатъий нархларда ва аҳоли учун мақбул тўлов усулида сотилаяпти.

Қарши тумани Қозикенти қишлоғида яшовчи Арслон Дўстов куни кеча Ишчи гуруҳ ташаббуси билан белгиланган вақтдан илгари Ангрендан 44 вагонда 3 минг 36 тонна келтирилган кўмирнинг даслабки харидори.

- Қишни кўнгилдагидай ўтказиб олиш учун 4 тонна кўмирга эҳтиёжимиз бор эди, - дейди у. – Илгари кўмир олиш учун анча узоққа боришимизга тўғри келарди, баъзан кунлаб навбатда турардик. Транспорт харажатлари анча юқори эди. Яратилган қулайликлардан миннатдормиз, кўмир нархи ҳам баланд эмас, маҳсулотнинг кўп чиқитга чиқиб кетмаслигидан эса янада мамнунмиз.

Воҳамиз серқуёш, ери унумдор, ҳосил чўғи баландлиги боиси шундан. Ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари якунлангач, маҳсулотлар нобуд бўлишига йўл қўймай, уларни эл дастурхонига узлуксиз етказиб бериш, қишнинг совуқ палласида ҳам бозорда нарх-наво ошиб кетишига йўл қўймаслик учун қиш-баҳор мавсумида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш эса муҳим аҳамиятга эга. Республика ишчи гуруҳи аъзолари бу борадаги ишларни чуқур ўрганиб, тизимли таҳлил қилди.

Жорий мавсумда вилоятда 39 минг 779 тонна картошка, пиёз, сабзи, гуруч ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ғамлаш белгиланган. Айни пайтда уларнинг 49 фоизи жамғарилиб, қолган қисми 1 декабрга қадар тўпланади. Бунинг учун тижорат банкларининг 493 миллион сўм кредити ажратилган.

Эътиборга молик жиҳати, ўрганишлар давомида ҳудудлар аҳолисини узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган муаммолар ечимини топди. Хусусан, Деҳқонобод туманининг Дўстлик ва Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасидан оқиб ўтувчи Кичикўра дарёси устидаги кўприкнинг яроқсиз аҳволга келиб қолгани мазкур ҳудудларда яшовчи қарийб 10 минг аҳолини анчадан бери қийнаб келаётган эди. Ҳудуд аҳолисининг Президент Халқ қабулхонасига мурожаатидан сўнг мазкур муаммо ўз ечимини топди. Куни кеча эни 3 метр, узунлиги қарийб 100 метр бўлган мазкур кўприк таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Касби туманидаги Чўлқувар қишлоқ фуқаролар йиғини эса туман марказидан 70 километр узоқликда жойлашган. 2 минг 781 нафар аҳоли яшайдиган бу ҳудуддаги қатор муаммоларга шу кунларда амалий ечим топилди.  Чўлқувар марказий кўчаси қиёфаси икки кунда  таниб бўлмас даражага етди: тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди, кўчалар таъмирланди. Ҳудуддаги 50-мактаб алоҳида трансформатор билан таъминланди, қишлоқ врачлик пунктига махсус жиҳозланган  “Дамас” русумли тез тиббий ёрдам машинаси    берилди. Қишлоқдан туман марказига қулай жадвал асосида автобус қатнови йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, ишчи гуруҳ аъзолари энг чекка ҳудудлардаги чўпонлар ҳолидан хабар олишди. 200 дан зиёд чўпон хонадонига захираси билан газ баллони ва плиталари, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Бир сўз билан айтганда, вилоятимизда қиш мавсумига тайёргарлик бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган комплекс ўрганиш  натижалари мавжуд реал вазиятни яна бир бор  чуқур таҳлил этиш имконини берди.

Б.САЙФИЕВ

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.