"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ШУ АЗИЗ ВАТАН БАРЧАМИЗНИКИ!

Жараён
Tipografiya

Тадбир

ШУ АЗИЗ ВАТАН БАРЧАМИЗНИКИ!

Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 4-моддасидан.

Ўзбекистон – тотувлик ва бағрикенглик мамлакати. Айни эътироф бугун дунё минбарларида айтилмоқда. Бунинг боиси шундаки, юртимизда бағрикенглик муҳитини, шунингдек, миллатлараро ва динлараро муносабатларни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Шунга монанд 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамфикру ҳаммаслак бўлиб, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Бу 30 ноябрь – 1 декабрь кунлари вилоятимизда “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – барқарорлик омили” шиори остида ўтган тадбирларда ҳам яна бир бор ўз ифодасини топди.

Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, тинчликсиз ривожланиш, ривожланишсиз эса келажак бўлмайди. Тинчликнинг муҳим шартларидан бири эса бағрикенглик ва миллатлараро тотувликдир. Бағрикенглик қон-қонига сингиб кетган халқимиз азал-азалдан турли миллат вакиллари билан оға-инилардек, дўст-биродар бўлиб яшаган. Бу ўзбекона фазилатлардан баҳраманд бўлган корейс, немис, турк, поляк, юнон, қрим-татар, рус миллатига мансуб кишиларнинг кўпчилиги шу элда доимий қўним топди, халқимизга хос дўстона муносабатлар боис қаддини тиклади. Улар учун Ўзбекистон ҳақиқий Ватан бўлиб қолди.

Биргина вилоятимизни оладиган бўлсак, бугун бу заминда ўзбеклар қаторида 130 мингдан зиёд тожик, 40 мингга яқин туркман, 20 мингдан зиёд рус, 10 мингга яқин татар ва бошқа миллатлар ўзаро тинч-тотув, бирдамлик, баҳамжиҳатликда умргузаронлик қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 январдаги “Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги муносабати билан миллий маданий марказларнинг бир гуруҳ фаолларини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, вилоят тожик миллий маданий маркази раиси, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти профессори Абдурасул Эргашев “Дўстлик” ордени билан, вилоят араб миллий маданий маркази раисининг ўринбосари, Миришкор туманидаги 20-мактаб ўқитувчиси Ниёзмуҳаммад Панжиев “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани ҳам эътиборга молик.

- Тожик ва ўзбеклар ҳақида гап кетганда, улар икки тилдаги бир халқ, деган таъриф берилади, - дейди Абдурасул Эргашев. – Чиндан ҳам халқларимизнинг маданияти, менталитети ўхшаш – ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, бағрикенглик, сабр-матонат каби фазилатлар бирдек хос. Шу юртда улғайдим, ҳурмат-эътибор топдим. Барчаси учун бағрикенг ўзбек   халқидан миннатдорман.

Айни пайтда вилоятда туркман, татар-бошқирд, рус, тожик, араб миллий-маданий марказлари фаолият олиб бормоқда. Мамлакатимизда кенг нишонланадиган Наврўз, Мустақиллик, Янги йил байрамлари, Конституция қабул қилинган кун сингари муҳим саналарга бағишланган оммавий байрам тадбирлари “Сударушка”, “Ал-Арабия”, “Қуёш”, “Аланг” каби миллий-этнографик гуруҳлари иштирокисиз ўтмайди.

Дастлаб тадбир доирасида Қарши санъат коллежида халқ амалий санъати усталари, ҳунармандлар, рассомлар, миллий маданий марказлар иштирокида миллий тотувликни намоён этувчи “Инсон манфаатлари – улуғ қадрият” номли кўргазма ташкил этилди.

Ҳар бир миллат бошқаларга ўхшамаган удумлари, ўзига хос яшаш тарзи билан гўзал. Демак, тараққий этган давлатларда ҳар бир элнинг миллий хусусиятларига ҳурмат билан қаралишида улкан маъно бор.

- Араб аёлларининг гиззи, хатабак, бухнак, натти каби кийим ва тақинчоқлари қадимий, ўзига хослиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортади, - дейди жейновлик Гулжамол Мирова. – Қишлоғимизда эса арабларга хос соф миллий урф-одатлар кўп жиҳатлари билан тўлиқ сақланган. Энг муҳими, юртимизда миллий одатларнинг тўла сақланиши ва бардавомлигини таъминлаш учун барча шароит яратилган.

Тадбир “Юрт тинчлиги, Ватан равнақи – олий неъмат” мавзусидаги илмий-амалий семинар билан давом этди. Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Камолиддин Ишанходжаев дўстлик учрашувига йиғилганларни қутларкан, кўпмиллатлилик ва  ўпмаданиятлилик – бу бизнинг миллий бойлигимиз эканини таъкидлашди.

“Миллатларо тотувлик ва халқ бирдамлиги – мамлакат тараққиётининг муҳим омили”, “Тинчлик ва тотувлик – олий қадрият” мавзуларида маърузалар тингланди. Шу билан бирга, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини асраш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда миллий маданий марказлар фаолиятини ривожлантириш борасидаги ишлари учун вилоятдаги миллий маданий марказлар фаолларидан бир гуруҳи ташкилотчиларнинг эсдалик   совғалари билан тақдирланди.

“Ўзбекистон – умумий уйимиз” номли концерт дастури барчага ҳақиқий байрамона кайфият улашди.

Худди шундай тадбирлар Деҳқонобод, Миришкор, Шаҳрисабз ва Чироқчи туманларида ҳам бўлиб ўтди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.