"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

ЙЎЛКИРА НЕГА ОШДИ?

Жараён
Tipografiya

Муаммо ва муносабат

ЙЎЛКИРА НЕГА ОШДИ?

Аслида йўлкиранинг 1500 сўмга кўтарилгани миллиардлаб сўм пулнинг банкка кирим қилинмаслигига, боз устига лицензиясиз, ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчиларнинг куни туғишига сабаб бўлаётганини, энг асосийси, аҳоли норозилигини келтириб чиқараётганини масъул мутасаддилар нега ўйлаб кўрмаяпти?

“Изласанг баҳона топилади”. Ҳатто бу янги “мақол” ҳам Қарши-Бешкент йўналишида қатновчи “маршрутка”лар ҳайдовчилари учун эскириб улгурди. Чунки улар кира ҳақини ошириш учун энди изламасданам баҳона топиш йўлига ўтишган.

Бундан анча аввал янги йил арафасида қор ёққанини баҳона қилиб, йўлкирани ошириб олишди. Кейинги гал ёнилғи нархининг озгина кўтарилганини “фавқулодда жиддий сабаб” қилиб кўрсатдилар. Ундан сўнг эса “запчаст”лар қимматлашиб кетгани, кунлик тўлов ошгани рўкач қилинди... Аммо қорлар эриб битганда ҳам, газ нархи икки баравар арзонлашганда ҳам бир марта кўтариб олинган нарх қайтиб пасаймади. Шу тариқа аслида анча арзон қатнаши керак бўлган йўналишли таксилар 1000 сўмдан қатнаб 5 йилча йўловчиларнинг “қонини ичди”. Энди-чи? Энди “Дамас”ларнинг “задний вид”и тепасига ҳе йўқ, бе йўқ “Йўлкира 1500 сўм” деган ёзув қистириб олинган. “Қовун қовундан ранг олади”, деганларидек, уларнинг қонунга зид бу “ташаббус”и бошқа йўналишларда ҳам “урчиб”, 3, 12, 13, 21, 17, 42, 44-йўналишларнинг айрим ҳайдовчилари ҳам ҳеч бир сабаб ва асоссиз йўловчилардан қўшимча 500 сўмдан талаб қила бошлашди. Сабабини сўрасангиз, “тушиб кетинг”, эмиш.

Ҳатто оралиқ масофаси нари борса 10 километр бўлган Қовчин-Бешкент йўналиши ҳайдовчилари 1500 сўмдан қатнаётгани ғалати. Ваҳоланки километрига 80 сўмдан ҳисоблаганда, бу йўналишда йўловчи ташиш 800 сўм бўлади. Бордию вақти келиб йўлкира нархи тегишли қарор билан кўтарилган тақдирда ҳам бу йўналишда қатнов нархи 1000 сўмдан ошмаслиги аниқ. Чунки амалда Қовчин-Бешкент таксилари қатнайдиган ва одам тушиб-чиқадиган масофа (трафаретда қаер кўрсатилганидан қатъи назар) 10 километрдан ошмайди.

Ўз навбатида юзага келган бу ҳолат, яъни ҳайдовчилар томонидан йўлкиранинг ўзбошимчалик билан кўтариб олингани аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Ҳайдовчиларнинг эса тили бир шекилли, ҳаммаси бир нарсани  дастак қилиб олишган. Нима эмиш, йўлкирани 10 йил деганда бир марта оширишганмиш. Ваҳоланки, нарх ўн йилда бир эмас, 5 марта ошди, аввал 200, кейин эса 500, 600, 800 ва 1000 сўмга. Энг қизиғи, нарх 600 ва 800 сўм бўлгандаям Қарши-Бешкент “Дамас”чилари йўловчилардан 1000 сўмдан олаверишди. Кейин эса аввал 20:00 дан, сўнгра 19:00 дан ва 18:00 дан кейин 1500 сўмдан қатнаб, одамларни шу нархга “ўргатиб боришди” ва ниятларига етишди.

Ваҳоланки, ЙЎЛКИРАГА БЕЛГИЛАНГАН ҚАТЪИЙ НАРХ ҲАЛИЯМ 1000 СЎМ. Бу ўз-ўзидан белгилангани йўқ. Тендер танловларида қайсидир уюшма бекордан-бекорга ташувчи этиб танланмайди. У бир неча шартларга жавоб бериши керак. Уларнинг ичида йўлкира нархини қанча этиб белгилагани ҳам бор. Уюшма қанча арзон нарх таклиф этса, шунча юқори баҳога эга бўлади.

Асосий мақсад нима? Албатта, аҳолига қулайликлар яратиш, арзон ва сифатли хизмат кўрсатиш. Дейлик, тендер танловларида қатнашаётган транспорт уюшмаси қор ёғса ҳам, қоронғи тушса ҳам, газ нархи озгина кўтарилса ҳам йўлкирани қимматлаштираман, деганида зинҳор унга ғолиблик, қатнов ҳуқуқи берилмасди. Демакки, бугун турли баҳоналарни кўпайтираётган, юк енгил келиб, ётағонлик истаётган “Дамас”лар уюшмаси ҳам бир вақтлар ваъданинг каттасини берган, бошқаларга нисбатан арзон хизмат таклиф қилган. Бироқ...

Қиёслаш учун оддий мисол: қўшни Сурхондарё вилояти маркази ҳисобланган Термизда йўналишли таксилар шаҳар ичи ва шаҳар атрофида 1000 сўмдан қатнаётган экан. У ерда қатнов узунлиги ҳатто 20 километрдан ошиқ йўналишлар ҳам бўлиб, ҳаммасида нарх бир, ўзгармас. 1000 сўмдан қатнаш Сурхондарё, Самарқанд ёки водийда қоплаяпти. Ҳолбуки улар газни, эҳтиёт қисмларни, шинани бошқалардан кўра арзон эмас, ҳамма қатори бир хилда олишади.

Ёки Қаршидаги 28-йўналишни олайлик. Километрига 80 сўмдан ҳисоблаганда бошидан-охиригача 22 километр йўл учун уларнинг 1500 сўм олишида сал инсоф бордай. Бироқ масофаси нари борса 14-15 километр бўлган Қарши-Бешкент йўналишида йўловчи ташувчилар аҳолига 1,5 баробар қиммат нарх таклиф қилишаётгани ғалати эмасми?

Боз устига Қарши-Бешкент йўналишида қатнайдиган бирорта “Дамас”нинг ҳаракати трафаретда кўрсатилган жойдан бошланмайди ва тугамайди. Ҳамма “Дамас”нинг (ҳатто лицензиясиз, ноқонунийлари ҳам) бошланиш жойи – туман тиббиёт бирлашмаси ёни. Ҳужжатда Қуйи Бешкент, Қамаши ёки Денов қишлоқлари кўрсатилгани билан бирорта “Дамас” у ерларга бормайди, борса ҳам икки ҳисса пул талаб қилади.

ШУНДАЙ ЭКАН, АМАЛДА 12-13 КИЛОМЕТР ЙЎЛ БОСИБ, 20 КИЛОМЕТРГА ҲАҚ ТАЛАБ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИНИ УЛАРГА КИМ БЕРДИ?

Хўш, ҳайдовчилар келтирган важлар ҳақиқатан ҳам йўлкира нархи ошишига асос бўла оладими? Оддий бир мисол: илгари фуқаролик паспорти олиш муддати кечикса, фуқаро энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида жарима тўларди. Бу ўтган йилги ҳисобда нақ 450 минг сўм бўларди. Бироқ аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг ярим баравари – шу кеча-кундузда 86 минг сўмга келтирилди. Бундан кўринаяптики, ҳамма гап – аҳолининг тўлов қобилиятида. Аниқроқ айтадиган бўлсак, бугун аҳолининг транспортда юриш учун тўлов қобилияти 1000 сўмга етади. Бундан кўпи оғирлик қилади. Туман ёки вилоят марказига ҳар куни қатнаб ўқийдиган, ишлайдиганлар учун 1500 сўмдан қатнаш, яна у ўзбошимчалик билан белгилаб олинган нарх бўлса, маъқул эмас.

- Ҳар куни ўзим ишга, ўғлим ўқишга Қарши шаҳрига қатнаймиз, - дейди Қарши туманилик Зафар Аҳмедов. – Машинамиз йўқлиги боис “маршрутка”га чиқишга мажбурмиз. Бугун 1500 сўмдан қатнашаяпти, бордию 2 минг сўмдан қатнашса ҳам иложимиз йўқ, тўлашга мажбурмиз. Лекин озгина инсоф ҳам керак-да. Ҳар куни фақат йўл учун 12 минг сўм сарф бўлаяпти. Арзонроқ десак, тўғри Қаршига қатнайдиган автобус ҳам йўқ. Борлари ҳам қимматига юрибди. Бизга ўхшаганларнинг дардини, арзини ким эшитади? Қачонгача топган пулимиз “маршрутка”дан ортмайди?

Энди тушунарли бўлиши учун обдон ҳисоб-китоб қилиб кўрсак. Бу ерда гап ёнилғи нархининг ошганида эмас. Чунки у арзон бўлган пайтларда ҳам “маршрутка”чилар йўлкира нархини пасайтиришгани йўқ. Қолаверса, ёнилғи нархининг ошгани аслида унчалик тўғри эмас. Бугун ёнилғи қуйиш шохобчаларида газ 1800 сўм атрофида сотилаяпти ва 4-5 ой олдингига нисбатан 200 сўмга ошган, холос. Агар бензин қимматлашди, дейдиган бўлсак, бирорта “Дамас” бензинда юрмайди. Шундай экан, ҳайдовчиларнинг газ қимматлашди, деган гапи қуруқ баҳона, холос.

Яқинда уйга қайтишда айни шу йўналишда қатнайдиган бир таксичи билан суҳбатлашиб кетдим. Машинасига, йўлга кетадиган харажатларини суриштирдим.

- Ҳар куни уйга 100 минг сўм олиб кираман, - деди у. – Кунига 18 та газ соламан – 30 минг атрофида бўлади. Кейин 10 минг сўмни уюшмага тўлайман. 40 минг кетдими? Эрталаб еттида чиқсам, “обед”дан кейин тўртларда қайтаман. 100 минг қолаяпти – етади шу.

Кейин ундан техник харажатларни сўрадим.

- 250 минг сўмдан тўртта шина қўйсам, бир ёз, бир қишни ўтказади, - жавоб берди у. – 1 миллион сўм бўлаяптими? Кейин 500 мингга “мотор” қилдираман. 150 минг “корзинка”га кетади. Шу. Энди “мошин”ни қанча авайлаб юрсангиз, харажат ҳам шунча кам бўлади.

Энди ҳисобини ўзингиз чиқараверинг. 1 миллион сўм – шинага, 500 минг “мотор”га, 150 минг “корзинка”га – жами 1 миллион 650 минг сўм бўлаяпти. Бошқа майда-чуйдаларни ҳам қўшиб, боринг, ҳайдовчи машинаси учун йилига икки ярим миллион сўм харажат қилаяпти, дейлик. Бу   ойига ўртача 200 минг сўмдан тўғри келади, дегани. Ҳолбуки ҳайдовчи бир йиллик техник харажатни минг сўмдан қатнаган ҳолда 2 кунда топаяпти. Лицензия пули ҳам шу.

Ҳайдовчилар эса худди бошқалар буни билмайдигандай айни шу сабабни баҳона қилиб кўрсатишаяпти. Нима эмиш, олдин 600 минг сўмга олинган шина энди 1 миллион сўм бўлибди, яъни 400 минг қимматлабди.

Машинага шу 1 миллионлик шина бир йилда бир марта қўйилишини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳайдовчи бунинг учун ОЙИГА 30 минг сўмдан сал ошиқча харажат қилиши ойдинлашади. Ваҳоланки ҳайдовчи бунча пулни бир кунда, тонгдаёқ топиб бўлади.

Бундан ташқари, агар бир “Дамас”га ҳар куни 100 йўловчи чиқадиган бўлса ва улардан қўшимча 500 сўмдан олинадиган бўлса, шунинг ўзи 50 минг сўм бўлади. Нима энди, ҳайдовчи бир ойда шинага 30 минг сўм ортиқча харажат қилаяпти экан, деб уларнинг йўловчилардан ҲАР КУНИ 50 минг сўмдан “ўғирлашига” индамай қараб туриш керакми?

Айрим ҳайдовчилар эса йўлкира ошишига кунлик тўлов миқдори кўтарилганини сабаб қилиб кўрсатишаяпти. Ваҳоланки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 17 августдаги “Шаҳар йўловчилар транспортида очиқ тендерлар ташкил этиш ва уларни ўтказиш масалалари тўғрисида”ги қарорига асосан барча йўлкира тушумлари тўлиқ ташувчи (уюшма)да қолиши ва инкассация қилиниши кўзда тутилган. Яъни ҳайдовчи ҲАР КУНИ ТОПГАН ПУЛИНИНГ ҲАММАСИНИ уюшмага топшириши шарт.

Агар шундай бўлса, “маршруткачи”лар бугунгидек 40, 50, нари борса 60 минг сўм эмас, балки 150-160 минг сўм кунлик тўлов тўлашган бўлишарди. Асл, қонуний тартиб шундай. Яъни ҳайдовчи кун давомида топган пулини уюшмага келтириб беради. Уюшма пулни банкка кирим қилиб (чунки ҳамма “Дамас” нақд пулда юради), шундан ойлик чиқариб беради. Агар машина ҳайдовчининг шахсий ўзиники бўлса, унда ижара ҳақини ҳам қўшиб тўлайди. Тўлаши керак. Бироқ...

Ана шу “бироқ”нинг тагида кўп гап бор. Яъни бирорта “маршруткачи” бир кунда топган пулининг ҳаммасини уюшмага келтириб бермайди. Балки озгина миқдордаги кунлик тўловни тўлайди, холос. Уюшма эса шу пулни ёки унинг бир қисмини банкка кирим қилади. Ҳа, фақат шуни.

Дейлик, ҳайдовчи бир кунда 150 минг сўм топди ва кунлик тўловга 30 минг сўм ажратди. Қолган 120 минг сўм ёнига қоладими? Уни қандай сарфлашни эса ўзи билади. Ҳарҳолда шунча пул банк орқали айланмайди. Кимнингдир чўнтагига киради. Ўз-ўзидан аён бўлаяптики, бир ҳайдовчи орқали бир кунда 100 минг, ҳар ойда  3 миллион сўм банкка кирим бўлмай, ноқонуний айланаяпти. Шунча пулдан даромад солиғи, бошқа мажбурий тўловлар тўланмаяпти, қонун тили билан айтганда, солиқлар яширилаяпти.

Агар шу тарзда ноқонуний айланаётган мазкур суммани 100 нафар ҳайдовчи мисолида олсак, у ойига 300 миллион, йилига эса оз эмас, қарийб 4,5 миллиард сўмни ташкил қилади. Демак, ҳар йили давлат ғазнасига шунча пулнинг солиғи ва бошқа мажбурий тўловлари етиб бормаяпти, кимларнингдир олғирлиги, уддабуронлиги сабаб исталган жойга исталган  тарзда йўналаяпти.

Агар тегишли мутасаддилар ҳозир “Дамас”чиларнинг 1500 сўмдан қатнашига индамай қараб турадиган бўлса, бунинг олдини олиш чораларини кўрмаса, ана шу 4,5 миллиард сўм ўрнига 6 миллиард сўм ноқонуний айланишига “ҳисса” қўшган бўлади ва бу яхши оқибатларга олиб келмайди.

Агар қонуний тартибга риоя қилиниб, кун давомида топилган пулнинг ҳаммаси уюшмага элтиб топширилганида, ёнилғининг ҳам, эҳтиёт қисм, шинаю бошқа харажатларнинг ҳам ғамини уюшма мутасаддиларининг ўзи кўрар, шунда ҳайдовчилар камроқ нолир, йўлкирани бўлар-бўлмасга оширмасди. Бироқ шу вақтгача бу тартибга деярли амал қилинмасдан келмоқда.

Яна бир тоифа ҳайдовчилар эса уялмай-нетмай 1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар ва стипендиялар ошганини ҳам рўкач қилиб олишган. Ваҳоланки улар 15 фоизга ошди. Бу йўлкирани 1,5 баробар ошириш керак дегани эмас-ку. Яна гўшт, картошка ва шу каби озиқ-овқатлар, бозор баҳоси ҳам айрим “Дамас”чиларни йўлкирани оширишга ундаяпти. Ўйлаб кўрайлик: гўшт нархи кўтарилди, деб ҳар бир йўловчидан қўшимча 500 сўмдан ундириш инсофдан, мантиқдан эмас-ку.

Энг қизиғи, йўлкиранинг амалдаги қийматидан, харажатлар кўплигидан нолиётган ҳайдовчилару, одамлардан пластик карточка олиб, фоизга “обналичка” қиладиган ҳам шулар. Пул бордирки, бир ҳайдовчида беш-ўнлаб   пластик карточка юрибди.

Аслида ҳамма гап инсофга бориб тақалаяпти. Қарши-Бешкент йўналишида бугунги пайтда ҳар куни 20 мингдан ортиқ киши қатнайди. Бу йўналишли таксичилар йўловчилардан ҳар куни 20 миллион сўмдан ортиқ асоссиз пул  ундиришаяпти дегани. Ана шу 20 минг кишининг ҳар бири бир ойда йўлкира учун камида 25-30 минг сўм ортиқча пул сарфлайди ва буёғини ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг. Буёғига уюшмадагилар ҳам, ҳайдовчилар ҳам йўлини топишган. Масалан, “Шуҳратбек омад транс” МЧЖ масъуллари ҳайдовчилардан “1000 сўмдан қатнайман”, деган тилхат ёздириб олиб, ўзларини “страховка” қилиб олишибди. Бироқ ҳайдовчиларнинг 1500 сўмдан қатнашига жимгина қараб, томошабин бўлиб туришибди.

“Шуҳратбек омад транс” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Примов ҳарчанд мен халқ тарафдаман, нарх қимматлашишига йўл қўймайман, демасин, йўлкира ўша кўтарилганича қайтиб тушмади. Ҳайдовчилар ёзган ўша тилхатларда “Агар йўлкирани кўтарсам, истаган чорангизни кўришингиз мумкин” деб ёзилгани ҳолда уюшма раҳбарияти 800 сўмлик йўлга 1500 сўм олаётган ҳайдовчиларига чора қўлламаслик билан чора кўраяпти.

- Корхонамиз “Дамас”лари “Орзу” бозоригача қатнайди, - дейди “Умаров Илҳом Ихтиёрович” МЧЖ раҳбари Илҳом Умаров. – Ҳамма ҳайдовчиларга 1000 сўмдан қатнаш бўйича кўрсатма берилган. Лекин ноқонуний ҳайдовчилар ҳам шу бозор ёнидан одам олиб, бир ярим мингдан қатнаяпти. Уларни тартибга солиб бўлмаяпти.

Бу гапига айтилаяптию амалда мазкур уюшма “Дамас”лари ҳам сунъий равишда кўтарилган нархда қатнаб юрибди ва бунга қарши бирор иш қилингани йўқ.

Бу борада биринчи навбатда масъул саналган Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бошқармаси мутасаддиларига қилинган кўплаб мурожаатлар ҳам ҳеч қандай қаноатлантиришсиз қолди. Содда айтганда, уларнинг уюшмаларга “тиши ўтмади”. Агентлик вилоят бошқармаси масъул ходими Алламурод Хўжановнинг нарх нега асоссиз кўтарилгани юзасидан берган саволимизга жавоби кутилмаган бўлди:

- Нарх ошади, ошмаса бўлмайди. Шина нархи кўтарилди, эҳтиёт қисмлар ҳам қимматлашди, - деди Алламурод Хўжанов.

Таажжуб. Аслида транспорт уюшмалари эмас, йўловчилар томонида туриши керак бўлган мутасаддининг жавоби қизиқ. Биз ундан “Ҳа, “Дамас”чилар ҳаддидан ошиб кетди, уларнинг тендер танловларини қайта кўриб чиқамиз, керак бўлса, айримлари билан шартномани бекор қиламиз, автобус қатновини йўлга қўямиз” деган жавобни кутган бир чоғда у қандай бўлмасин нархни кўтариш тараддудида. Бундан унга нима наф? Нима манфаат?

Аслида айни ҳолатда шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссиясининг йиғилишини ўтказиб, унда йўлкира нега асоссиз кўтарилгани муҳокама қилиниши керак эди. Бироқ бундай йиғилиш бўлмади. Шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси тўғрисидаги намунавий Низомда комиссиянинг асосий вазифалари қаторида йўловчилар ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлаш ҳам кўрсатилган. Ўз навбатида тендерда ютиб чиқилган йўналишларда конунга зид равишда ишловчи ташувчилар аниқланганда тегишли чоралар кўриш тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Яна комиссия йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг сифати ва маданиятининг у ёки бу масалалари, графиклар ва йўналишлар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни ташкил этишга, йўловчи ташиш транспорти иши юзасидан тушган шикоятларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ТАЪСИРЧАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР КЎРИШГА МАЖБУРЛИГИ айтиб ўтилган.

Хўш, комиссия бу борадаги қайси талабни бажарди ўзи? Ҳеч қайсисини. Агар нимадир қилинганда, Қарши-Бешкент “Дамас”чилари бошлаб берган ўзбошимчалик бошқа йўналишларга ҳам салбий таъсир этмас, Қарши шаҳри ичида йўлкира 800 сўм бўлгани ҳолда 1500 сўмдан қатнашмасди. Шунда аҳоли эътирозлари ҳам камроқ бўларди.

Юқорида айтилдики, бугун ЙЎЛКИРАНИ ОШИРИШГА ҲЕЧ ҚАНДАЙ ЭҲТИЁЖ ЙЎҚ. Энг аввало, “маршруткачи”ларнинг топган пулини уюшмага топширадиган ва қолган барча харажатларни уюшма ўз зиммасига оладиган тизимни йўлга қўйиш керак. Шунда транспорт уюшмаларидан давлатга тушадиган нақд пул тушумини камида    4-5 баравар кўпайтирган бўламиз.

Бундан ташқари, Қарши-Бешкент йўналишида автобус қатновини йўлга қўйиш вақти келди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Қарши шаҳридаги 1-йўналишда “Дамас”лар қатнови чекланиб, тўлиқ автобусга ўтилганди. Энди навбат – 2-йўналишга, яъни Қарши-Бешкент йўналишига бўлиши керак эмасми? Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан вилоят ҳокими қарор қабул қилган, унга мувофиқ, вилоятда 2017-2021 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастури, автобус йўналишларини ташкил этиш, янги автобус ва микроавтобуслар сотиб олиш параметрлари тасдиқланиши белгиланганди.

Айни пайтда аҳолида танлов эркинлиги йўқлиги, йўналишда 1500 сўмдан ўзбошимчалик билан қатнаётган “Дамас”дан бошқа транспорт воситаси, масалан, автобус ёки микроавтобус йўқлиги сабаб ҳам кишилар ноилож қимматига юришга мажбур бўлмоқда. “Шарофиддин Нурилло” МЧЖ автобуслари эса гаражда бекор ётибди. Йўлга чиққан бир-иккита автобус ҳам “маршруткачи”лар таъсири билан 600 сўм ўрнига 1000 сўмдан қатнаб юрибди.

Демак, бу йўналишда тендер танловларини қайта ўтказиб, йўлни кўнгилдагидай, арзон ва сифатли хизмат кўрсатадиган ташувчига бериш, автобус қатновини йўлга қўйиш, “Дамас” билан йўловчи ташишни тақиқлаш керак. Кўрдик, билдик: Қарши-Бешкент йўналишида “Дамас”лар ишончни оқламади, аҳоли уларнинг хизматидан норози. Боз устига бу “маршруткачи”ларнинг “нози” кўп, баҳонаси мўл.

Ҳарҳолда ҳар куни 20 минг одам бориш-келишда 600 сўмдан автобусга берганида ҳам кунига 24 миллион сўм давлат ғазнасига бориб тушади ва бу суммани автобуслар орқали тартибга солиш осонроқ бўлади.

Бешкент шаҳридан “Янги бозор”гача қатнайдиган “Усмонов Бекзод Чориевич” МЧЖ “маршрутка”лари нақ 17 йилдан бери битта йўналишда қатнар экан. Хўш, буни қандай тушуниш керак? Бу – мазкур йўлда рақобат йўқлиги, монополия ўрнатиб олинганини кўрсатмайдими? Рақобат йўқлиги сабаб ҳам ҳайдовчилар ўзлари хоҳлаган нархни қўйиб олишаяпти. Шунинг учун ҳам айни шу йўналишда йўлкира қош қорайгач, 2 минг сўмга чиқиб кетаяпти. Дейлик, Қарши шаҳридаги 6-йўналиш “Дамас”лари нега йўлкирани 1500 сўмга кўтариб олмайди? Чунки бу йўналишда автобус ҳам қатнайди. Оз бўлса-да, рақобат бор, йўловчига танлаш имконияти бор.

Бугун инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юзасидан Президентимиз бошчилигида кенг кўламли ишлар қилинаётган экан, транспорт мутасаддилари ҳам халқ томонида туриши, аҳолининг талаб ва истакларини инобатга олиши керак. Қуруқ қошиқ оғиз йиртади, деганларидек, фақат мажлис ўтказиб, тилхат ёздириш билан иш битмайди. Белгиланган меъёрларга бўйсунишни истамайдиганларга қонун берган ваколат – ТАЪСИРЧАН ЧОРАЛАР ҚЎЛЛАШНИНГ ВАҚТИ КЕЛДИ.

Уюшмалар олдида эса икки йўл турибди: ё нархни тушириш, ё шартнома бекор қилиниши...

Толиб ТЕМИРОВ,

Бекзод ЎКТАМ

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.