"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

25 апрель, чоршанба.

“01 ГА ЧИҚИНГ...”

Жараён
Tipografiya

Ўйлаб кўрадиган масала

“01 ГА ЧИҚИНГ...”

Яқинда бир мақола ёзиб, унда айтилган фикрлар юзасидан муносабат билдиришни сўраб, ваколатли идорага хат йўллагандим. Қарангки, орадан ярим ойдан ошиқ вақт ўтди ҳамки, ҳеч бир сас-садо бўлмади. Балки мақолада келтирилган масала чуқурроқ, атрофлича ўрганилаётгандир, деган ўйда мен ҳам жим юравердим. Бироқ мақолага муносабат бўлиши тугул, айтилган муаммо-да ҳал этилмасдан қолаверди.

Охири интернетга кириб, ўша идоранинг телефон рақамларини топдим. Мақола ёзганимни, унда фалон мавзуни кўтарганимни, шунинг натижаси нима бўлаётганини суриштирдим. Хушовоз ходим мени эринмай эшитди-да, канцелярияга чиқишимни айтди. Хайриятки, рақамини берди – бир эмас, иккита. Даставвал “02” рақамлари билан тугайдиганига телефон қилдим, унга ҳам таҳририятда ишлашим, мақола чоп этилгани, шу бўйича хат чиқарилгани, қайси куни чиқим қилинганини тушунтирдим. Олган жавобим шу бўлдики, бу бўйича “01” га чиқишим керак экан. Йўқ, ҳеч бир тушкунликка тушганим йўқ, чунки ўзим юборган хатни топишга тобора яқинлашиб бораяпман, ахир...

Амаллаб айтилган “01”га тушақолгандим, хатнинг рақамини сўраб қолишса бўладими? Уҳ, дедим ўзимча, эътиборсизлигимдан койиндим. Излаб, хатнинг рақамини топдим. Кейин “01”га айтдим. Минг шукурки, хат компьютерда бор экан. Ички бир ҳаяжон билан турганимда “...9880га чиқинг, билиб беришади”, дейишди. Бунисиям ёмонмас. Ҳарҳолда манзил аниқлашди. Демак, хатим шу одамда! Масалани шу одам ечади!

Хурсандлигимданми ё менга шундай туюлдими, “...9880” рақамларининг ўзи терилиб кетди-ёв. Бу гал гўшакни дарров олишди. Мақола ҳақида айтдим. Бояги киши бирпас ўйланиб турди-да, хат рақамини сўради. Боя керак бўлганидан ёдда турган эди – дарҳол айтдим.

“Ҳозир сизга ижрочининг рақамини бераман, ёзиб олинг, “...9897”га телефон қиласиз” деб қолса денг. Куларимниям, хуноб бўлишимниям билмайман. Э, бор-э, мендан нима кетди, деб айтилган рақамни териб юбордим-ей. Қарангки, бу рақамни кўтаришмади!.. Тўрт, беш, ўн қайта тераман, биров олмайди-да.

Иш кунимнинг ярми телефон қилиб, хат кимга ўтказилганини билиш билан ўтди. Бироқ муродим ҳосил бўлмади. Энди ҳаммасини яна ўша “01”дан бошлашим керакка ўхшаяпти. Бироқ бунга на ҳафсала, на вақт бор.

Мен-ку майли, уларнинг жавобига қараб қолган куним йўқ. Муаммо уларсиз ҳам ҳал бўлар. Бироқ оддий одамлар-чи!? Бир ўйлаб кўринг, катта бир қийинчиликка дуч келган одам нажот кутиб шундай бир даргоҳга хат йўлласа-да, натижаси шундай якун топса. Мен-ку, интернетдан ҳечқурса телефонини осонгина топиб олдим, бироқ интернет отлиқ нарсаларни билмайдиган отахону момолар-чи?! Улар кимдан суриштиради босиб ётилган мурожаатлари тақдирини?! Мен-ку ишхона телефонидан 5-6 рақамга қўнғироқ қила олдим, бироқ қўл телефони йўқлар, бору пул ташлаш имкони бўлмаганлар-чи?!

Мурожаатлар билан ишлаш тизими тобора такомил топиб бораётганда, ижро интизомига бу тарздаги муносабатни қандай тушуниш керак? Энг ёмони, ҳозир кўпчилик шу усулга ўтиб олган. Айрим идораларда “Хат фалончига ўтган, писмадончи шуғулланади” каби бир хил гаплардан нарига ўтилмаяпти одатда. Аслида мурожаатлар учун битта – шу ишга масъул этиб бириктирилган одам жавобгар бўлиши керак эмасми? Қайсидир ходимга ўтган бўлса, унинг натижаси, нима учун вақтида ўрганилмаётгани, ҳал этилмаётгани билан битта масъул шуғулланмайдими? Мурожаат этувчига ҳам ўзи батафсил жавобни айтмайдими? Отангга бор, онангга бор, қабилида ишлаш шу-да аслида. Демак, бу борадаги асосий масала мурожаатлар билан ишлашга масъул этиб бириктирилган ходим масъулиятини оширишга бориб тақалаяпти. Агар шу масъулнинг ўзи қайси хат тақдири қай тариқа ҳал қилинганини айта оладиган тизим ярата олмасак, сарсонгарчилик, оворагарчилик ҳеч қачон барҳам топмайди. Аслида шикоятларнинг кўплигига айнан шундай “услуб” – хатни бўлимлару ходимлар аро “айлантириб”, “йўқ қилиб юбориш” ҳам сабаб бўлаётганини унутмаслик керак.

Н.ХЎЖАЕВ