"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 январь, чоршанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

1 ЯНВАРДАН ҚАНДАЙ ҚОИДАЛАР КУЧГА КИРДИ?

Жараён
Tipografiya

Қонун ва ижро

1 ЯНВАРДАН ҚАНДАЙ ҚОИДАЛАР КУЧГА КИРДИ?

Ўтган бир йил мобайнида мамлакатимизни тараққий эттириш, халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш йўлида кўплаб чоралар кўрилди. Бу ишларнинг  ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида  қатор қонунлар, Президент қарорлари, фармонлари қабул қилинди. Уларнинг айримлари ёхуд маълум бандлари юридик жиҳатдан айнан 2018 йилнинг 1 январидан кучга кирди. Қуйида жорий йил аввалидан амал қила бошлаган ана шундай тартиб-қоидалардан бир нечтасини эътиборингизга ҳавола этамиз.

ВАЛЮТА ОЛИБ КИРИШ ВА ОЛИБ ЧИҚИШДА ЯНГИ ТАРТИБ

Президентнинг 2017 йил 6 декабрдаги фармони ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ эндиликда Ўзбекистон Республикасига жисмоний шахслар томонидан 2 минг АҚШ долларигача миқдордаги нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқишда ёзма равишда мажбурий декларация тўлдириш талаби бекор қилинди.

Шунингдек, мамлакатимизга олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган, эквиваленти 2 минг АҚШ долларидан кўп миқдордаги нақд хорижий валюта ёзма декларациялаш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади.

Бундан ташқари, агар божхона назорати қоидаларига риоя қилинса, юртимизга четдан нақд хорижий валютани чекланмаган миқдорда олиб киришга рухсат этилади. Ўзбекистон Республикасидан нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиш божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда эквиваленти 5 минг АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда рухсат этилади. Резидентлар томонидан белгиланган суммадан ортиқча маблағни олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномаси асосида амалга оширилади.

РАҲБАРЛАР ФАОЛИЯТИ ЯНГИ ТИЗИМДА БАҲОЛАНАДИ

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга масъул раҳбарлар, яъни туман ҳокими, прокурори, солиқ идораси, ички ишлар бошлиғи фаолиятини баҳолашнинг янги мезони татбиқ этилди.

Бунда баҳолаш расмий статистика ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар бўйича тўпланган маълумотлар асосида амалга оширилади. Яъни шаҳар ва туманларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ташкил этилган секторлар раҳбарлари томонидан уйма-уй юриш, халқ билан мулоқот, аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларни ечиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлигига асосий кўрсаткичлар сифатида қаралади.

Тизимдаги мезон-индикаторларни баҳолаш бўйича максимал кўрсаткич 100 баллни ташкил этади.

Бунда расмий статистик маълумотлар бўйича максимал 80 балл, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар бўйича максимал 20 балл берилиши белгиланган. 

Ҳисобот даври сифатида ҳар чорак олинади ва чорак якуни бўйича ягона кўрсаткичнинг ўзгариш динамикаси орқали тегишли ҳудуддаги раҳбарнинг фаолиятига асосланган баҳо берилади. 

Баҳолаш натижалари ўрнак кўрсатган секторлар раҳбарлари ва давлат органлари мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлари учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларининг қўлланилишига сабаб бўлиши мумкин.

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗЛАРИ ИШ БОШЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги фармонига асосан, 1 январдан эътиборан “Ягона дарча” марказлари Давлат хизматлари марказларига айлантирилди.

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудлардаги Халқ қабулхоналари қошида фаолият кўрсатадиган Давлат хизматлари марказлари жисмоний ва юридик шахсларга “ягона дарча” тамойили бўйича, шу жумладан, олис жойларга чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатади.

Фармонда 2018 йил 1 февралга қадар муддатда Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш белгиланган.

ИЧИМЛИК СУВИ УЧУН ОЛДИНДАН ҲАҚ ТЎЛАНАДИ

Жорий йилдан бошлаб барча гуруҳ истеъмолчиларига сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолларда, мазкур истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда сув таъминоти ва сув чиқариш тизимидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги фармонида белгиланган. 

Янги тартибга кўра, сув таъминоти ва сув чиқариш тизимидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда I гуруҳ истеъмолчиларидан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида, II ва III гуруҳ истеъмолчиларидан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига маблағларни ўтказиш орқали ундирилади. Истеъмолчи эса сув истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг лозим даражада эксплуатация қилиниши ва созлиги учун жавобгар бўлади.

ХУСУСИЙ БОҒЧАЛАР КЎПАЯДИ

Президентимизнинг 2017 йил 9 сентябрдаги қарорига кўра, Тошкент, Нукус шаҳарларида, вилоятлар марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этила бошланди.

Бунинг учун инвесторларга ер участкалари, бўш турган бинолар, шу жумладан, фаолият юритмаётган ва тарбияланувчилар сони кам бўлган давлат мактабгача таълим муассасаларини беғараз ажратиш кўзда тутилган.

Инвесторларга давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун соҳадаги давлат талабларига, санитария-гигиена нормаларига қатъий риоя этиш, хизмат нархининг ижтимоий ҳаммабоплигини таъминлаш, келишув амал қилишининг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш шартлари қўйилади.

АВТОМОБИЛЛАР ТЕХНИК КЎРИГИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАДБИРКОРЛАРГА БЕРИЛАДИ

Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги тегишли қарорига асосан, жисмоний шахсларга қарашли енгил автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишни юридик шахслар - тадбиркорлик субъектларига босқичма-босқич ўтказиш бошланди.

Шу вақтга қадар бу ишни ИИВнинг  Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмалари бажариб келаётган эди.

ИШОНЧНОМАНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАЛАБИ БЕКОР ҚИЛИНДИ

Автомобилдан фойдаланиш ишончномалари, ижара шартномалари, беғараз фойдаланиш, гаров, лизинг шартномаларини йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида рўйхатдан ўтказиш талаби бекор қилинди.

Эндиликда ишончномаларнинг электрон шакллари нотариуслар томонидан Ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати бўлинмаларига юборилади.

ИШИГА ҚАРАБ Ё РАҒБАТ, ЁКИ ЖАРИМА

Мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 декабрдаги тегишли фармонига асосан, жорий йилдан бошлаб молия ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларига жавобгарлик ва рағбатлантириш чоралари кўрилади.

Яъни солиқ ва молия органлари раҳбарлари маҳаллий бюджет даромадларини ошириш, солиқ қарздорлигини қисқартириш борасида амалга оширган ишлари миқдорига қараб ҳар ойда ўз лавозим маошларига нисбатан 50 фоизгача бўлган миқдорда мукофотланади. 

Аксинча, юқорида кўрсатилган мезонларнинг ижроси таъминланмагани учун уларга нисбатан лавозим маошларининг 30 фоизигача миқдорида жарима санкциялари қўлланилади.

ТАДБИРКОРНИНГ МЕҲНАТ СТАЖИНИ ЭЛЕКТРОН ҲИСОБГА ОЛИШ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, эндиликда якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари аъзолари, қорамол ўстириш ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланаётган шахслар ҳамда юридик шахс мақомига эга бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бошқа субъектларнинг меҳнат стажлари электрон тарзда ҳисобга олинади.

Меҳнат стажи (шу жумладан лавозим мавқеи, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даврлари, меҳнат таътилидаги ва узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган даврлар) ҳақидаги маълумотлар ҳар бир жисмоний шахс бўйича иш берувчилар томонидан давлат солиқ хизмати органларига бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича солиқ ҳисоботи таркибида тақдим этилади.

ПЕНСИОНЕР ШИФОКОРЛАРГА НАФАҚА ТЎЛИҚ ТЎЛАНАДИ

Жорий ойдан бошлаб мулкчилик шаклидан қатъи назар барча турдаги тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган пенсионер шифокорларга нафақа тўлиқ ҳажмда тўланади.

Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси  Президентининг “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган. 

ТАМАКИ ВА АЛКОГОЛЬ МАҲСУЛОТЛАРИ АКЦИЗ СОЛИҒИ ОШДИ

1 январдан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тамаки маҳсулотларининг акциз солиғи ставкалари 2,2 баробарга оширилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги тегишли қарорида белгилаб берилган.

Шунингдек, мазкур қарорга кўра республикада ишлаб чиқарилаётган алкоголь маҳсулотларига ҳам акциз солиғи ставкаси оширилди.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.