"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

“101” ХАБАРЛАРИ

Жараён
Tipografiya

“101” ХАБАРЛАРИ

Айб носоз газ ускунасидами ёки ундан фойдаланганларда?

2017 йилнинг 30 декабрь куни соат тахминан 21:30. Шаҳрисабз тумани ички ишлар бўлимига туман тиббиёт бирлашмасидан тезкор хабар келиб тушади. Унда мазкур муассасага 5 нафар кишининг    куйиш тан жароҳати билан олиб  келингани билдирилган.

Ўрганишлар давомида маълум бўлдики, Шаҳрисабз шаҳар Кунчиқар кўчаси 22-уйда яшовчи, нафақахўр Нарзулла Каттабоевнинг хонадонида газ ва ҳаво аралашмасидан чақнаш ҳолати юз берган.

Чақнаш натижасида уй эгасининг  40 ёшли ўғли Алишер Нарзуллаев, бир нафар 17 ёшли, икки нафар 12 ёшли ҳамда 1 нафар 11 ёшли набиралари турли даражадаги куйиш тан жароҳати олиб, туман шифохонасининг тез ёрдам бўлимига ётқизилган.

Хонадон эгаларининг кўрсатмаларига кўра, чақнаш хонадон соҳибининг набираси Лобар Нарзуллаева уй ичига ўрнатилган печга ўтин қалаб, гугурт чаққанида юз берган.

Шаҳрисабз туманлараро газ участкаси мутахассислари томонидан  дастлабки ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, мазкур хонадон эгалари табиий газ таъминотига ўзбошимчалик билан, белгиланган хавфсизлик талабларига риоя этмасдан ҳамда рухсат бериш ҳужжатларини расмийлаштирмасдан уланиб олган. Тортилган қувурдаги газ крани носоз бўлган. Ундан газ сизиб чиқиши ва уйда тўпланиб қолиши натижасида чақнаш содир бўлган.

Худди шу куни яна бир чақнаш Қарши шаҳри Чақар маҳалласи Чақар кўчаси 28-уйда юз берган. Натижада хонадон соҳибининг жияни, Қарши транспорт коллежи ўқувчиси Диёрбек Аҳмедов куйиш жароҳати олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё  филиалига етказилган.

Таажжубки, бу чақнашга ҳам хонадондаги ҳаммомга ўрнатилган иситиш печининг носозлиги сабаб бўлган. Яъни, ундан газ сизиб чиқиб турган ва Диёрбек печни ёқишга уринганида чақнаш юз берган.

БИР КИШИНИНГ ХАТОСИ ҚЎШНИГА ҲАМ ЖАФО БЎЛДИ

2017 йил 31 декабрь. Ҳамма жойда байрам кайфияти. Бироқ Қарши шаҳри Беглар маҳалласи Тўмарис кўчасидаги икки хонадон эгаларига байрам татимагани аниқ. Сабаби, шу куни мазкур    хонадонларда ёнғин юз берди.

Аввалига аланга Султонбек Фозиловнинг яшаш уйи ҳовлисида бошланган. Дастлаб, ҳовли четидаги ҳаммомнинг тепа қисми ва томга босилган беда ғарами ёниб кетган. Сўнг ёнғин қўшни – Хуршид Жўрақуловнинг яшаш уйи қўшимча биноларига кўчган. Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида аланга ўчирилган. Акс ҳолда талафот янада катта бўлиши мумкин эди.

Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, ёнғин Султонбек Фозиловга тегишли ҳаммом иситиш печининг мўриси ўта қизиб кетиши натижасида келиб чиққан. Ҳозирги вақтда қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

ЧЎF ҲАМ АЛАНГАГА АЙЛАНИШИ МУМКИН

2018 йилнинг илк куни ҳам ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари учун кўнгилсиз хабар билан бошланди. Боиси, шу куни Қарши шаҳри Зоғза маҳалласида яшовчи Феруза    Имомова хонадонида ёнғин рўй берди. Оқибатда ҳовлидаги айвоннинг том қисми ва ўтин ғарами ёниб кетган. Аланга ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ўчирилган.

Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, ёнғинга хонадон соҳибаси айвонда ўтин ёқиб, қолган чўғни ўчирмагани сабаб бўлган. Натижада чўғнинг митти парчасини шамол учириб, шу яқиндаги ўтин ғарамига олиб келган. Қолганини эса ўзингиз тасаввур    қилаверинг...

“ТЎРТ ОFАЙНИ”ДАГИ ЁНFИН

2018 йилнинг 4 январь куни   Яккабоғ тумани Ёшлик маҳалласи Тўрт оғайни қишлоғида яшовчи фуқаро Насриддин Тошевнинг яшаш хонадонида ёнғин юз берган. Аланга ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ўчирилган. Бунгача эса фуқарога тегишли уйнинг том қисми жиддий зарарланган.

Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, ёнғиннинг келиб чиқишига уй ичига ўрнатилган печ мўриси қаттиқ қизиб кетиши сабаб бўлган. Ҳозирги вақтда бу борада қўшимча ўрганишлар олиб борилаяпти.

ЭЛЕКТР СИМИДАГИ ТУТАШУВ

Жорий йил 4 январь куни Миришкор тумани Янги Миришкор маҳалласи Обод кўчасидаги хонадонлардан бирида ҳам ёнғин келиб чиқди. Натижада фуқаро Ҳайитбой  Шомирзаевга тегишли уй ҳовлисидаги қўшимча бино ёниб кетган.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан олиб борилган ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, аланганинг келиб чиқишига хонадон эгаларининг электр симларидан нотўғри, унинг қувватини ҳисобга олмаган ҳолда фойдалангани сабаб бўлган. Натижада сим қизиб, қисқа туташув ҳолати юзага келган.

ҚУРУҚ ЎТИН ШУНДОҚ ҲАМ ЁНАДИ

2017 йил  31 декабрь куни Қарши тумани Ғубдин қишлоғида яшовчи Илҳом Усмоновнинг яшаш хонадонида ҳам бир лаҳзалик аланга юз берган. Натижада ушбу фуқаро куйиш тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига ётқизилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу фуқаро уй ҳовлисидаги печга ўтин ёқаётиб, устига тез аланга олувчи суюқлик (газ конденсати) сепган. Натижада лаҳзалик аланга юз бериб, унинг жиддий тан жароҳати олишига сабаб бўлган.

ТЎҚНАШУВ ОҚИБАТИ

2017 йилнинг 30 декабрь куни Нишон тумани Нишон қишлоғида яшовчи фуқаро Сардор Юлдошев туман ички йўлларидан бирида “Epica” русумли автомашинани бошқариб келаётиб, рўпарасидан чиққан,  фуқаро Раҳматилла Мирзаев бошқарувидаги “ВАЗ-2106” русумли машина билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси  содир этган.

Натижада ёнғин юз бериб, “Epica” автомашинасининг олд мотор қисми жиддий зарар кўрган. Тўқнашув оқибатида юзага келган аланга ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан бартараф этилган.

С.ВАЙИТОВ, вилоят ИИБ ЁХБ катта муҳандиси, лейтенант

 

Ж.БОЙМУРОДОВ, журналист