"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 июнь, чоршанба.

“САРИҚ” НИҚОБ ОРТИДА НИМАЛАР ЯШИРИНГАН?

Жараён
Tipografiya

Qashqadaryo”га жавоб берадилар

“САРИҚ” НИҚОБ ОРТИДА НИМАЛАР ЯШИРИНГАН?

ЁКИ ЯНА ЙЎНАЛИШСИЗ ТАКСИЛАР ҲАҚИДА”

Таҳририятимизга “Qashqadaryo”нинг 2017 йил 5 декабрь сонида чоп этилган “Сариқ” ниқоб ортида нималар яширинган? Ёки яна йўналишсиз таксилар ҳақида” сарлавҳали мақола юзасидан вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.РАДЖАБОВ имзоси билан қуйидаги жавоб хати келди:

“Мақола бошқармада ўрганиб чиқилиб, муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги қарори асосида йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланувчи 17 юридик шахсга жами 590 тага яқин автотранспорт воситалари шартнома асосида аъзо қилинган бўлиб, уларнинг 22 таси автобус, 8 микроавтобус, 315 тага яқин йўналишсиз такси ва 18 тасини юк автомашиналари ташкил этади, шунингдек, соҳа корхоналарида ҳозирда 1,6 мингга яқин ишчи-ходимлар хизмат қилиб келмоқда.

Йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 315 та йўналишсиз таксиларнинг барчасида таксометр (назорат-касса машинаси ҳам ичида) ўрнатилган бўлиб, йўналишсиз таксилар томонидан ўтган йил давомида жами 2 миллиард 481,7 миллион сўмга яқин нақд пул кирим қилинган ва инкассация хизмати орқали банк муассасасига топширилган.

Ўтган йилда Қарши шаҳридаги автотранспорт корхоналарида 57 маротаба мониторинг олиб борилиб, улар натижаларига кўра нақд пул тушумини корхона хазинасига кирим қилмай келаётган 5 та субъектда назорат текширишлари ўтказилиб, корхоналарга нисбатан молиявий ва раҳбарларига нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилган. Шунингдек, 3 та корхонада ҳужжатли текширишлар ўтказилиб, камерал назорат натижасига кўра давлат бюджетига қўшимча суммалар ундирилган.

Қарши шаҳри ҳудудида аҳолига ноқонуний пуллик хизмат кўрсатувчи шахсий транспорт эгаларини аниқлаш, аниқланган транспорт эгаларини жойлардаги аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатаётган уюшмаларга аъзо қилдириш бўйича вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят  бошқармаси ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармасининг қўшимча чора-тадбирларига асосан жами 239 маротаба рейд текшируви ўтказилиб, 813 та автотранспорт воситаси текшириб кўрилган. Рейд текширувларида ноқонуний равишда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиб даромад олаётган фуқаролар аниқланиб, расмийлаштирилган ҳужжатлар чора кўриш учун суд органларига юборилган ва судлар томонидан маъмурий жарималар қўлланилган.

Ушбу йўналишдаги ишлар устидан назорат янада кучайтирилган ҳолда иш самарадорлигини оширишнинг барча чоралари кўрилди”.

ТАҲРИРИЯТДАН: Мақолада йўналишсиз таксилар фаолияти мавжуд тартибга мос эмаслиги, назорат-касса машинаси ва терминал билан жиҳозланмагани, натижада нақд пул тушуми банкка топширилиши таъминланмаётгани айтилган, мақсад эса йўналишсиз таксилар аслида қандай бўлиши юзасидан жамоатчилик фикрини шакллантириш, шу орқали сифатли хизматни таъминлашдан иборат эди.

Мен нима дейман, қўбизим нима дейди, деганларидек, вилоят давлат солиқ бошқармаси мутасаддилари мақола юзасидан бажарилган ишлар эмас, транспорт хизмати хусусидаги статистик маълумотларни жўнатишни эп кўришибди. Ваҳоланки, бу статистика ҳам баҳсли бўлиб, солиқ идораси маълумотларида 590 га яқин йўналишсиз такси борлиги келтирилган бўлса, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бошқармаси маълумотларида 1035 та автотранспорт воситасига йўналишсиз такси хизмати кўрсатиш учун лицензия берилгани, биргина Қарши шаҳрининг ўзида 750 та йўналишсиз такси мавжудлиги айтилади. Агар солиқ идораси келтирган маълумот бир йўналиш, масалан, Қарши шаҳридаги 1-йўналишга тегишли деб олсак, жавоб хатида буни тасдиқлайдиган бирор далил, ўрганиш натижаси йўқ.

Қолаверса, жавоб хати қуруқ ҳисоботдан бошқа нарса эмас. Чунки унда келтирилган мисоллар мақола юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижаларини ўз ичига қамраб олмаган. Жавоб хатида барча таксилар назорат-касса машинаси билан жиҳозлангани айтилаётган бўлса-да, қайси йўловчи чек берилишига дуч келибди? Қайси ҳайдовчи чек беришни табиий қабул қилади? Балки бундай транспорт воситаларида назорат-касса машиналари ўрнатишнинг имкони йўқдир? Нега мутасаддилар бу борада ҳеч нарса демайди? Агар таксиларни назорат-касса машинаси билан жиҳозлаш ўзини оқламаётган бўлса, янгича, инновацион ёндашув керакдир. Бу борада ўзгартириш, таклиф беришдан нега қўрқиш керак? Ахир юртимизда барча жабҳада фойдага хизмат қиладиган ҳар қандай ўзгариш қилиш имкони бор-ку ҳозир.

Бундан ташқари, йўналишсиз таксилар томонидан ўтган йилда кирим қилинган 2 миллиард 481,7 миллион сўмга яқин нақд пул солиқчиларга сал камдай туюлмаяптими? Борингки, улар айтган рақамда тўхтаб, 590 та йўналишсиз такси бор, деб олсак ва улар (автобус, микроавтобус, енгил машина) кунига ўртача 40 минг сўмдан топширади, десак (автобуслар учун “кунлик тўлов” 200-300 минг сўм), бу бир кунда 23 миллион сўмдан ошади. Буни бир ойга чўтласак, 700 миллион сўмдан, бир йилга чамаласак, нақ 8,5 миллиард сўмга етади. Хўш, бу рақамлар солиқ идораси мутахассислари учун қизиқ эмасми? Қолган пул қаерга кетаяпти? Қайси йўл билан айланаяпти?

Агар ҳаммаси вилоят давлат солиқ бошқармаси хатида айтилгани каби бўлганида эди, эҳтимолки мақола ҳам ёзилмасди. Жавоб хатини йўллашдан олдин масъул шахс ўтган йилги ҳисоботларни эмас, Қарши шаҳридаги Ўзбекистон кўчасидаги, 1-йўналишдаги аҳволни чиқиб кузатса, ўз кўзи билан кўрса, жонли ва таъсирчан жавоб юзага келарди балки...