"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 июнь, чоршанба.

БОЛА ҲЕЧ КИМГА БЕГОНА ЭМАС

Жараён
Tipografiya

БОЛА ҲЕЧ КИМГА БЕГОНА ЭМАС

Мурувват уйи. Бошқа уйлардан фарқли равишда бу ерда хаста, имконияти чекланган болалар яшайди. Тақдирнинг бешафқат зулмига учраган бу бегуноҳларнинг кўзига тик боқиш азоб аслида. Бу ерда бир дам туриш учун кишидан чидам, сабр-бардош, метин ирода талаб қилинади. Моҳира Холмўминова ҳам ана шундай жонкуяр, фидойи инсонлардан. Унинг учун боланинг бегонаси йўқ. У – она. Ўзбекнинг бағрикенг онаси.

Дарҳақиқат, Қарши Мурувват ногирон болалар учун интернат уйида бугун 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 280 нафар руҳий хаста, соғлиғида нуқсони бор болалар парваришланмоқда. Бу ерда катта ёшдаги ўғил болалар, кичик ёшдаги ўғил болалар, доимий ётоқли болалар ҳамда катта ёшдаги қиз болалар учун махсус бўлимлар мавжуд бўлиб, уларга 10 нафар малакали шифокор, 23 нафар ҳамшира, 60 нафар тарбиячи, ўнлаб энагалар хизмат кўрсатишади.

Моҳира Холмўминова ҳам бу ерда тарбиячи бўлиб ишлайди. Унинг қарамоғида 5 нафар парваришга, эътиборга муҳтож доимий ётоқ режимидаги қиз болалар бор. Ўз ишини болалар билан бирга эрталабки бадантарбиядан бошлайди. Кун бўйи болажонлар билан мунтазам ўқув-тарбиявий машғулотлар ўтказади. Хусусан, интерфаол усулларни қўллаш орқали уларда ҳаётий кўникмаларни шакллантириб, ўзига ўзи хизмат қилишга, санитария-гигиена қоидаларига риоя этишга ўргатади. Ўтилган машғулотларни бола онгига чуқур сингдириш учун ўйинлар ташкил этади.

- Халқимиз болапарвар халқ, - дейди Моҳира Холмўминова. – Бир болага етти маҳалла ота-она, боланинг бегонаси бўлмайди деган ажойиб нақллар ҳам миллатимизга хос. Шундай экан, бу ердаги болажонлар ҳам биз учун бегона эмас. Уларнинг меҳрга зор, ташна юракларига озгина бўлса-да, мал ҳам бўлсам, бу мен учун катта бахт. Гарчи соғлиғида нуқсони бўлса-да, болалар меҳрни, эътиборни сезади,ҳис қилади. Аллоҳим бу болаларни бизнинг парваришимизга муҳтож этиб яратган экан, нега улардан меҳримизни, ёрдамимизни аяшимиз керак. Агар битта боланинг саломатлигини озгина тиклаб, ўз-ўзига хизмат қила олишга ўргата олсам, ишимдан кўнглим тўлади. Бу ишларни мен оналик вазифам, аёллик бурчим деб биламан.

Муассасадаҳар бир тарбиячи 5 нафардан бола билан индивидуал, яъни яккаҳолда шуғулланади. Боланинг саломатлиги, аввалги ва кейингиҳолатини кузатиб, назорат қилиб боради. Уларни тиббий-педагогик текширувдан ўтказиб, педагог, логопед, терапевт, психолог ва бошқа мутахассислар кўригига йўналтиради. Болалар йилига икки маротаба соғлиқни сақлаш ташкилотлари ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади ва ташхис натижаларига кўра кейинги даволаш ишлари амалга оширилади.

Муассаса тарбиячиси иш фаолиятини Халқ таълими вазирлиги таълим маркази томонидан тавсия этилган ишчи дастурлар асосида олиб боради. Худди шундай “Имбециль болалар таълими” дастури ёрдамида имконияти чекланган болаларга таълим-тарбия берилиб, зеҳни оширилса, “Каролина” дастури асосида оғир ва ўрта даражадаги ақли заиф болалар билан ишланади. Моҳира Холмўминова кўп йиллик меҳнат тажрибаси давомида ушбу дастурлардан фойдаланиб, кўпгина ижобий натижаларга эришган. Хусусан, 2013 йилда муассасага келтирилган сурхондарёлик Машҳура Қаршиеванингҳолати анча оғир эди. У гапиролмас,ҳаракатлари жудаям суст бўлган. Қизалоқ бир неча йил мобайнида уста тарбиячи томонидан яхши парваришланиб, ҳам ақлан, ҳам жисмонан тикланади. Буни кўрган ота-онаси келиб қизини уйига олиб кетишди.

Самарқандлик Ҳилола Тошмирзаева ҳам келган пайтида юра олмас эди. Мутахассислар меҳнати ва тарбиячининг бой тажрибаси сабабли Ҳилолаҳозирги пайтда мустақил юра олади. Ўзгаларнинг суяшига эҳтиёжи йўқ.

Бу ерга оғир даражада олиб келинган 13 ёшли ғузорлик Дилобар Сувонованинг ҳам Моҳира Холмўминова ғамхўрлиги ёрдамида аҳволи яхшиланди, оғир даражадан ўрта даражага олиб чиқилди.

Бундайҳолатларни тарбиячи-педагог иш фаолиятида кўп кузатиш мумкин. Унинг бу саъй-ҳаракатлари давлатимиз эътиборидан четда қолмади. 2017 йил 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра Моҳира Холмўминова ватанимизнинг юксак мукофоти - II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди.

- Қиз болаларга миллий ҳунармандчилигимиз намуналаридан - матога бисер қадаш ёки кашта тикишни ўргатамиз, - дейди моҳир тарбиячи. - Овқат ва салатлар тайёрлаш машғулотлари жудаям қизиқарли ўтади. Шунингдек, фасллар тасвирини, табиат ҳодисаларини расмлар орқали тасвирлаймиз. Шахмат, шашка мусобақалари ташкил этамиз. Кўпроқ болажонлар тасаввури бойиши учун эртаклар ва ҳикоялар ҳамда бадиий асарлар ўқиб берамиз. Сўнг асар мазмуни ҳақида суҳбатлашамиз. Бу болажонларга жуда ёқади.

Ҳафтанингҳар жума куни ўтказиладиган очиқ машғулотларда тарбиячилар ўзи парвариш қилаётган болалар соғлиғидаги ақлий ва руҳий ўзгаришлари ҳақида маълумот беришади. Ўз навбатида маъмурият ходимлари ва мутахассислар тарбиячининг фаолиятини баҳолайди. Шу билан бирга болаларнинг ўзгаришларини таҳлил қилиб, тегишли мутахассисга йўналтиради.

Мурувват уйидан қайтар эканман ногирон фарзандлар туғилиши сабабларини хаёлдан ўтказдим. Ўз фарзандларинингҳаётини ўзи барбод қилаётган соғлом турмуш тарзидан воз кечган ва ёмон одатлар домига ғарқ бўлган ота-оналарга нисбатан нафратим ортди...

 С.АЛЛАЁРОВА