"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июль, душанба.

“ЯХШИ ВА ЁМОН” ХОЛЕСТЕРИН

Жараён
Tipografiya

Мутахассис тавсияси

“ЯХШИ ВА ЁМОН” ХОЛЕСТЕРИН

Қонда унинг миқдори ошмаслигига қандай эришиш мумкин?

Кўпчилик холестериннинг турган-битгани организм учун зарар, деб ўйлайди. Бу гапда бироз бўлса-да жон бор. Чунки қонда холестерин кўпайиб кетса, юрак, юрак-қон томир ҳамда мия хасталиклари (миокард инфаркти, инсульт ва бошқалар)ни келтириб чиқариши айни ҳақиқат.  Бугун дунё миқёсида қайд этилаётган ўлим ҳолатларининг ярмидан ортиғига айнан шу касалликлар сабабчи. Ўз навбатида ушбу муълумотларга асосланиб, холестеринни буткул ёмон дейиш ҳам нотўғри. Боиси, унинг зарари билан бирга инсон саломатлиги учун фойдаси ҳам бор. Хўш, холестерин қачон бизга зиён етказади ё қай ҳолатда наф беради? У туфайли юзага келадиган нохуш ҳолатларда қандай қоидаларга риоя қилиш керак? Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.

ЯШИРИН ДАВРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Аввало холестерин ўзи нима эканига тўхталсак. Содда айтганда, у ёғсимон модда бўлиб, фанда липопротеид дейилади. Улар қонда икки хил кўринишда учрайди, яъни паст зичлик (ПЗЛП) ва юқори зичликка эга (ЮЗЛП) липопротеидлар. ПЗЛПни “ёмон”,  ЮЗЛПни эса “яхши” холестерин дея сифатлаш мумкин. Айнан мана шу “ёмон” холестерин қон томирларининг деворига чўкма ҳолида ёпишиб, атеросклероз бошланишига олиб келади. Атеросклероз юрак мускулли қаватидаги тож томирларининг торайиб қолиш ҳолатидир. Юрак ва юрак-қон томирлари тизимидаги барча сурункали касалликлар асосан шу туфайли келиб чиқади.

“Яхши” холестерин эса бундай хусусиятга эга эмас. Аксинча, у атеросклероз келиб чиқишига тўсқинлик қилади. Бундай холестеринлар томирларда юзага келаётган тошмачаларни ўзи билан жигарга олиб бориб қайта ишлайди. Шу йўл билан организм бир қадар “ёмон” холестериндан қутулади.  Шунинг учун қонда холестерин миқдорини аниқлашда уларнинг “ёмон” ва “яхши” сифатлиларини фарқлаш керак.

Қонда умумий холестерин миқдори меъёри (5,17 ммоль/л)дан кўпайиб кетмаса, атеросклероз ҳосил бўлишидан қўрқмаслик керак. Агар бу кўрсаткич чегара (6,18 ммоль/л)дан ошса хавфли. 6,21 ммоль/л эса ўта хавфли бўлиб, бундай ҳолда дарҳол мутахассисга мурожаат қилиб даволаниш чорасини кўриш лозим. Имкон қадар “ёмон” холестериннинг қондаги миқдорини 4,11 ммоль/л дан ҳаргиз оширмасликка ҳаракат қилиш керак.

Эътиборлиси, қонда холестериннинг кўпайиши бирданига сезилмайди.    Дастлаб атеросклероз тошмачалари пайдо бўлиб, у билан боғлиқ бошланғич касалликлар, яъни юрак ишемик  хасталиклари бўлмиш юрак уриш маромининг бузилиши (аритмия), стенокардия, қон айланишнинг секинлашиши яширин давр – 20-25 йилгача чўзилиб, шундан кейингина ҳақиқий бетобликлар юзага чиқади. Бу орада айрим кишиларда миокард инфаркти, мияга қон қуйилиши (инсульт), тўсатдан ўлим ҳолати содир бўлиши ҳам мумкин.

ҚАНДАЙ ОМИЛЛАРГА БОҒЛИҚ?

Холестерин кўпайиб кетишига қарши доимий чора кўрилса, бу касалликлар саломатлигимизга хавф солмайди, албатта. Бахтга қарши аксарият кишилар бу нарсага ҳадеганда эътибор бермайди, унинг моҳиятини тушуниб етмайди. Натижада бундай лоқайдликнинг аччиқ ва қайтарилмас азобини чекади. Шундай экан, қондаги холестеринни вақти-вақти билан аниқлаб туришни қанча эрта бошласангиз, шунча яхши.

Яна шу нарса диққатга сазоворки, кимда хавф-хатарли, қалтис одатлар бўлса, ўшаларда холестерин миқдори ошиши кузатилади ва у билан боғлиқ хасталиклар кўп учрайди. Ушбу одатларга биринчи навбатда тамаки чекиш, семириш, камҳаракатлилик киради. Бундан ташқари, юқори артериал қон босими (140/90 мм симоб устунидан кўп),  ирсий хусусиятлар (ота-онада 55-65 ёшгача бўлган юрак касалликлари), қандли диабет, кучли стресс ҳолатлари ҳам бунга сабаб бўлади.

Мазкур хавф-хатарлар айрим ёш-ялангларни ҳам четлаб ўтмайди, ҳатто уларда айтилган омилларнинг биттаси эмас, бир нечтаси биргаликда учрайди (масалан, чекиш, камҳаракатлик). Бундайларда холестерин кўпайиши учун кенг йўл очилган, юрак ва мия хасталикларига чалинишга мойиллик юқори. Одатда тошмачалар 20 ёшдан кейин томирчалардаги холестерин доғлари кўринишида қайд қилинар экан. Ушбу ҳолатни 5 йилдан кейин қайта текшириб кўриш керак. Агар доғ қуюқлашмаган ва хавф-хатарли омиллардан холи бўлса, хавотирланмаслик мумкин.

Бундай текширишни 40 ёшга етгандан кейин яна қайта ўтказиш лозим, айнан бу даврга келиб хоҳласак-хоҳламасак, ёш нуқтаи назаридан кўпчиликда тошмачалар қисман бўлса-да, юзага келиб қон томирлари маълум даражада торая бошлаши бор нарса. Шу боис юрак фаолиятида айрим  муаммоларнинг келиб чиқиши эҳтимолдан узоқ эмас.

ХОЛЕСТЕРИН ТЕТИКЛИК УЧУН КЕРАК

Табиийки, қондаги холестерин миқдори, унинг кўпайиб кетмаслиги тановул қилаётган овқатимизга ҳам боғлиқ. Буқрот (Гиппократ) айтганидек: “Бола онадан соғлом туғилади, барча орттирилган касалликлар эса унинг оғзидан киради” ёки  “Қабул қилган доринг овқат бўлсин, еган овқатинг эса дармон”. Буюк аждодимиз, аллома Абу Али ибн Сино эса “Ким сиҳат-саломатлигини яхшиламоқчи бўлса ва узоқ умр кўришни истаса, энг аввал нима еб-ичганига эътибор қилсин” деб уқтирган. Парҳезшунослик соҳасига муносиб ҳисса қўшган олим А.Покровский “Ейиладиган овқат фақат энергия берувчи ҳамда организм учун пластик (“қурилиш”) материал бўлиб қолмасдан, балки у бир вақтнинг ўзида жуда мураккаб ва муҳим фармакологик комплекс бирикма ҳамдир” деб қайд этган. Бундан аниқ бўладики, тўғри овқатланиш йўли билан жуда кўп касалликнинг олдини олиш мумкин. Бу холестериннинг салбий оқибатларини бартараф қилишга ҳам тааллуқли.

Шуни эсдан чиқармаслик керакки, холестерин танага фақат таомлар билан кирмайди, унинг учдан икки  қисми жигарда синтез қилинади. Қолгани вужудга овқат билан тушади. Шундай экан, қонда доим холестерин бўлади, чунки у маълум миқдоргача организм учун керак. Негаки, улардан биринчи навбатда тетиклик ва ишчанлик учун зарур гормонлар синтез қилинади. Бу гормонлар камайиб кетмаслиги даркор. Қолаверса, холестерин организм иммун тизими шаклланиб туриши учун ҳам зарур модда ҳисобланади. Уни билиб-билмасдан камайтиришга ҳаракат қилинаверса, турли-туман юқумли касалликларга чалиниб қолиш ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам бу борада тушуниб-тушунмасдан иш тутиш мумкин эмас. Қуйидаги тавсияларга амал қилиш эса фақат сизнинг фойдангизга хизмат қилади.

ҲАММА ФОЙДАСИ - ПЎСТИДА

Биринчидан, “ёмон” холестеринлар тўйинган ёғ кислоталари, хусусан маргарин, чарви ёғи, семиз гўшт, айрим ёғли сут маҳсулотлари (ёғли сметана, қаймоқ, сариёғ) таркибида кўп бўлади. Шунинг учун айтилган маҳсулотлардан иложи борича камроқ истеъмол қилиш, айримларидан эса  (маргарин ва у қўшилган таомлар) умуман воз кечиш ҳаммасидан яхши. Бундай ёғлар ўрнига тўйинмаган ёғ кислоталаридан (улар асосан ўсимлик мaҳсулотлари таркибида бўлади) ташкил топган ёғлар истеъмол қилишга ўтиш керак. Ёнғоқ, зардоли, бодом ва писта данакларидан ҳамда қовун, тарвуз, узум, помидор уруғларидан олинган ёғларда бундай фойдали ёғ кислоталари мўл бўлади. Балиқда ҳам бундай ёғлар кўп.

Албатта, қўй гўштидан шўрва, кабоб ва шунга ўхшаш мазали таомлар истеъмол қилиб туришни ҳамма ҳам хуш кўради. Лекин бундай овқатлар ҳафтасига икки мартадан ошмаслиги мақсадга мувофиқ, чунки улар таркибида “ёмон” холестерин сероб. Маълум бўлганидек, ҳафтанинг 5 кунида балиқли ва гўштли oвқатлар истеъмол қилинса, қолган икки кунида сабзавот ва полиз маҳсулотларидан тайёрланган, шолғом, карам шўрва, ошқовоқли овқатлар билан таомланиш лозим.

Иккинчидан, кундалик таомингизда албатта камида 30 грамм озиқ толалари (целлюлоза, яъни клетчатка) бўлиши керак, улар тўйинмаган ёғлар билан биргаликда “ёмон” холестеринни кўпайтирмаслик хусусиятига эга. Озиқ толалари ичакларда парчаланмайди ва ўзи билан анча-мунча сув ҳамда тўпланган холестеринларни шилиб олиб нажас кўринишида организмни тарк этади. Бундай толалар кепагидан ажратилмаган ундан тайёрланган нонда ва бошқа таомларда, сабзи, шолғом, лавлаги, олма, нок, олхўри каби мевалар пўстида, ошқовоқда, кўкатларда кўп. Шунинг учун олма, сабзиларнинг пўстини қириб ташламасдан истеъмол қилиш фойдали ҳисобланади. Яна ана шу пўстларда клечаткадан ташқари витаминлар, керакли минерал моддалар мева-чеваларнинг қолган қисмига нисбатан мўл бўлади.

Учинчидан, полициклик спирт ҳисобланувчи стерол, стерин ва станоллар ичакларда холестерин сўрилишини камайтиради. Улар ёғда эрувчи витаминларнинг келиб чиқувчиси ҳисобланиб, кўпгина ўсимликлар таркибида, улардан тайёрланган шарбатларда, рафинация қилинмаган ўсимлик ёғларида ҳамда ёгуртда учрайди. Агар улардан сутка давомида 2-3 грамм қабул қилиб турилса, қонда холестерин миқдори 15 фоиз ва ундан ортиқ камайиши мумкин экан.

Тўртинчидан, ҳозирги пайтда кўпайиб кетган холестеринни камайтирувчи парҳез таомлардан эҳтиёт бўлиш керак. Улар ҳамма учун ҳам фойдали бўлавермайди, баъзан зарарли бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳар ким ўз организмига мос келадиган таомларни, шу жумладан, ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотларидан ҳам ҳаёти давомида (ўзига мос келадиганини) танлаб кундалик рационини тузиб олиши керак. Фақат бундай рацион албатта хилма-хил, баланслаштирилган (таркибидаги озиқ моддалари, яъни оқсиллари, углеводлари, ёғлари, витаминлари, минерал моддалари маълум) нисбатда, фойдали ва бир-неча бор синаб кўрилган бўлиши мақсадга мувофиқ.

Мана шундай овқатланиш тартиби соғлом овқатланишга киради ва унга амал қилиб борилса, умумий соғлигимиз яхшиланади. Натижада қонда холестерин миқдори кўпайиши ҳамда у боис келиб чиқадиган хасталиклардан ишончли ҳимояланган бўламиз.

Шониёз ҚУРБОНОВ,

Қарши давлат университети профессори

 

Г.БУРАНОВА, Магистрант