"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 апрель, жума.

ЭКИШ ЗАРУР, ОЛИНАЖАК ҲОСИЛ МУҲИМ

Жараён
Tipografiya

Томорқачилик

ЭКИШ ЗАРУР, ОЛИНАЖАК ҲОСИЛ МУҲИМ

Мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада мавжуд солиқ тизимига ҳам ўзгартишлар киритилиб, томорқа ер участкаларидан фойдаланиш тартибини бузаётган ер эгаларига нисбатан чоралар белгиланди. Унга кўра, якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмида асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаган фуқаролар эндиликда ер солиғини 3 баробар оширилган миқдорда тўлайди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Юртимизда аҳоли сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Биргина вилоятимиз мисолида айтадиган бўлсак, бугунги кунда ҳудудда 3 миллион 150 минг атрофида аҳоли истиқомат қилаяпти. Бундан 5 йил олдин, яъни 2012 йилда эса вилоятимиз фуқаролари сони 2 миллион 831 минг 400 киши эди. Албатта, аҳоли сонидаги бундай ўсиш қўшимча иш ўринлари, шу билан биргаликда асосий турдаги озиқ-овқат, хусусан, қишлоқ хўжалиги  маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтиришни тақозо этади. Ҳудудда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришнинг асосий қисми эса аҳоли томорқалари ҳиссасига тўғри келади. Қачонки, томорқадан самарали фойдаланилса, ўз-ўзидан маҳсулот етиштириш кўлами ортади. Аҳамиятли томони, бунинг учун бизда қулай имконит мавжуд. Қишлоқ ва маҳалла ҳудудларида истиқомат қиладиган аксарият аҳоли ўз томорқа ерларига эга. Биргина Косон тумани мисолида олайлик.

- Туманимизда 47 минг 814 та хонадон ва деҳқон хўжаликлари ўз томорқа майдонларига эга, - дейди туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Ҳайит Донаев. – Уларнинг эгалигида 7 минг 25 гектар экин ер майдонлари мавжуд. Сўнгги йилларда туманда томорқадан фойдаланиш кўрсаткичлари тобора ошиб бормоқда. Одамлар ишлаяпти, интилаяпти, изланаяпти. Биляптики, томорқадан яхшигина даромад олиш мумкин. Тажрибали томорқачиларимиз бу борада уларга ўрнак бўлмоқда.

Туманнинг Қуйи Оброн маҳалласида истиқомат қилувчи Зафар Шаймардонов ана шундай фаол томорқачилардан.

- Оиламизга тегишли 0,3 гектар томорқамиз бор, - дейди у. – 30 йилдан буён ана шу ерда кўчат ва полиз маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланаман. Асосий даромад манбаимиз ана шу томорқа. Шу ернинг ортидан 7 фарзандни тарбияладим, ўқитдим, уйли-жойли қилдим. Эл орасида обрў-эътибор топдим. Бугун туманнинг ярим аҳли мени билади. Чунки, анча йилдан буён эрта баҳордан помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатларини етиштириб сотаман. Кўпчилик кўчат керак бўлса, тўғри меникига келаверади. Мана энди кўчат мавсуми ниҳоялаб, бозорга эртачи сабзи ва шолғом олиб чиқаяпман. Май ойидан бошлаб 4 сотих ерга экилган саримсоқпиёзларим тайёр бўлади. Кейин картошка, помидор, карам сотишни бошлаймиз. Ўтган йили 4 сотих ерда иссиқхона барпо  этган эдик. Шу боис, қиш бўйи турли кўкатлар сотдик. Энди уларнинг ўрнига аччиқ қалампир экканман. Хуллас, йил давомида томорқадан яхшигина даромад келиб туради. Ўтган йили шу ердан 7-8 миллион сўм атрофида соф фойда олдик. Шу билан бирга 12-15 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари учун сарфланадиган маблағни иқтисод қилдик. Чунки, йил бўйи бирор-бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотиб олмаймиз-да. Ҳаммаси ўзимиздан чиқади.

Таъкидлаш жоизки, ердан унумли фойдаланиш, деҳқончилик илмидан   хабардор бўлиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, керакли вақтда зарур маҳсулотни етиштириш томорқачиликда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда қатор оилаларнинг томорқадан самарасиз фойдаланаётганлигининг асосий омили ҳам ана шу талабларга риоя этмасликда.

Мисол учун, худди шу маҳаллада истиқомат қиладиган яна бир хонадон томорқасини кўздан кечирдик.

- Бу ҳовлида акам ва укам билан бирга – уч оила яшаймиз, - дейди хонадон соҳибларидан бири Даврон Бердиев. – Ўзим ҳеч қаерда ишламайман, уч    нафар фарзандим бор. Ака-укалар биргаликда 0,3 гектар атрофида томорқага у-бу нарса экиб, фойдаланамиз. Яна маҳалладан моддий ёрдам оламиз.

Даврон Бердиев ҳам ўзи айтганидек, томорқасига “у-бу нарса” экиб, фойдаланишга ҳаракат қилган. Бир парча ерга сабзи, яна картошка экилибди. Лекин ҳали улар униб чиққани йўқ. Қолаверса, яна бир парча ерни энди текисламоқда. Нимадир экмоқчи, бироқ нималиги борасида ҳам бир қарорга келмаган.

Энди таққослаб кўринг, ер, сув, иқлим шароити бир хил бўлган, бир маҳаллада яшайдиган икки томорқачи - бири эртачи сабзини аллақачон бозорга чиқариб, нархига етказиб сотмоқда. Бирининг томорқасига эса энди уруғ сепилган. Аниқ мақсад, режали ҳаракат йўқ. Табиийки, улар олаётган даромад ҳам шунга яраша.

Демакки, бугун томорқа тушунчасига бўлган қарашларимизни тубдан ўзгартириш вақти келди. Чунки халқимизнинг ризқу насибаси мана шу заминимиз тупроғига сочилган. Шундай экан, ердан самарали фойдаланиш, унинг ҳар бир қаричидан баракали ҳосил олиш энг аввало томорқачиларимиз олдидаги муҳим вазифалардан биридир. Зеро, гап ишлашда, ерни бўш қолдирмасликда эмас, қандай ишлаб, қандай фойдаланишда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.