"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 апрель, жума.

26 ТА ҚИШЛОҚ ЖИДДИЙ ЎЗГАРИШЛАР АРАФАСИДА

Жараён
Tipografiya

Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Обод қишлоқ" дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан "Обод қишлоқ" дастури доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишларнинг асосий параметрлари, дастур доирасига тушган  ҳудудларнинг манзилли рўйхати тасдиқланди.

Авваламбор, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш, мазкур қишлоқ ёки маҳаллаларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган дастур доирасида жорий йилда вилоятимизнинг 13 та туманидаги 26 та қишлоқ ва маҳаллаларда ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.

Аввал хабар берганимиздек, айни вақтда Чироқчи туманидаги Чиял қишлоғида "Обод қишлоқ"   дастури доирасидаги ишлар давом этаётган бўлса, туманнинг Уйшун маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бу борада ги ҳаракатлар бошланади. Шунингдек, Ғузор туманидаги   Ярғунчи ва Опарди, Деҳқонобод  туманидаги Бешбулоқ, Обод, Қарши туманидаги Қовчин, Подарон, Қамаши туманидаги Чим, Қорабоғ, Косон туманидаги Мудин, Пудина, Касби туманидаги Муғлон, Ғалаба, Китоб туманидаги Денов, Севаз, Миришкор туманидаги Помуқ, Янги Миришкор маҳаллаларида инфратузилма ва шарт-шароит тубдан такомиллашади.

Бундан ташқари, Муборак туманидаги Қарлиқ қишлоғи, Қорақум маҳалласи, Нишон туманидаги Пахтакор, Байналмилал, Яккабоғ туманидаги Хўжаилғор, Эсат, Шаҳрисабз туманидаги Шаматон, Чоршанби маҳаллалари ҳудудларида ҳам дастур доирасида ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилиши белгиланган.

Дастурнинг амалга оширилиши натижасида ушбу маҳалла ва қишлоқлардаги 37 минг 855 та хонадонда истиқомат қилаётган 221 минг 331 аҳоли яшаш учун қулай шарт-шароитларга эга бўлади. Манзиллар қиёфаси чирой очади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ