"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

БАЗАЛЬТЛИ ИЗОЛЯТОР ҚАНДАЙ ТАЙЁРЛАНАДИ?

Жараён
Tipografiya

Ихтиро

БАЗАЛЬТЛИ ИЗОЛЯТОР ҚАНДАЙ ТАЙЁРЛАНАДИ?

Бугун фан-техника соҳасида катта ютуқлар қўлга киритилаяпти. Қай бир соҳани олмайлик, улкан ўзгаришлар, ривожланишнинг гувоҳи бўламиз. Эришилаётган муваффақиятлар замирида инсон ақл-тафаккурининг чексиз имкониятлари натижалари мужассам. Зеро,  инсоният азалдан янгиликка ўч, илм-фан бобида катта аҳамиятга молик кўплаб кашфиётлар, ихтиролар қилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ихтироларнинг атиги 30 фоизи инсон манфаатига  хизмат қилар экан.  Бундан кўринадики, кашфиётчилар томонидан яратилаётган ишланмаларнинг барчаси ҳам кутилган мақсад ва самарадорликка эга бўлавермайди.

- Талабалик  йилларимданоқ техника соҳасидаги янгиликлар билан қизиқиб келаман, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ходими, ёш олим Лазиз Сатторов. - 2014 йилда ана шундай изланишларимдан бири - "Базальтли изолятор тайёрлаш усули"  Интеллектуал мулк агентлигининг тажриба синовларидан ўтди, унинг амалиётда яхши самара бериши мумкинлиги ўз исботини топди.

Ихтирочининг баён қилишича, агар бу янгилик амалиётга кенг татбиқ этилса, юртимиз иқтисодиёти учун катта наф келтириши мумкин. Бунинг учун у таклиф этаётган технология асосида маҳаллий хомашё асосида, яъни базальтни қайта ишлаш жараёнида изолятор олинади. Ушбу ашёдан электр таъминоти тизими қурилмаларида фойдаланилади ва  юртимизда унга бўлган эҳтиёж юқори. Ҳозиргача бундай изолятор чет мамлакатлардан келтириларди. Энди бунга ҳожат бўлмайди. Катта маблағ эвазига импорт қилинадиган  ана шу маҳсулотни эндиликда ўзимизда мавжуд маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқариш имкони бор. Агар бу янгилик ишлаб чиқаришга йўналтирилса, у ўзини иқтисодий жиҳатдан оқлашига шубҳа йўқ.

Маълумотларга кўра, юртимизда изолятор ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган жуда кўп миқдордаги хомашё базаси аниқланган.

Дилфуза ЖУМАЕВА