"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

КАРДИОЛОГИЯ ВА ЭНДОКРИНОЛОГИЯ БЎЛИМЛАРИ – ЯНГИ БИНОДА

Жараён
Tipografiya

Бунёдкорлик

КАРДИОЛОГИЯ ВА ЭНДОКРИНОЛОГИЯ БЎЛИМЛАРИ – ЯНГИ БИНОДА

Китоб туманидаги Шатри қишлоғида яшовчи Қурбонтош Жўраева 18 йилдан бери қандли диабет касаллигидан азият чекар, қон босими безовта қилиб келарди. Шу кўйда кўп жойда, вилояту республика тиббиёт муассасаларида даволанди. Албатта, узоқ йўл, ортиқча харажат уни безовта қилмасди, деб бўлмайди.

Туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфида янги бинода иш бошлаган кардиология ва эндокринология бўлимлари эса Қурбонтош ая сингари кўплаб беморларнинг оғирини енгил қилди.

1 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига “Шўртангазкимё” мажмуаси ҳомийлигида қурилган бинонинг биринчи қаватида 30 ўринли кардиология бўлими жойлашган бўлиб, бу ерда юрак касалликлари билан оғриган беморларга 40 нафар малакали тиббиёт ходими хизмат кўрсатмоқда.

- Муассасамизда жаҳон стандартлари асосида тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит мавжуд, - дейди кардиология бўлими бош шифокори Гулнора Самиева. – Мисол учун, эхокардиограмма, бир кунлик юрак уришини назорат қиладиган холтер аппарати, велоэргометрия жиҳозлари касалликни эрта аниқлаш, ногиронлик, инфаркт, миокард хавфининг олдини олишда ёрдам беради. Дейлик, бемор тинч турганда, юрак уриши нормал бўлиши мумкин. Велоэргометрия текширувида унинг жисмоний ҳаракатдан сўнгги ЭКГ хулосаси олинади. Энди аҳоли узоққа бормай, шу ернинг ўзида дардига даво топади.

Эндокринология бўлими ҳам 30 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда қандли диабет, тери-токсикоз, бўқоқ каби касалликлар даволанади.

Бўлим бош шифокори Иномжон Ҳомидовнинг айтишича, илгари эндокринология бўлими 1970-йилларда қурилган, колхознинг эски шийпонида 1995 йилдан бери фаолият кўрсатар, бу беморлар учун ҳам, шифокорлар учун ҳам кўплаб қийинчилик ва ноқулайликларни келтириб чиқарарди. Янги бинодаги ҳар бир палатада иссиқ ва совуқ сув, душ ва бошқа шароитлар яратилган. Экспресс лаборатория эса касалликларни эрта аниқлаш имконини беради. Умуман олганда, ихтисослашган тиббий хизмат аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.