"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июль, душанба.

ОДИНА МАСЖИДИ ҚИСМАТИ - “ҚУЛФ”МИ?

Жараён
Tipografiya

18 апрель – Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни

ОДИНА МАСЖИДИ ҚИСМАТИ - “ҚУЛФ”МИ?

XIV аср ёдгорлиги бўлмиш Одина масжиди барпо этилишини тарихчилар Соҳибқирон Амир Темур номи билан боғлашади. Ўз даврида жуда салобатли бўлган бу иншоот, афсуски, бизгача асл кўринишини анча йўқотган ҳолда етиб келди. Вақт ва табиат ҳодисалари таъсири, чор ҳукумати босқини сабаб масжид катта талафот кўрди. Боз устига 1938 йилда атрофи баланд девор билан ўралиб, ҳибсхонага айлантирилди. Тарихий намозгоҳ ўз вазифаси ва аҳамиятини йўқотиб, халқ орасида “тоштурма” деган ном олиб, ёнидан ўтса, одамнинг кўнгли хира тортадиган бир жойга айланди. Маълумотларга кўра, бу ерда маҳбуслар сақланадиган 51 та хона бўлган.

Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги олдидан, аниқроғи 2004 йилда ҳибсхона бошқа ерга кўчирилган ва Одина масжиди қайта тикланган.

Афсуски, мазкур жараёнда Одина масжидида унинг энг кир, қора кунларини акс эттирувчи, турма сифатида фойдаланилганини кўрсатувчи бирорта далил сақлаб қолинмади. Ҳолбуки маҳбуслар сақланган хоналарнинг бир нечтаси ўз ҳолича сақлаб қолинса, иншоотнинг аҳамияти яна бир карра ошган бўларди. Чунки ҳар қандай тадқиқотчи, мутахассис ва сайёҳ учун масжиднинг тикланган ҳолати билан бирга, унинг тоштурма давридаги ҳолати ҳам қизиқ ва муҳим. Айни пайтда ҳибсхона деворларида маҳбуслар қони билан битилган ёзувлар бўлгани, икки-уч кишилик хонада бир неча ўнлаб маҳбуслар сақлангани ҳам бугун қуруқ гапга айланиб қолди – уни тасдиқловчи бирорта асос қолгани йўқ.

Масжид тарихининг бир қисми сифатида ҳибсхонани сақлаб қолиш ташаббусини ҳуқуқшунос ва ёзувчи Сафар Каттабоев ҳам ўртага ташлаган, бунга уриниб кўрган, бироқ недир сабаб билан бу ташаббус эътиборсиз қолдирилганди.

Натижа нима бўлди? Масжидни гўёки тарихий ҳолатида қайта тикладик, хўш, бугун у кимнинг эътиборини тортаяпти? Масжид бугун ҳам аввалги ҳолатидан кўп ўзгаришсиз – қулф осилган ҳолда турибди.

- 2015 йилдан бери масжиддан фойдаланилмаяпти, - дейди маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақавий давлат инспекцияси бошлиғи Жаҳонгир Халилов. – Ҳозирги кунда бу ерда миллий ҳунармандчилик маркази ташкил қилиниши устида иш бормоқда. Худди Шаҳрисабздаги каби бу ерда ҳам миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари   расталари бўлади. Кўргазмалар уюштирилади.

Мутасаддининг сўзларидан англашилиб турибдики, Одина масжидидан  келгусида қандай фойдаланиш кимнидир ўйлантирибди. Зеро, бу обидани келиб кўрадиган кам. Яна бир жиҳати, у ўз номи билан масжид – ундан қандайдир раста сифатида фойдаланиш қандай натижа беради – буниси ҳам номаълум.

Одина масжидида бир вақтлар бўлган ҳибсхоналарни энди ҳеч қачон қайта тиклаб бўлмайди – агар кимдир шунга астойдил бел боғлаганда ҳам бунинг уддасидан чиқолмайди – демак, эндиги афсусларнинг бари бекор. Эртага яна афсус қилмаслик учун эса бугун бу ердаги қулфларни очиш, ундан мақсадли, самарали фойдаланишга киришиш керак. Акс ҳолда масжид яна қаровсиз қолиб кетади. Унутмаслик керакки, иншоот ўтган асрда қаровсизлиги сабаб ҳам тоштурмага айлантирилганди. Тарихдаги хатоларни такрорламайлик, хатоларни...

С.АЛЛАЁРОВА

 

Саҳифа суратларини Собир НАРЗИЕВ олган.