"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 мaй, чоршанба.

КАШТАЛАРДА ҲАЁТ ПОРЛАЙДИ

Жараён
Tipografiya

Кўргазма

КАШТАЛАРДА ҲАЁТ ПОРЛАЙДИ

Жорий йилнинг 28-29 апрель кунлари Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой мажмуасида ана шу номда илк бор миллий каштачилик буюмлари республика савдо кўргазмаси бўлиб ўтди. Аҳамиятлиси, мазкур тадбир давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан ташкил этилди. Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан келган, каштачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган 60 нафардан ортиқ ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Айтиш жоизки, бундай кўргазмалар мамлакатимизнинг кўп асрлик ривожланиш тарихига эга халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати имкониятларини сайёҳларга кенгроқ намойиш этиш учун қулай фурсатдир. Қолаверса, бунда ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда сотишда кўмаклашиш, шунингдек, аҳоли орасида каштачиликни тарғиб қилиш ва янада ривожлантириш мақсади мужассам.

Маълумки, каштачилик қадимий миллий ҳунарларимиздан бири саналади. Бунинг исботини тарихий манбалар, ашёларда сақланиб қолган кашта намуналарида ҳам кўриш мумкин. Унинг ривожида тасвирий санъатнинг таъсири катта бўлган. Халқимиз ардоқлаб келаётган бу ҳунар ўтган йиллар мобайнида ўзгача сайқал топди.

Мамлакатимиз ҳудудларида алоҳида-алоҳида каштадўзлик мактаблари шаклланган. Улар ўзининг иш услуби, нақшларнинг хилма-хиллиги ва бошқалар билан бир-биридан фарқ қилади. Соҳа мутахассисларининг билдиришича, Нурота, Бухоро, Самарқандда каштачилик маҳсулотлари кўпроқ йўрма, Шаҳрисабзда йўрма, кандахаёл, ироқи, Тошкентда эса кўпроқ босма чок усули билан тикилади.

- Кўргазмани ўтказиш учун айнан кўҳна Кеш танлангани ҳам бежиз эмас, - дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлими раҳбари Юлдуз Мамадиёрова. – Ҳудуд каштачилиги кўҳна анъаналарга эга ва бетакрор. Маҳаллий ҳунармандлар тикадиган кашталарнинг ажралиб турувчи хусусияти шундаки, уларда турфа рангдаги гуллар нақши ишлатилади. Бундай маҳсулотларга нафақат юртимизда, балки чет элларда ҳам  харидор кўп.

Дарҳақиқат, тадбирда иштирокчиларнинг ўзлари тайёрлаган маҳсулотларни харидорларга тақдим этиши учун барча шароитлар муҳайё этилган. Ҳар бир ҳунармандга алоҳида-алоҳида жой ажратилган. Оқсарой мажмуасини айланиб юрган сайёҳларни ранго-ранг жилоланиб турган ушбу кўргазма ўзига жалб этмасдан қолмади. Кўплаб маҳаллий, 100 нафарга яқин чет эллик туристлар каштачилик маҳсулотлари билан танишиш, уларни харид қилиш имкониятидан унумли фойдаланишди.

- Бу кўргазма бизга кўп жиҳатдан маъқул бўлди, - дейди вилоятимизда фаолият кўрсатаётган ҳунарманд Шоҳида Ядгарова. – Аввало каштачилик маҳсулотларимизни бевосита кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола эта олдик. Кўпчилик ижод намуналаримизни юқори баҳолади. Албатта, бу биз учун катта эътироф. Маҳсулотимизнинг бир қисмини шу ернинг ўзида сотишга ҳам муваффақ бўлдик. Бундан ташқари, бошқа ҳудудлар каштадўзлари билан суҳбатлашиб, ўзаро фикр, тажриба алмашдик.

Юртимизда ҳунармандлар солиқлардан озод қилинди, устахона учун жой олиш, ускуна харид қилиш, маҳсулотни экспортга йўналтиришда имтиёзларга эга. Рағбат бор жойда эса натижалар ҳам салмоқли бўлади. Хусусан, бу фаолият тури билан шуғулланиш даражаси ошиб бораётир. Маълумотларга кўра, ўтган даврда Республика “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари сони 20 минг нафардан ошди, ўсиш суръати 100 фоизни ташкил этди. Тегишли дастур    доирасида ҳунармандчилик фаолиятини ташкил этиш ёки янада кенгайтиришга қаратилган кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бугунги кунда юртимиз ҳунармандлари ички бозорни зарур уй-рўзғор буюмлари, сифатли ҳунармандчилик товарлари билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, кўргазма ҳунар ўрганишга иштиёқманд кўплаб ёшларни ҳам бефарқ қолдирмади. Меҳмонлар учун тадбир доирасида моҳир уста-ҳунармандлар томонидан ҳунармандчилик ва амалий санъатнинг каштачилик, кулолчилик, зардўзлик, гилам тўқиш каби турлари бўйича маҳорат сабоқлари ҳам ўтказилди. Фольклор ансамблларининг чиқишлари ва маданий дастурлар, миллий либослар намойиши ҳамда гала-концерт тадбирнинг кўтаринки руҳда ўтишини таъминлади.

МИРЖАҲОН

Суратларда: кўргазмадан лавҳалар.

 

Собир Нарзиев олган суратлар.