"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

15 август, чоршанба.

Ислоҳот самаралари ОАВда ўз ифодасини топаяптими?

Жараён
Tipografiya

Давр тақозоси ва қонун ижодкорлиги

Ислоҳот самаралари ОАВда ўз ифодасини топаяптими?

Ҳуқуқий демократик давлат ва инсонпарвар фуқаролик жамияти қуришда оммавий ахборот воситалари муҳим роль ўйнайди. Шундай экан, давлат ва шахс, оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда фуқаролар билан муносабатлари қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади? Уларнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат?

Маълумки, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонун 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган. Бу қонунга ўтган вақт мобайнида бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унда ОАВ эркинлиги, улар фаолиятига тўсқинлик қилиш тақиқланиши билан бирга тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгарлик ҳам белгилаб қўйилди.

Ўз навбатида оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби кенгайтирилди. Оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш рад қилинганда, уч кун ичида ёзма равишда жавоб бериш назарда тутилди. Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар ҳам ОАВ сирасига кириши қайд этилди.

Қонун 351-модда билан тўлдирилиб, оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровига оид норманинг янги таҳрири киритилди. Унга асосан ОАВнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органларидан ахборот олиш ёки мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги оғзаки ёки ёзма шаклдаги сўровига кўпи билан етти кун муддатда асослантирилган жавоб юборилиши керак.

Шиддат билан ривожланаётган ҳозирги кунда оммавий ахборот воситаларининг инсон ва жамият ҳаётига таъсири беқиёс даражада кучайиб бормоқда. ОАВ аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий саводхонлиги, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолини қийнаётган муаммолар ва уларнинг ечими борасида қилинаётган ишларни ҳар бир кишига тезкор, холис ва ҳаққоний етказишда муҳим восита бўлиб хизмат қилаётир.

Бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида 2018 йил 15 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг қарори ишлаб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2018 йил 1 майдан бошлаб вилоят, туман (шаҳар)лар ҳокимликларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштириладиган бўлди. Шунингдек, ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича адлия органларининг ижобий хулосаси мавжудлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишнинг мажбурий шарти ҳисобланиши белгиланди.

Вилоят, туман (шаҳар)лар ҳокимликларида бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Қандай муаммолар мавжуд? Вилоят ҳокимлигида айни шу мавзу бўйича ўтган йиғилишда бу борадаги камчиликлар ва муаммолар муҳокама қилиниб, аҳолини қийнаётган масалалар ва уларнинг ечими борасида қилинаётган ишлар тизимли равишда ёритиб борилмаётгани, баъзи ҳокимликлар ва бошқармаларнинг веб-сайтлари талаб даражасида ишламаётгани, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти кенг аҳоли қатламига тезкорлик билан етказилиши зарурлиги қайд этилди.

Вилоятда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнини оммавий ахборот воситаларида тезкор ва мунтазам ёритиш ишларини мувофиқлаштириб бориш мақсадида вилоят Ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди, камчиликларни бартараф қилиш борасида чора-тадбирлар белгиланди. Вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти (qashqadaryo.uz)ни янада ривожлантириш чоралари кўрилди, шунингдек, вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг фейсбукдаги саҳифаси очилди.

Натижада аҳоли вилоятимиз ҳаётига оид маълумотларни тезкорлик билан олиш имкониятига эга бўлмоқда. Вилоят    бошқармалари ва туман (шаҳар)лар ҳокимликларига муаммолар ва уларнинг ечими борасида қилинаётган ишларни тезкорлик ҳамда тизимли равишда аҳолига етказиш борасида кўрсатмалар берилди. Албатта, ОАВда муаммолар, амалга оширилаётган ишларни асосли ва холис тарзда ёритиб бориш ислоҳотларга ижобий таъсирини кўрсатиши муқаррар.

Бу жараёнда жисмоний ва юридик шахслар, оммавий ахборот воситалари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари ўзаро муносабатларида амалдаги қонунлар талабларига риоя қилмоғи керак.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бошлиғи вазифасини бажарувчи