"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 мaй, чоршанба.

ХЎЖАЛИК НИЗОЛАРИ ҲАКАМЛИК СУДИДА ЕЧИМ ТОПАДИ

Жараён
Tipografiya

Давра суҳбати

ХЎЖАЛИК НИЗОЛАРИ ҲАКАМЛИК СУДИДА ЕЧИМ ТОПАДИ

Бугун мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи хўжалик низоларини нафақат иқтисодий судлар, балки ҳакамлик судларида ҳам кўриб чиқиш имконияти мавжуд. Ҳакамлик судлари фуқаролик жамиятининг муҳим  институтларидан бири саналади. Улар ўз фаолиятини холислик, қонунийлик асосида мустақил равишда ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлигини таъминлаган ҳолда ҳамда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш ва уларга ёрдам бериш мақсадида амалга оширади. Ҳакамлик суди орқали низоларни ҳал қилишда ҳам бир қатор афзалликлар бор. Аммо жойларда тадбиркорлик субъектлари ушбу судлар фаолияти ва вазифалари билан яхши таниш эмас.

Уларнинг бу борадаги хабардорлигини ошириш мақсадида Қарши шаҳрида Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи “Ҳакамлик суди” томонидан давра суҳбати ўтказилди. Вилоятимиздаги фермер хўжаликлари, кичик бизнес субъектлари раҳбарлари иштирок этган мазкур тадбирга вилоят адлия бошқармаси, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича ҳамда вилоят иқтисодий суди мутахассислари, тижорат банклари ҳуқуқшунослари ҳам таклиф этилди.

Давра суҳбатида иштирокчиларни ҳакамлик судларининг низоларни ҳал этишдаги роли билан яқиндан таништиришга асосий эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, ҳакамлик судининг асосий вазифаси тадбиркорларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдан иборатдир. Ҳакамлик муҳокамаси иқтисодий низоларни ҳал этишнинг самарали механизми бўлиб, низоларни ҳал этиш тартибида махфийликни, тезкорликни ва тежамкорликни таъминлаган ҳолда низолашаётган томонларга улар ўртасидаги келишмовчиликларга қарамасдан амалий мулоқотлар, ҳамкорлик муносабатларини сақлаб қолишга йўл қўяди. Ҳакамлик судининг қарори ихтиёрий равишда ижро этилмаган ҳолда, у мажбурий ижро этилади.

Мутахассислар тадбиркорлар ва ишбилармонларни қизиқтирган ҳакамлик суди фаолияти билан боғлиқ барча саволларга жавоб қайтаришди.

Давра суҳбатида Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро арбитраж суди ҳамда доимий фаолият кўрсатувчи “Ҳакамлик суди” раиси Фозилжон Отахонов ҳам сўзга чиқди.

М.ШУҲРАТОВ