"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июнь, пайшанба.

ОРОМГОҲЛАР МАВСУМГА ТАЙЁРМИ?

Жараён
Tipografiya

“Ёз – 2018”

ОРОМГОҲЛАР МАВСУМГА ТАЙЁРМИ?

Маълумки, ёзги таътилда мириқиб дам олган болажонлар янги ўқув йилини юқори кайфиятда, ўзгача иштиёқ ва янги орзу-мақсадлар билан бошлайди. Уларнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш эса мутасаддилардан катта масъулият талаб этади. Жорий йилги мавсумда вилоятимиздаги 17 та стационар болалар оромгоҳида умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олаётган 25 минг нафарга яқин боланинг дам олиши ва саломатлигини мустаҳкамлаши кўзда тутилган.

Хўш, оромгоҳлар бу йилги мавсумга тайёрми?

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида ташкил этилган семинарда шу саволга жавоб изланди.

Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вакиллари, ҳудудий мувофиқлаштирувчи гуруҳ аъзолари, туман, шаҳар ҳокимликлари, вилоят соғлиқни сақлаш,  ички ишлар, халқ таълими, маданият, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари масъул ходимлари ҳамда вилоятдаги оромгоҳлар раҳбарлари ва уларга биркитилган масъул ходимлар иштирок этди.

Семинар тасдиқланган дастурга мувофиқ 2 босқичда, ялпи йиғилиш тарзида ва ҳар бир соҳа мутахассислари учун секциялар бўйича ташкил этилди.

Йиғилишда оромгоҳларда мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар хусусида тўхталинар экан, оромгоҳларни талаблар даражасида таъмирлаш, зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаш, болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, санитария-гигиена талабларига риоя этилишини назорат қилиш борасидаги ишлар ҳақида батафсил гапирилди. Шунингдек, болаларнинг ёзги таътил давомида кўнгилдагидек ҳордиқ чиқаришлари учун жамоат тартибини сақлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ўқувчиларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашга қаратилган маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказиш, шоир-ёзувчилар, санъаткорлар, рассомлар билан ижодий учрашувлар ташкил этишни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Секция машғулотлари давомида эса ҳар бир соҳа вакилларига мутахассислар томонидан оромгоҳларда ишларни тўғри ташкил этиш, ҳар бир йўналишда алоҳида эътибор қаратишни талаб этадиган масалалар, юритиладиган ҳужжатлар бўйича батафсил тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ш.БОЗОРОВА