"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июнь, пайшанба.

ЎРИМ-ЙИҒИМ СУРЪАТИ ЖАДАЛЛАШМОҚДА

Жараён
Tipografiya

Ғалла-2018

ЎРИМ-ЙИҒИМ СУРЪАТИ ЖАДАЛЛАШМОҚДА

Йилнинг катта ҳосили - ғалла пишиб етилди. Маълумки, вилоятимиз иқлими ўзига хослиги боис чўл ҳудудларида бу жараён эртароқ бошланади. Айни пайтда ана шу ҳудудларда донни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олишга киришилган.

- Ғалланинг пишиб етилишига қараб, комбайнлар ўримга тушаяпти, - дейди вилоятда ташкил этилган ғалла штаби ишчи гуруҳи раҳбари Жуманазар Тангиров. - 2 июндан Миришкор, Нишон ва Муборак, 5 июндан Касби, Косон ва Қарши туманларида ўрим-йиғимга киришилди. 12 июндан бошлаб эса қолган туманларда ҳам ёппасига ўрим бошланади.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, бу йил баҳорги об-ҳавонинг ноқулай келиши, ёғингарчиликнинг етарли даражада бўлмагани лалми майдонларда экилган ғалладан ҳосил олиш имконини бермади. Шу боис, асосий эътибор 143 минг гектар сувли майдонларда парваришланган бошоқли дон экинлари ҳосилини тез суръатларда саранжомлаб олишга қаратилган.

Шунга мувофиқ, ўрим-йиғимга 390 та юқори унумли комбайн жалб этилиб, уларнинг ҳар бирига 5 тадан ташиш техникаси биркитилган. Ишни жадал ташкил этиш мақсадида ҳар бир комбайн асосида битта отряд тузилган. Ўримда қатнашадиган техникаларнинг доимий созлиги ва тўла қувватда ишлашига эришиш учун кўчма таъмирлаш устахонаси фаолияти, ёнилғи ва мойлаш материалларини етказиб бериш тизими йўлга қўйилган. Отряд аъзоларининг меҳнат қилиши ва дам олиши учун даланинг ўзида зарур шароитлар яратилмоқда.

Албата, ўрим-йиғим ишларининг тизимли ташкил этилгани энг аввало унумдорликни таъминлайди. Ҳосил йўқотилишининг олди олинади. Шу билан биргаликда фермер зиммасидаги ишлар бироз енгиллашади. У комбайн, ташувчи техника топиш, эҳтиёт қисмлар, ёнилғи маҳсулотлари билан боғлиқ югур-югурлардан  холи бўлади. Комбайн белгиланган гарфик асосида унинг даласига тушади. Шартномада кўрсатилган ҳосил топширилади, қолгани эса фермернинг ихтиёрида.

Яна бир жиҳатга ҳам тўхталиб ўтиш керакки, вилоятимизда бу йил ғалла ўрим-йиғими мавсумига жалб этиладиган техника воситаларини аввалдан тўлиқ тайёр ҳолатга келтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Янги техникалар харид қилинди. Хусусан,шу йил сотиб олинган  32 та юқори унумли камбайн ҳозир далада. Бундан ташқари, шу кунларда вилоят "Агротехсервис" МТП МЧЖ томонидан лизинг асосида яна 50 та янги комбайн олиб келинмоқда, улар ҳам тезда ўрим-йиғим ишларига қўшилади.

- Бу йил янги, Россияда ишлаб чиқарилган "Виктор 410" русумли комбайнни бошқармоқдаман, - дейди Касби тумани "Агротехсервис" МТП МЧЖ ёрдамчи оператори Баҳром Абдуллаев. - Бу комбайнда энг аввало ҳайдовчи учун қулай шароит яратилган. Салон ичига чанг кирмайди, шовқин эшитилмайди, салқин. Яна кўплаб қўшимча қулайликларга эга. Аввал эски комбайнда кунига амаллаб 7-8 гектар  майдондаги ғаллани ўрган бўлсак, эндиликда янги техника билан 15 гектардан ошиқ майдон ҳосилдан тозаланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бу йил вилоятимиз ғаллакорлари давлатга қарийб 380 минг тонна сотиш шартномавий мажбуриятини олишган. Умумий хирмон мўлжали эса анча юксак. 

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратда: ғалла ўрим-йиғимидан лавҳа.

 

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.