"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 август, шанба.

МАХФИЙ ХИЗМАТ ҚУШЛАРИ

Жараён
Tipografiya

МАХФИЙ ХИЗМАТ ҚУШЛАРИ

президентнинг расмий қароргоҳини  қандай қўриқлайди?

Россия ҳукуматининг асосий қароргоҳи ҳисобланган Кремлни қатор махфий хизмат ходимларидан ташқари махсус ўргатилган қушлар ҳам қўриқлашади. Уларнинг сони ҳеч қаерда кўрсатилмайди, фаолияти ҳақида ҳам "чурқ" этишмайди - бу давлат сири ҳисобланади.

Барча "жангчи"лар ёпиқ тизим ҳисобланган қўриқлаш федерал хизмати балансида бўлиб, улар туну кун Кремлни турли қушларнинг ҳужумидан ҳимоя қилишга ўргатилган.

Ҳаммаси бундан анча йиллар илгари, Иван Грозний давридан ҳам олдинроқ ўша сурбет қарғалар учиб келишидан бошланганди. Кремль қарғаларнинг севимли масканига айланди. Уларни ҳайдашнинг ҳеч иложини қилишолмади. Қарғаларнинг ғала-ғовуридан, гир атрофни ифлос қилишидан безор бўлган мутасаддилар масаланинг ечимига бошқача, ўзига хос усулда ёндашишга қарор қилишди, яъни "гап уқмас" қанотлиларга қарши курашда ўзларининг жинсдошларидан фойдаланишни маъқул кўришди.

Пётр I тахтга ўтиргач, пойтахтни Санкт-Петербургга кўчиради ва қарғалар Кремлда қолади. Советлар ҳукумати тузилгач, пойтахт яна Москвага кўчирилади, қарғалар эса аввалгидек иттифоқ раҳбарларини безовта қилишда давом этади. Қўриқлаш хизматида бўлган латвиялик мерганлар қарғаларни милтиқдан ўқ отиб ҳайдамоқчи бўлишади, бироқ бу отишмалар раҳбарларнинг асабига тегади.

1960 йилларда Кремль алоҳида полкидан бир гуруҳ аскарлар саралаб олиниб, уларга "қарға қувувчилар" деб ном берилади. Улар бинолар томида, чердакларда юришиб, қарғаларни қувишарди. Биронта дераза, тешикни очиқ қолдиришмасди. Шунга қарамасдан қарғалар барибир ичкарига кириб оларди. Ҳеч қандай чора уларга таъсир қилмасди. Қўрқитишнинг кўплаб усулларини қўллаб кўришди,  масалан, сигнал чаладиган машиналар ёрдамида қарғаларни ҳайдашга ҳаракат қилишди, аммо буларнинг барчаси беҳуда уриниш эди. Қайсар қушларга қарши узоқ давом этган курашлардан сўнг шундай хулосага келишди: энг маъқули - қушларга қарши бошқа қушлардан фойдаланиш.

Шундай қилиб, 1983 йилда Кремлда орнитологик, яъни қушлардан фойдаланиш махсус хизмати ташкил этилди. Аввалига бу хизматга бор-йўғи иккита овчи лочин қушни қабул қилишди. Бироқ бу ноёб қушлар Қизил китобга киритилгани боис улар хизматидан тезда воз кечишди. Кўп ўтмай уларнинг ўрнига қарчиғайларни қабул қилишди. Ҳозирда Кремлни қарғалардан қарчиғайлар ва битта укки қаттиқ ҳимоя қилмоқда. Уларнинг асосий вазифаси - қарғаларни Кремлга йўлатмаслик.

Қарға - ақлли қуш, бу борада у ҳар қандай йиртқични ортда қолдиради. Қарғалар инсон юзини таниб қолиш қобилиятига эга, ўргатса, бешгача санашни эплайди. Қолаверса, улар қўриқчиларнинг қўлида милтиқ борми ёки бир таёқча - фарқига боради. Қарғалар бирлашиб ҳаракат қилади. Агар йиртқич қушлар тажовуз қиладиган бўлса, уларга қарши шундай ҳамжиҳатликда ёпириладики,  душманнинг на думи ва на қанотининг яроқли жойи қолади.

Қарғалар тўда-тўда бўлиб юриши билан борган жойини абгор қилади. Улар черковлар қуббасига қўниб, ялтироқ ҳошияларини тирноқлари билан қўпориб, ойналарига чизиб ташлайди, гулларни пайҳон қилади, сайроқи қушларнинг додини беради. Энг ёмони, қарғалар парранда гриппи тарқалишига ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Кул ранг қарға дегани бориб турган босқинчининг ўзгинаси. Бошқа қушларга кун бермайди. Агар уларга қўйиб берсангиз, Кремль ҳудудида яшаётган булбул, чумчуқсимонларга мансуб бир неча турдаги сайроқи қушлар, чуғурчиқ, қораялоқ, шунингдек, баъзи-баъзида меҳмон бўладиган бойқуш, ўрмон лойхўраги каби қушларни бир зумда қувиб юборади.

Қарғанинг  ҳақиқий кушандаси қарчиғай бўлади. У бор жойда қарғани кўрмайсиз: на ин қуради бу ерда ва на парвоз қилади бу ҳудудда. Кремлда бир неча йилдан бери "хизмат" қилаётган ва қарғаларга қирон келтираётган Альфа лақабли қарчиғайнинг ёши йигирмада. Агар қарчиғайларнинг тутқунликда 30 йилгача умр кўришини инобатга оладиган бўлсак, у айни қирчиллама ёшда. Альфа ҳаётининг катта қисмини жанговар постда ўтказган.

Қарчиғай мушук ҳам, ит ҳам эмас. Одамга осонликча бўйсунмайди. Агар уни ўн йил ўргатсангиз ҳам, фақат овқат учунгина, оч қолсагина айтган ишингизни қилади. Жуфт қарчиғайлар биргаликда ўлжасини шундай моҳирлик билан маҳв этадики, уларнинг овчилик қобилиятига тан бермай иложингиз йўқ. Лекин улар фақат кундуз кунлари ов қилади. Тунда эса Кремль ҳудудини қарғалардан фақат Филя лақабли укки ҳимоя қилади. Ўткир кўз укки ухлаб ётган қарғани қаерда бўлса ҳам - шохдами, уясидами, чердакдами ёхуд тим қоронғиликда - барибир топади. У шундай оҳиста, шовқин чиқармасдан ҳаракатланадики, келганини ўлжа сезмай ҳам қолади. Ўлим чангалида ётган қарғанинг қичқириғидан бошқа қарғалар ҳушёр тортади. Лекин ваҳимага тушиб қолмайди. Аксинча, худди бир интизомли армия аскарлари каби саф тортиб, аста-секин чекина бошлайди. Шу кетишда улар ё бутунлай йўқ бўлиб кетади ёки орани совутиб, кейинроқ яна қайтиб келади. Шаҳарда қарғалар галаси шунчалик кўпки, улар бўлмаса бошқа бир тўда барибир Кремлга қараб талпинаверади. Бир сўз билан айтганда, махсус хизмат қушларига йил - ўн икки ой иш топилади.

Махсус хизмат қушлари питомник - ҳайвон ва қушлар парваришланадиган жойдан олиб келинади. Уй ҳайвонларидан фарқли ўлароқ, ёввойи қушлар инсонга бир умр боғланиб қолмайди. Қуш ўргатувчилар бу улар учун хўжайин эмас, шунчаки ҳамкор. Йиртқич қушлар билан ишлаш осонмас. Тўйиб овқат еган ва семириб кетган қушлар овга чиқмайди - бунинг учун зарурат ҳам, хоҳиш-истак ҳам йўқ уларда. Аммо оч ҳолда ҳам улар овга чиқмайди - чунки бунинг учун куч керак. Бу ерда қушнинг ов қилишга иштиёқини уйғотишда ўргатувчидан катта маҳорат талаб қилинади. У қушнинг маъқул оғирлигини, кучи бор-йўқлигини ва очлик ҳисси уни ов қилишга чорлаётганини билиши зарур. Шу боисдан Кремлда "аскар" қушларни ҳар куни тарозида тортиб туришади. Бу уларнинг жанговарлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Хориж матбуотидан

 

Мусо МУРОДОВ таржимаси.