"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 сентябрь, якшанба.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги: ТИЗИМДА ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР, ЯНГИ ҚОИДАЛАР, ЯНГИ ЖАРИМАЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Жараён
Tipografiya

Йўл ҳаракати хавфсизлиги: ТИЗИМДА ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР,

ЯНГИ ҚОИДАЛАР, ЯНГИ ЖАРИМАЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги тегишли қарори билан 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Концепцияси  ҳамда уни 2018-2019 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланган эди. 3 та бўлим, 30 та бандни ўз ичига олган жорий “йўл харитаси”да республикамиз йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида амалга ошириладиган янги тартиб-тамойиллар белгиланди.

Қуйида уларнинг энг муҳимлари билан танишасиз.

АВТОМОБИЛЛАРГА ВИДЕОРЕГИСТРАТОР ЎРНАТИШ ОММАЛАШАДИ

Биламизки, автомобилда видеорегистраторнинг бўлиши ҳайдовчи учун ҳам, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими учун ҳам қатор қулайликлар яратади.

Яъни, у орқали йўлда содир этилган бирор ҳолатнинг қачон, қаерда ва қай тахлит рўй берганига аниқлик киритиш имкони ошади. Ҳайдовчи ва Давлат йўл харитаси хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ)  ходими ўртасида учрайдиган тушунмовчиликларга ўрин қолмайди.

Айни сабаблардан келиб чиқиб, жорий йилнинг август ойидан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларнинг автомобилларини видеорегистраторлар билан жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширила бошланади. Жамоат ва йўловчи транспорти учун эса бу тартиб мажбурий этиб белгиланган.

Қолаверса, содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилган видеорегистратор ёзувларини тезкор тўплаш учун марказлаштирилган тизим жорий этилади. Кейин исталган ҳайдовчи ҳаракат давомида ўз машинасидаги видеорегистратор ёрдамида бошқа бир ҳаракат иштирокчисининг қоидабузарлигини фош этса, ушбу маълумотни тизимга тақдим  этиши мумкин бўлади. Қачонки, мазкур ҳуқуқбузарлик тегишли суд томонидан тасдиқланса, маълумот тақдим этган киши белгиланган тартибда рағбатлантирилади. Унинг шахси эса сир сақланиши кафолатланади.

Видеорегистраторлар нархини мақбуллаштириш мақсадида уларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳам кўзда тутилган.

ЯНГИ АВТОМОБИЛЛАР ХАВФСИЗЛИК ТИЗИМИ БИЛАН ТЎЛИҚ ЖИҲОЗЛАНАДИ

Тегишли “йўл харитаси”да 2019 йилнинг декабрь ойига қадар автомобиль транспортини ишлаб чиқаришда уларни замонавий хавфсизлик тизимлари билан жиҳозлаш масаласини ўз ичига олган Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Қарорда М1 тоифасидаги илк маротаба сертификация қилинаётган автотранспорт воситаларини тормозлашнинг антиблокировка тизими (ABS), барқарорликни назорат қиладиган электрон тизим (ESC), шошилинч тормоз босилганда ҳайдовчига ёрдам берадиган тизим (BAS) ва шиналар босимини назорат қиладиган тизим (TPMS) каби электрон тизим компонентлари билан босқичма-босқич техник жиҳозлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар кўзда тутилади.

”ПОВОРОТ”НИ ЁҚМАСЛИК ҲАМ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИ

Концепция асосида тегишли вазирлик ва ташкилотлар зиммасига 2018 йилнинг декабрь ойига қадар йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун йўл ҳаракати иштирокчиларининг жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Унда “йўлда безорилик”, яъни, қайрилиш сигнали билан огоҳлантирмай эгаллаб турган ҳаракатланиш полосасини кескин ўзгартириш, зарурат бўлмаса-да, баланд овозли сигналдан асоссиз фойдаланиш ва бошқа шу каби ҳолатлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик жорий этиш кўзда тутилади.

Бундан ташқари, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик, жумладан, транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлик учун, шу жумладан, мазкур ҳуқуқбузарлик учун маъмурий қамоқ тарзидаги жазо қўлланилишини назарда тутган ҳолда маъмурий жавобгарликни кучайтириш масалалари ҳам янги қарор лойиҳасидан ўрин олади.

ҚИЙМАТИ БЕҚИЁС 12 БАЛЛ

2019 йил бошидан тизимда яна бир қизиқ янгилик – жамғариб бориладиган балл тизими жорий этилиши кутилмоқда.

Хўш, бу тизим қандай ишлайди?

Тегишли “йўл харитаси”да белгиланишича, ҳар йили фуқароларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасига 12 балл берилади.

Агар йўл қоидасини бузсангиз,  ҳуқуқбузарликнинг турига қараб у маълум миқдорда камайтириб борилади. 12 баллининг ҳаммасини “сарфлаб бўлган” ҳайдовчилар автомобилни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади, қоидаларни умуман бузмаганлар эса рағбатлантирилади.  

Ҳозирча баллни “ишлатиб” бўлган ҳайдовчиларнинг қанча муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилиши ҳамда интизомлилари қандай тартибда рағбатлантирилишига аниқлик киритилмаган.

ҚОНУН БАРЧАГА БАРОБАР: ҲАЙДОВЧИГА ҲАМ, ПИЁДАГА ҲАМ

Маълумки, айни вақтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддасида пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузишига нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилиши белгиланган.

Бироқ, амалда бу тизим деярли ишлаётгани йўқ. Чунки ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаронинг ўз вақтида шахсини аниқлаш, унга баённома расмийлаштириш, жарималар қўллаш билан боғлиқ ишларни амалга оширишда аниқ бир механизм мавжуд эмас эди.

Концепцияга асосан эндиликда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда худди шундай механизм ишлаб чиқилади. Татбиқ этилиши кутилаётган мазкур технология қоидабузарлик содир этган пиёданинг шахсини тезкор аниқлаш ва бу тўғрида электрон протоколларни расмийлаштириш имконини беради.

Бундан ташқари йўлларда пиёдаларнинг ҳаракатини назорат қилувчи махсус тизим ишга туширилади. 

ҲАР ЖУМА - ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ КУНИ, ҲАР ОЙ - “АВТОМОБИЛСИЗ КУН”

Концепцияда белгиланганидек, жорий йилнинг июль ойидан бошлаб ҳар ҳафтанинг жума кунини мамлакатимиз миқёсида  “Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни” этиб белгилаш кўзда тутилган.

Шу куни тегишли вазирликлар, идоралар ҳамда бошқа ташкилотлар масъуллари кенг жамоатчилик ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилиш тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради. Йўл ҳаракати профилактикасини таъминлашда фаол иштирок этади.

Бундан ташқари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Автомобилсиз кун” ойлик акцияси ташкил этилади. Мазкур акцияни ташкил этишдан мақсад – йўлларда хавфсизлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этиш, автотранспортсиз ҳаракатланиш мумкинлиги ва зарурлигини намойиш қилишдир.

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚОИДАЛАРИНИ ЎҚИТИШ БОҒЧАДАН БОШЛАНАДИ

Концепцияга кўра, йўлларда ҳаракатланиш маданияти, кўникмаси ва билимини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилади.

Жумладан, эндиликда мактабгача таълим муассасаларида ҳам болаларга йўл ҳаракати хавфсизлиги асослари ўқитилади. Умумтаълим мактабларида йўл ҳаракати, ёнғин хавфсизлиги, шунингдек, фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш асосларини ўргатувчи дастурларни ўз ичига олган “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги” мажбурий фани жорий этилади. 

Шунингдек, умумтаълим мактаблари, коллежлар ва лицейлар ўқувчилари орасида “Яшил ранг”, “Йўл ҳаракати қоидалари билимдони”, “Энг намунавий йўловчи” каби викториналар ҳар йили тизимли равишда ўтказилади.

ДЙҲХХ ҲУЗУРИДА ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

 Концепция асосида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилиши белгиланиб, кенгашнинг асосий вазифалари аниқлаштирилган.

Жумладан, Жамоатчилик кенгаши йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва ушбу соҳада хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиб, мониторинг олиб боради, натижалари бўйича чоралар кўради. Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар органлари фаолиятида қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга йўналтирилган таклифларни тайёрлайди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ тайёрлади.