"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 сентябрь, якшанба.

УЧ "ТЕЛЕЖКА" СОМОН НЕГА ЁНДИ?

Жараён
Tipografiya

Ёнғин хавфсизлиги

УЧ "ТЕЛЕЖКА" СОМОН НЕГА ЁНДИ?

Вилоятимизда ғалла ўрим-йиғими давом этмоқда. Етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай саранжомлаб олиш ишлари ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Айни вақтда ўрим-йиғим ишларида кўнгилсиз ҳолатларга йўл қўймаслик учун вилоят ИИБ ЁХБнинг 220 нафар ходими ҳудудлардаги ўрим отрядлари ҳамда дон қабул қилиш омборларига бириктирилиб, 16 та ёнғин ўчириш автомобилида кўчма постлар ташкил этилган. Келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш борасида мунтазам равишда тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бироқ, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан айрим фуқароларимизнинг бу борада эҳтиётсизликка йўл қўяётгани ачинарли ҳолдир.

Биламизки, ўрим-йиғим мавсумида иштирок этаётган, шунингдек, экин майдонлари атрофида ҳаракатланаётган транспорт воситалари "глушител"ига олов чиқмасликни таъминлайдиган махсус воситалар ўрнатилган бўлиши, ташилаётган буғдой дони ёки сомонининг усти ёпилиши лозим.

Лекин Касби тумани Фазли қишлоғида яшовчи фуқаро Эркин Бобоев бу тартибга амал қилмаган. У жорий йилнинг  28 июнида бошқарувидаги "МТЗ-80" русумли тракторга бирйўла 3 та сомон юкланган "прицеп"ни улаб, йўлга тушган. Кўп ўтмай тракторнинг "глушител"идан чиққан учқун натижасида тиркамалардан бирида ёнғин содир бўлган. Аланга тезда авж олиб, учта "прицеп"даги 1,5 тонна сомон ғарами ва тележка баллон қисмлари ёниб кетган.

Деҳқонободлик Толиб Сафаров ҳам "Зил-130" русумли автомобилнинг юкхонасига сомон жойлаб, Қарши - Ғузор йўлининг 1-километридан ҳаракатланиб кетаётган вақтида ёнғин чиқиб, сомон ғарами ва машинанинг бир қисми ёниб кетган.

Дастлабки ўрганишлардан маълум бўлдики, автомобилга юкланган сомон боғламлари ҳаракат давомида йўлни кесиб ўтган  ҳаво электр линиясига тегиб кетиши натижасида юзага келган қисқа туташув сабаб ёнғин содир бўлган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, сомон ва озуқа сифатида жамғариладиган хашаклар тез алангаланувчи ҳисобланади. Фуқаролар уларни сақлаётганда ҳам жуда эҳтиёткор бўлиши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишлари лозим.

Мисол учун, Яккабоғ тумани Эсат қишлоғида яшовчи Бекмурод Примов яшаш уйи ҳовлисига сомон ғарамини жамғариб, уни очиқ ҳолда қолдирган. Натижада уйдаги ўчоқ ёқилгандан сўнг ўчирилмасдан қолган чўғ учқуни ушбу ғарамга учиб тушиб, ёнғин содир бўлган.

Шунингдек, 2018 йилнинг 29 июнь куни Ғузор тумани Қайирма қишлоғида яшовчи фуқаро Олим Очиловнинг ҳовлисидаги сомонхонада ҳам ёнғин содир бўлган. Натижада сомонхонанинг том қисми ҳамда ичидаги беда ғарами  ёнган.

Ўрганишлар натижасига кўра, ёнғинга беда ғарамининг намлиги сабабли қизиб кетиши сабаб бўлган.

Тўғри, воҳадошларимизнинг аксар қисми уйида ёки дала ҳовлиларида чорва сақлайди, улар учун сомон, хашак жамғаради. Бинобарин, ҳар бир фаолиятда қиш ғамини ёзда кўрган маъқул-да. Бироқ, ана шу жараёнда ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ҳам эсдан чиқармасак, нур устига нур бўлади. 

Соҳибжон ВАЙИТОВ,

вилоят ИИБ ЁХБ катта муҳандиси, катта лейтенант