"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 сентябрь, душанба.

ЙЎЛ УСТИДА КЎНДАЛАНГ, ОДАМ ТЎЛДИРАР, ҚАРАНГ

Жараён
Tipografiya

Болта тушгунча кунда дам олади

ЙЎЛ УСТИДА КЎНДАЛАНГ, ОДАМ ТЎЛДИРАР, ҚАРАНГ

Бу не жумбоқ, дерсиз. Сарлавҳа топишмоққа ўхшагани рост. Аммо жавобини айтишни пайсалга солиб, сизни қийнамоқчи эмасмиз. Бу бир ҳолатга берилган тавсиф. Унга сиз ҳам кўп дуч келгансиз. Асосий йўлнинг маълум қисмини эгаллаб олган автобусларга кўзингиз, ҳатто ишингиз ҳам тушгандир. Соатлаб ҳеч қаерга жилмай туради. Чунки “район” қатнагич бу уловлар шу ердан мунтазам йўловчи тўплайди. Билмаганларга билдириш учун “жарчи”лар манзил сўраб бақириб ҳам қолади. Зўрға тўлиб бири кетса, шу заҳоти бошқаси ўрнини эгаллайди. Ушбу жойлар “кичик автостанция”га айланган-қўйган. Ўзининг “стояншик”и, назоратчиси (баъзида паттачиси) ҳам бор. Хуллас, Қарши шаҳри ва айрим туманлар ўртасида йўловчи ташишнинг бугунги аҳволи шундай.

ҚАЛОВИНИ ТОПСА, ҚАНДИНИ УРСИНМИ?

Хўш, шунга нима бўпти, бировга халақит қилган жойи борми, дерсиз. Баъзи автобус ҳайдовчилардан шу гапни ҳам эшитдик. “Қатновни қонуний амалга ошираётган бўлсак, лицензиямиз бор, уюшмага аъзомиз, тўловни кунда тўласак”, деганлар ҳам топилди.

Албатта, бу томонига эътироз йўқ. Бироқ ҳар нарсада тартиб бўлиши керак, хусусан, йўловчи ташиш хизматини кўрсатишда ҳам. Бинобарин, бу тўғрида Адлия вазирлиги томонидан 2003 йил 6 декабрда 158-сон билан рўйхатдан ўтган “Йўловчилар автовокзаллари, автостанциялари тўғрисида”ги Низомда ҳам кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобиль қатнови йўналишларида йўловчилар ташиш ҳаракатини тезкор бошқариш мақсадида, шаҳарларда, аҳоли яшаш жойларида ва автомобиль трассаларида, йўловчилар тўпланадиган манзиллар ва охирги бекатларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун автовокзаллар, автостанциялар ташкил этилиши лозим. Шу билан бирга улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган ўз паспортига эга бўлиши керак.

Бошқача айтганда, икки манзил ўртасидаги маршрутлар ҳаракати автостанциялар орқали тартибга солиб турилиши шарт. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Қатновнинг маромини, йўловчилар хавфсизлигини, лўнда ифода этсак, хизмат кўрсатиш сифатини таъминлаш кўзланган бундан. Ўз навбатида автостанцияга ҳам маълум талаблар қўйилади. Мазкур тузилма йўловчилар кутиши учун мўлжалланган бино ва хоналар, касса зали (чипта кассалари), болали йўловчиларга, ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг узоқ вақт дам олишига мўлжалланган хоналар, маъмурият хонаси, қўл юкини сақлаш хоналари, милициянинг хизмат хоналари, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун монитор орқали кузатиш учун технологик анжомлар ўрнатилган хизмат хоналари каби асосий бино-иншоотларни ўз ичига олади. Шунингдек, унда йўловчиларни чиқариш ва тушириш перронлари, рейслар ўртасида автотранспорт воситалари тўхтаб турадиган майдончалар ҳам бўлиши даркор.

Мана нима учун керак автостанция? Аввало, йўловчиларга қулайлик яратиш учун. Бундай фаолият йўлга қўйилса, асосий йўлдаги ҳаракатга ҳам халал бермайди. Автобуслар маълум график асосида қатнайди, одамлар унинг қачон келишию кетишидан аниқ хабардор бўла олади. Аммо ҳозиргидек учраган жойда йўловчи чиқариб-туширишни мавжуд талабга мос, қулай дейиш мумкинми?

“ҚАЕРДАН ОДАМ ОЛАЙ?”

Масаланинг яна бир жиҳати ҳам бор. Юқорида қайд этганимиздек, автобуслар асосий йўлларда ўрнашиб олиб, йўловчи тўплаяпти. Мисол учун, Қарши шаҳридаги “Умида” чойхонаси яқинидаги вазиятга баҳо берсак. Бу ердан Нишон ва “Гресс”га борадиган автобуслар йўловчи олади. “Насаф” кўчасининг бу қисмидаги йўл ўзи шундоқ ҳам 2 тасмали. Чойхонага қараб пиёдалар йўлаги ҳам тортилган. Йўлнинг сезиларли қисмини автобус эгаллагач, машиналар қатнови учун қанча жой қолишини тасаввур қилиш қийин эмас. Қолаверса, бу йўл қисми ҳаракат тиғизлиги юқори йўллар сирасига киради. Шуни инобатга олсак, натижа нима бўлаяпти? Бугун бу ҳудудда тирбандлик ошган. Баъзан тиқилинчда қолган машиналарнинг паппилашидан қулоқлар қоматга келади.

- Айтинг унда, қаердан одам олайлик? – дейди “Нишон-Қарши” йўналишида йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга “Нишон 132” масъулияти чекланган жамият раҳбари Чори  Махсумов белгиланмаган жойдан йўловчи олиш мумкинми, деган саволимизга жавобан. – 5 та автобусим бор. Йўналиш схемасида маршрутнинг охири эски автовокзал кўрсатилган. Ҳозир бу ташкилот тугатилиб, унинг мулки тадбиркорга берилган. Табиийки, ҳудудидан стоянка сифатида фойдаланишга қўймайди. Наилож, йўл устига жойлашиб бўлса ҳам йўловчи чиқаришга мажбурмиз. Одамлар ҳам ўрганган. Бунинг учун “ГАИ” ҳам бир неча марта ҳайдовчиларимизга “штраф” солди. Бинойи автостанция бўлса, биз ҳам йўқ демаймиз. Аҳолига сифатли хизмат кўрсатишдан биз ҳам манфаатдормиз.

Очиқ кўринадики, автобуслар ҳайдовчилари йўловчи ташишда ўзбошимчалик билан иш тутаяпти. Оқибати эса ҳаракат хавфсизлигига ҳам таъсир этмай қолмайди.

 Айрим ҳайдовчилар билан суҳбатлашиш асносида шу нарса ҳам маълум бўлдики, уларнинг ўрганган жойини ташлаб кетишига “кўзи қиймаётгани”га асосли омиллар бор. Шофёрларнинг уқтиришича, кўпчилик одамлар “район”га шу манзилдан кетишга одатланган. Бошқа жойга кўчса, йўловчилар бормай қўйишидан, уларни бошқа бир “олғир”лар илиб кетишидан қўрқади.

Бу ерда автобусларнинг асосий рақобатчиси саналган енгил машиналар эгаларига ишора қилинаяпти. Автобус шофёрининг баттар жаҳлини чиқараётгани эса кўплаб енгил улов ҳайдовчиларининг йўловчи ташиш билан ҳеч бир рухсатсиз, лицензиясиз шуғулланаётгани. Бунга ҳолатни ўрганиш мобайнида ҳам қатъий ишонч ҳосил қилдик. Чунки бу тоифадаги аксарият киракашлар ноқонуний фаолият юритаётганини очиқ билдирди ҳам. Бирининг ажабланиб айтишича, у кўпдан бери шу тахлит одам ташиб келган, лекин шу вақтгача биров мушугини пишт демаган.

Шу ўринда ажабланарли бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Гап шундаки, қонуний транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этишга жавобгар “Ўзавтотранс” агентлиги     вилоят бошқармаси жойлашган манзил ён-атрофида оз эмас, кўп эмас тўртта ноқонуний, унинг устига бетартиб “стоянка” юзага келган. Улардан Ғузор, Деҳқонобод, Нишон, Миришкор, Шаҳрисабз, китобга қатновчи “такси”лар йўловчи олади. Чироқчи, Яккабоғ, Касби, Косон, Муборак, Қамаши туманлари йўловчилари қаердан “ов” қилишини ҳам мутасаддилар билмаслиги мумкин эмас. Асосан “олғир” шофёрлар эгаллаган бу нуқталардан энди автобуслар ҳам муқим ўрин олмоқда.       

ҚАЧОН ҚЎНИМ ТОПИЛАДИ?

Аҳамиятлиси, транспорт соҳасидаги амалиётга мувофиқ, автостанциялар шаҳар ҳудудига киришда жойлашиши лозим. Қарши шаҳри ҳудуди кенгайиши билан эса мазкур тартибни қўллаш талаб этиларди. Албатта, бу ҳолат аввалдан эътиборга олинган.

Гап шундаки, Биринчи Президентимизнинг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарорида ҳам бу борада муҳим чора-тадбирлар белгиланганди. Унга кўра, вилоят марказининг янги радиал йўли бўйлаб 4 та, яъни “Термиз-Қарши”, “Самарқанд-Қарши”, “Бухоро-Қарши”, “Шаҳрисабз-Қарши” йўналишида янги автостанциялар қурилиши лозим эди. Қарорда ушбу транспорт узеллари 2015 йил охиригача қуриб фойдаланишга топширилиши, уларнинг ҳар бирига 1 миллиард 300 миллион сўмдан маблағ сарфланиши таъкидланган. Молиялаш манбаси сифатида тадбиркорлар сармояси ва банк кредити кўрсатилган.

Аввалги ўрни автостанция бўлган ва улар ҳамон норасмий сўнги бекат сифатида сақланиб қолаётгани эса 5 йилдирки, ушбу ҳужжат ижросида сусткашликка йўл қўйилганини намоён этмоқда. Йўловчи ташиш ҳамон эски манзилдан амалга оширилаётгани бунга исбот эмасми?

ҚАЧОН ТАРТИБ БЎЛАДИ?

Айни ҳолатга изоҳ сўраб, Ўзбекистон транспорт агентлиги вилоят бошқармасига мурожаат этдик. Ташкилот мутасаддиларининг билдиришича, автостанциялар қурилиши кечиккани янги радиал йўлни қуриш тўхтаб қолгани билан боғлиқ. Паст суръат билан бўлса-да, уларнинг қурилиши олиб борилган. “Шаҳрисабз-Қарши” йўналишида замонавий автошоҳбекат қуриб битказилган, янги паспорт берилган. Қолганида эса айни пайтда пардозлаш ишлари кетаяпти экан.

- Фойдаланишга топширилиши ортга сурилган 3 автостанция қурилишини хусусий тадбиркорлар ўз зиммасига олган эди, - дейди бошқарма бошлиғи Шерзод Норбоев. – Бугунги кунда жараён деярли якунланди. Қарши шаҳри атрофидан ўтувчи айланма йўл ишга тушса, ушбу автостанциялар ўз фаолиятини бошлайди. Бунинг самарасида автобуслар қатновидаги парокандалик тўла барҳам топади. Уларнинг шаҳар ичига киришига буткул чек қўйилади.

Хўш, Шаҳрисабз-Қарши йўналишида замонавий автостанция қурилибди. Нега у ишга тушириб юборилмаяпти? Бунинг учун айланма йўл тўлиқ битишини кутиб ўтиришдан нима мантиқ? Қолаверса, замонавий дейилаётган шу автостанция ҳудуди фойдаланилмаётгани боис аста-секин тиканзорга айланиб бораяпти-ку. Очиқ тан олиш керак, бу борадаги ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Мутасадди идоралар масъуллари эса йўналишлар бўйича тендер ўтказиш, лицензиясизлар “ов”идан нарига ўтаётгани йўқ. Бугунги ислоҳотлар шиддати ҳам уларни қўзғата олмаяпти.

Дарҳақиқат, рисоладагидек автосанциялар керак. Шу асосда  туманлардан келадиган йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг вилоятимиз марказига киритилмаслиги ҳам кўп томондан фойдали. Аввало Қарши шаҳридаги йўлларда (айниқса, ҳозирги сунъий автотураргоҳларга туташ жойларда) машиналар ҳаракатига хавф камаяди. Ўз ўрнида вилоят марказида ҳаракатланувчи транспорт воситалари сони қисқариши ҳисобига қатнов тиғизлиги ҳам пасаяди. Йўловчиларни қулай ва хавфсиз ташиш кафолатланади. Лекин янги автостанциялар ишлашини анча кутсак, бу ҳали бери амалга ошадиганга ўхшамаяпти.

Шу ўринда бир нарса йўловчиларни бироз ташвишга солиши турган гап. Яъни шу чоққача улар Қарши шаҳри ичига, муҳим маршрутларга яқин жойга келиб тушаяпти. Бу ердан йўловчига ўзи истаган манзилга бориши осон бўлиши аниқ. Автобуслар фақат автостанцияларга келиб тўхтаса, одамларни келгусида шаҳарга кириш масаласи ўйлантирмай қолмайди.

“Ўзавтотранс” агентлиги вилоят   бошқармасидан олинган маълумотга кўра, мазкур ҳолатга ҳам ечим ишлаб чиқилган. Шу мақсадда автостанциялар орасида автобуслар қатнови йўлга қўйилади. Мисол учун, “Шаҳрисабз-Қарши” йўналишида жойлашган “Қарши” автостанцияси янги автобус йўналишлари орқали Шайх Али қўрғони, Аэропорт, Термиз йўли автостанцияси, “Бешкент” автостанцияси билан ўзаро боғланади. Ушбу транспорт воситаларининг Қарши шаҳридаги муҳим объектлар олдидан ўтиши таъминланади. Хуллас, бу ҳам йўловчига анча енгиллик беради.

Барча ишни оғизда ҳал этиш осон, албатта. Бажарилиши кўзда тутилган вазифалар қай даражада адо этилади, буни вақт кўрсатади. Асосийси, тартибга қатъий амал қилинсин, йўловчиларга сифатли хизмат тақдим этилсин. Қонуний ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчи ҳам ўз фаолиятидан қониқиш ҳосил қилсин. Шунда унинг ўз автобусини йўл устига кўндаланг қўйишига ҳам, дуч келган жойдан бетартиб йўловчи тўлдиришига ҳам ҳожат қолмайди, ҳудуднинг транспорт тизими жадал ривожланади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ