"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 апрель, якшанба.

УЛАР МУСИҚАНИ СЕВАДИЛАР

Маданият
Tipografiya

Истеъдодлилар – юрт таянчи

УЛАР МУСИҚАНИ СЕВАДИЛАР

Мусиқа эса руҳият озиғи, қалб таржимонидир

Саҳна. Томошабин навбатдаги ижро бошланишини кутади. Парда ортидан оҳиста чиқиб келган ижрочининг қўлида бир эмас, икки дона най. Чаққон ҳаракат билан чоғроқ найни белига қистириб, микрофон ёнида шай турган доирачига имо қилади. Майин най садоси ва унга паст товушда жўр бўлаётган доиранинг бир зайлдаги овози уйғунлашиб, чиройли оҳанг тарала бошлайди.

Аввалига бироз вазмин оҳангда бошланган куй сизни бир зумда ўзига ром этади: лаҳза сари шўхчанлик касб этиб бораётган мусиқани тинглай туриб, ўз-ўзидан кайфиятингиз кўтарилади, юрагингизда сурур пайдо бўлади. Беихтиёр     шундай гўзал ижродан ҳайратга тушаётганингизни ҳис қиласиз. Дарвоқе, асарнинг номи “Ҳайрона”. Ўзбекистон халқ артисти, машҳур созанда Абдуҳошим Исмоилов ижодига мансуб бу асарни берилиб, ўрни келганида иккинчи най билан булбул “чаҳ-чаҳ”ию бошқа сайроқи қушлар нағмасини қойиллатиб чалаётган ижрочи эса ғузорлик Шоҳрух Пардаев.

- Мусиқага қизиқишимга мактабимизда фаолият кўрсатаётган мусиқа тўгараги машғулотлари сабаб бўлган, - деб эслайди Шоҳрух. – Ғузор туманидаги 17-ўрта умумтаълим мактабининг 5-синфида ўқиб юрган кезларимда ўзимдан каттароқ болалар, қизларнинг мусиқа тўгарагига қатнаётганликларини кўрардим. Бир-икки марта тўгарак хонасининг деразасидан мўралаб, уларнинг турли мусиқа асбобларини чалишни машқ қилаётганларини томоша қилдим. Мусиқа устозимиз – Алимардон Жўраевдан мени ҳам тўгаракка олишини, бирор мусиқа асбобини чалишни ўргатишини сўрадим.

Устозининг қайси асбобни чалишга қизиқаётгани ҳақидаги саволига эса болакай “Эшитган кишига энг кучли таъсир ўтказадиган созни”, дея жавоб беради. Ўқитувчи ўзига узатган найни илк марта қўлига олган пайтдаги ҳолатини Шоҳрух шундай ҳикоя қилади:

- Найни қўлимда тутиб турибман. Уни бир-икки марта силаб, сўнг лабимга яқин келтирдим. Гарчи қандай чалишни билмасам ҳам ўзимча худди уни чалаётгандай бўлдим. Бу ҳаракатларимни диққат билан кузатиб турган устозим кулиб, “Сенда най чалишга иштиёқ, қобилият борга ўхшайди, ўрганиб кўргин-чи”, деб исм-шарифимни тўгарак  журналига ёзиб қўйди.

Аввалига Шоҳрухнинг ота-онаси бу қизиқишга қарши чиқишди. Уларнинг ҳар иккови шу мактабда ишлар, Абдуҳаким ака тарих фанидан, Гўзал опа эса она тили ва адабиётдан сабоқ беришарди. Мусиқанинг машаққатли соҳалигидан яхши хабардор бўлган дадаси Шоҳрухга най энг қийин асбоб эканлиги ва уни чалиш учун куч, кўп меҳнат талаб қилинишини айтиб, ўғлининг мусиқа тўгарагига қатнаши учун рухсат бермади, диққатини бошқа машғулотларга тортишга уриниб кўрди. Бироқ Шоҳрух бундан қаттиқ хафа бўлаётганини, тўгарак машғулоти ўтилаётган хонага мўралаб тураверишини кўргач, ахийри ижозат берди. Мусиқа ўқитувчиси Алимардон Жўраев билан гаплашиб, ўғли най чалишни ўргана олишига ишонолмаётганини айтганида, устоз уни тинчлантирди ва бир ойдан кейин натижа маълум бўлишини айтди. Шоҳрух тўгаракка қатнай бошлади. У най чалишга шу қадар иштиёқ билан киришдики, ҳатто шанба-якшанба кунлари ҳам устози билан шуғулланарди.

- Ростдан ҳам най чалишни ўрганиш жуда машаққатли иш экан, - дейди у. – Кунига 8 соатлаб машқ қилардим. Дадамнинг “чалишни ўрганиш қийин, сен ўргана олармикинсан”, деган гапини ҳар сафар эсласам, чарчаганим, ҳолдан тойганимни унутиб қўяр ва яна бор кучим билан найни пуфлай бошлардим. Барибир чалишни ўрганаман, деб аҳд қилганим учунми,  тинимсиз машқлар эвазигами, ҳарҳолда, орадан бир ой ўтгач, мактабимизда мусиқа тўгараги аъзолари томонидан тайёрланган концерт дастурида най чалдим. Ўшанда томошабинлар орасида ўтирган дадам ижроимни кўриб, кўзларига ёш олганди.

Кейинроқ бу каби ҳаяжонли дақиқалар ота-бола ҳаётида кўп марта рўй берди. 6-синфда ўқиб юрган чоғида “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивалининг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилган Шоҳрух ансамбль жўрлигида машҳур “Чўли Ироқ” куйини ижро этди. Тошкентдаги муҳташам “Истиқлол”  санъат саройини томошабинлар олқиши тутиб кетди ва ёш мусиқачи танловда биринчи ўринга сазовор бўлди.

Мактабни тугатиб, Қарши санъат коллежига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинган Шоҳрух Пардаев ўзбек халқ чолғулари бўлимининг най синфида таҳсилни давом эттирди. Устози Ислом Ражабовдан мусиқа назарияси, най чалишнинг энг мураккаб сир-синоатларини қунт билан ўрганди. Шу орада турли мусиқа танловларида иштирок этиб, ўз қобилияти ва маҳоратини мутахассислар синовидан ўтказиб борди. Жумладан, “Ёш ижрочилар”, “Юрт келажаги” каби танловларнинг республика босқичида юқори ўринларни қўлга киритди.

- Орзуларимдан бири юртимиздаги машҳур, кўзга кўринган профессионал мусиқачилардан сабоқ олиш, уларнинг ижодини ўрганиш эди, - дейди Шоҳрух. - 2011 йилда Ўзбекистон Давлат консерваториясига грант асосида ўқишга қабул қилинишим шу орзуимга эришишим учун имкон туғдирди. Ўзбекистон халқ артистлари  Абдуҳошим Исмоилов, Абдулаҳад  Абдурашидовлардан сабоқ олиш, дарс тинглаш бахтига    муяссар бўлдим. Яна бир устозим Сурайё Ходжаева эса бугунги кунда ҳам энг яқин     маслаҳатгўйимдир.

Тошкент маданият коллежининг анъанавий ижрочилик бўлимида ёшларга дарс бериб келаётган Шоҳрух ҳамон ўзини ўрганувчи, бошловчи мусиқачи деб билади. Турли танловлар, мусиқий беллашувларда қатнашишни канда қилмайди. Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун таъсис этилган “Ниҳол” мукофоти танлови вилоят босқичида иштирок этиб, мусиқа ижрочилиги йўналишида биринчи ўринни қўлга киритган Шоҳрух Пардаев мазкур беллашувнинг республика босқичида ҳам муваффақиятли қатнашиш ниятида.

- Най менинг энг қадрдон ҳамроҳим, ҳаётдаги йўлдошим, - дейди у. – Биласизми,    инсон қалбидаги барча туйғуларни биргина шу соз воситасида ифодалаб бериш мумкин. Қувонч, қайғу, муҳаббат каби ҳислар най    садосида шунчалик ёрқин, мукаммал ифодаланадики, бошқа бирор созни унга қиёс эта      олмайман.

* * *

Касби туманилик ёш мусиқачи Фахриёр Қосимовнинг ғижжакдаги ижроси мутахассислар эътирофига сазовор бўлган. Асли мусиқачилар оиласида туғилиб вояга етган бу йигит мусиқа илмини дастлаб уйда олган бўлса, кейинчалик Тошкентдаги Глиэр номли мусиқа лицейида таълим олди. Устозлари кўмагида ғижжак чалишни ўрганар экан, бор эътиборини   машғулотга қаратди. Бир қатор танловларда муваффақиятли иштирок этди.

- Илк устозим Анвар Аҳмаджоновнинг йўл-йўриқларига кўра, ғижжак чалишни кунига уч-тўрт соатдан машқ қилардим, - дейди Фахриёр. – Аввалига ноталарни ёд оласиз, чалаётганингизда эса чиқаётган оҳанг қайси нотадан таралаётганига диққат қилишингиз керак бўлади. Кейинчалик – ғижжакни ўзингизники қилиб олганингиздан сўнг эса ижро этаётган мусиқа юрак-юракларга етиб бориши учун бор эътиборингиз шу асарни ҳис қилишга қаратилади. Шундагина сизнинг ижроингиз кимнидир ҳайратга солиши мумкин.

Ёш мусиқачи ғижжакни қўлига олади. Аввал фортепьянонинг сокин товуши таралади. Унга бироздан кейин ғижжакнинг сал бўғиқ, нолали шикаста овози жўр бўлади. Куйни тинглаётган кишининг кўз ўнгида эса беихтиёр мавжланаётган денгиз намоён бўлади. Унинг тўлқинлари гоҳ шиддат билан қирғоққа урилгани, гоҳ эса юқорига сапчиётганини тасаввур қиласиз.

- Бу композитор Бежан Муртазалийнинг “Тўфон” асари, - изоҳ беради Фахриёр. – Бу асарни кўпинча фортепьяно жўрлигида ижро этаман. Аммо ансамбль билан биргаликда ҳам чалиш мумкин. Ўрганиш жараёнида ишни уни қайта-қайта тинглашдан бошлаганман. Қайси жойда шиддат бериш керак, қайси ўринда оҳиста чалиш кераклигию муаллифнинг мақсадини тушунишга уринганман. Умуман, ҳар қандай асарни ижро этганда ҳам энг аввал уни қалб билан ҳис эта билиш муҳим. Айтишади-ку, мусиқа – қалб таржимони, деб. Бу бежиз эмас.

Фахриёр бугунги кунда Ўзбекистон Давлат консерваториясининг 1-босқич талабаси. Устози профессор Мурод Тошмуҳаммедовнинг касбилик бу тиришқоқ йигитдан умидлари катта. Дарвоқе, айни кунларда у “Ниҳол” мукофоти танловининг республика босқичида иштирок этиш учун тайёргарлик кўраяпти. Вилоят босқичида мусиқа ижрочилиги йўналишида 2-ўринга сазовор бўлган Фахриёр кўрик-танловнинг республика босқичида ижро этиш учун янги асарни ўрганмоқда.

- Келажагим мусиқа билан чамбарчас боғланган, - дейди у. – Эҳтимол, бошқа ҳар қандай иш қўлимдан келар, аммо мусиқа менинг ҳаётим мазмуни эканига шубҳам йўқ. Чунки ҳеч бир нарса юрагимга мусиқа каби яқин эмас.

Хуллас, Шоҳрух ва Фахриёр каби ёш мусиқачилар ўзларининг маҳоратларини ошириб, юртимизда шу соҳага қаратилган эътибордан унумли фойдаланаётган умидли ёшларимиздан. Уларнинг интилишлари эса янги ютуқларга йўл очиши шубҳасиз.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА