"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

САЙЁҲ КЕЛИШИНИ КУТИШ ЭМАС,

Маданият
Tipografiya

Туризм

САЙЁҲ КЕЛИШИНИ КУТИШ ЭМАС,

ҳудуднинг бор жозибасини кўз-кўз қилиб уларни жалб эта олиш муҳим

Ҳаво алмаштириш, мароқли ҳордиқ чиқариш ва турли ўлкалар билан танишиш иштиёқи барча даврларда одамларни саёҳат қилишга ундаб келган. Чунки минг бор эшитгандан, бир марта кўрган яхши, дейдилар. Шунга монанд йилдан-йилга дунё миқёсида сайёҳлар оқими кўпаяётгани кузатилмоқда. Натижада туризм жадал ривожланмоқда. Ҳозирги пайтда ушбу тармоқ аксар мамлакатлар иқтисодиётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Бироқ замонамиз туристлари дуч келган ўлкага саёҳатни ихтиёр этавермайди. Бой тарихга эга, фусункор табиати билан ажралиб турувчи мамлакатлар уларни кўпроқ ўзига жалб қилади. Қолаверса, ўша мамлакатда тинчлик ҳукмрон ва сайёҳлар хавфсизлиги таъминланган бўлиши керак.

Бироз аввал Буюк Британиянинг “Financial Times” журнали томонидан эълон қилинган 2017 йилдаги энг қайноқ туристик йўналишлар рўйхатига назар солган киши бунга ишонч ҳосил қилади. Мазкур рейтинг жаҳон туризм саноатида етакчи ҳисобланган компаниялар тавсиясига асосан тузилган. “Сўнгги вақтда мижозларимиз саргузаштларга бой туризмни маъқул кўраётгани ва ноёб жойларга узоқ сафарлар уюштиришни режалаштираётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Айни вақтда Буюк Ипак йўлида жойлашган мамлакатлар энг қайноқ йўналиш саналади”, дея таъкидлаган “Wild Frontiers” туроператор вакили Жонни Билби. Унинг сўзларига кўра, шундай саёҳатни мақсад қилганларга Ўзбекистон ҳар томонлама мос келади.

Ана шу фикрларни тўлдирган ҳолда Буюк Ипак йўлининг бир қисми мамлакатимизнинг Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро ва Хива шаҳарлари орқали ўтганлигини қайд этмоқ лозим. Мазкур шаҳарларда эса ўша даврга оид тарихий ёдгорликлар, осори атиқалар ҳозиргача яхши сақланиб қолган. Шу жумладан, вилоятимиз ҳам туристик жозибадор ҳудудлардан ҳисобланади. Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз туғилиб ўсган шаҳарни кўришга орзуманд бўлган туристлар кўплаб топилади. Қолаверса, вилоятимиздаги бошқа диққатга сазовор жойлар ҳам сайёҳларни беэътибор қолдирмаслиги аниқ.

Лекин вилоятимизга сайёҳларни  кенгроқ жалб қилиш борасидаги мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилаяпти, деб бўлмайди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмида соҳанинг улуши пастлигича қолмоқда. Мисол учун, ўтган йилнинг 9 ойида вилоятда фаолият олиб бораётган 28 та туристик корхона томонидан 5,7 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган. Албатта, бу мавжуд имкониятга нисбатан олганда у қадар катта рақам эмас. Бундан ташқари, ушбу даврда чет эллик фуқароларга кўрсатилган туристик хизматлар экспортидан тушган маблағ атиги 385 минг долларни ташкил этган, холос. Бу муддатда вилоятимиздаги мавжуд маданий мерос объектлари ва зиёратгоҳларга 305 минг нафар сайёҳ борган бўлса, шунинг 3 фоизигина хорижий туристлар ҳиссасига тўғри келган. Уларнинг асосий қисми Россия, Франция, Испания, Италия, Германия, Англия, Япония ва Корея мамлакатлари фуқароларидир.

Маълумки, 2016 йил 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Ушбу ҳужжатга асосан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғиб қилиш бўйича кенг ишлар бошлаб юборилди. Соҳага бу қадар устувор аҳамият қаратилаётгани бежиз эмас, албатта. Жаҳон тажрибасида туризм аҳоли бандлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришни ривожлантиришда етакчилик касб этиши ўз исботини топган.

Мазкур фармонга мувофиқ, туризм соҳасини жадал ривожлантириш, тармоқни бошқаришни тубдан такомиллаштириш, сайёҳлик индустрияси субъектлари фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш белгиланган.

- Ваколатларимиз доираси кенгайтирилиши алоҳида аҳамиятга эга бўлди, - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоятдаги вакили Ўктам Хўжаёров. - Эндиликда идорамиз туроператорлик фаолиятини лицензиялаш, меҳмонхона хизматларини мажбурий сертификатлаш, меҳмонхоналарнинг таснифини белгилаш каби вазифаларни амалга оширади. Қўмита томонидан қабул қилинадиган қарорлар тармоқ корхоналари учун мажбурий характер касб этади.

Қайд этиш ўринлики, туризм фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларининг иш услубини такомиллаштириш, улар учун енгиллик ва қулайликлар яратиш соҳа ривожига кенг имкон беради. Аҳамиятлиси, сўнгги вақтда вилоятимизда туристик хизмат кўрсатувчи корхоналар (туроператорлар) сони кўпаймоқда. Ўтган йили ҳудудда 10 дан ортиқ янги туроператорлар давлат рўйхатидан ўтказилган. Корхоналар ходимларининг малакасини ошириш доимий эътиборда. Тегишли фармонга кўра, жорий йилдан бошлаб туризм корхоналарини ўз фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи юзасидан лицензиялаш тартиби жорий қилинди. Лицензиялаш жараёнида туризм корхонасида туристлар ва экскурсантлар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфсизликни таъминлаш тизими мавжудлиги қатъий талаб этилади.

- Албатта, бу тартибнинг жорий этилиши давр талабидир, - дейди “Шаҳрисабз тур” МЧЖ раҳбари Юлдуз Мамадиёрова. – Чунки сайёҳлар билан ишлайдиган тадбиркорлик субъекти уларнинг хавфсизлиги масаласини доимо ҳисобга олиши керак. Ана шундан келиб чиқиб ҳозирча сайёҳларга икки хил маршрут - Шаҳрисабзнинг тарихий ёдгорликлари ва ҳудуд экотуризми бўйича саёҳатни таклиф этаяпмиз. Янги барпо этилган 2 та уй-меҳмонхонамиз ҳам чет элликларда миллий урф-одатларимиз ҳақида тўлиқ таассурот уйғотиши турган гап.

Дарҳақиқат, туристларга сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этишда меҳмонхона ва мотеллар ҳамда жойлаштиришнинг бошқа воситалари, уларда яратилган шарт-шароитлар муҳим ўрин тутади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятимизда 20 дан зиёд меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Бир вақтнинг ўзида уларда 1000 нафаргача сайёҳни қабул қилиш имкони мавжуд. Президент фармонига кўра, ушбу фаолият билан шуғулланувчи айрим тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар бериш кўзда тутилган. Хусусан, 4 юлдузли даражадаги меҳмонхона ва мотелни фойдаланишга топширган юридик шахс фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғидан, шунингдек, ягона солиқ тўловидан 5 йил муддатга озод этилади.

- Тез орада янги 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхонамизни фойдаланишга топшириш арафасида турибмиз, - дейди Қарши шаҳридаги “Qarshi grand tour” МЧЖ раҳбари Адҳам Асадов. - Ушбу ишлар вилоят туризмини ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилди. Меҳмонхонамиз 4 юлдузли даражада таснифланиши учун унинг қурилиши лойиҳасида зарур талабларни инобатга олганмиз. Бунга эришсак, тегишли фармон асосида берилган имтиёзлардан фойдаланиш имконига эга бўламиз.

Сифатли хизмат турлари билан бирга вилоятимизнинг сайёҳлик салоҳиятини кенг намойиш этишда тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш кутилган натижани бериши турган гап. Оддий тилда айтганда, сайёҳни кутиш эмас, жалб этиш давр талаби. Мана бунга ёрқин мисол. 2016 йилнинг 5-7 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган “Ипак йўлида туризм” номли XXII Тошкент халқаро туризм ярмаркасида вилоятимиздан 60 га яқин туристик ташкилотлар ва меҳмонхоналар вакиллари, ҳунармандлар ва фольклор-этнографик гуруҳлардан иборат жамоа иштирок этди. Улар томонидан воҳамизнинг ўзига хос маданияти, туристик имкониятлари турли кўргазмалар асосида кенг намойиш этилди. Натижада ярмарка доирасида вилоятимиз вакиллари ва ҳамкорлар ўртасида 500 дан ортиқ шартномалар имзоланди ва бу келгусида ҳудудда туризм соҳаси янада юксалиши учун катта шароит ҳозирлайди.

Хуллас, бугун туризм дунё иқтисодиётининг ҳар томонлама манфаат келтирувчи соҳаси сифатида тилга олинаяпти. Бизда эса уни ривожлантириш учун катта имкониятлар бор. Муддао эса улардан кенг фойдаланиш ва туризмни иқтисодиётнинг салмоқли фойда келтирувчи илғор тармоғига айлантиришдир.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ