"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

МАҚСАД БИР, ҚАДРИЯТЛАР МУШТАРАК

Маданият
Tipografiya

Шу азиз Ватан - барчамизники!

МАҚСАД БИР,  ҚАДРИЯТЛАР МУШТАРАК

Дунёда халқ кўп, элату миллат бисёр. Бироқ, бир заминда бир неча миллат вакилларининг ҳамжиҳатликда, ягона мақсад - Ватан равнақи йўлида якдил бўлиб яшаётганини ҳамма жойда ҳам учратиш қийин. Бунинг учун миллатлараро тотувлик таъминланиши, бағрикенглик тамойиллари амалда кенг қулоч ёйиши, энг муҳими, қайси миллат вакили бўлмасин, шу заминни ўз Ватани, саждагоҳи сифатида ҳис қилиши, буни англашига эришиш керак. Мамлакатимизнинг 26 йиллик мустақил тараққиёт йилларида биз шунга монанд ҳаракат қилдик ва 130 дан ортиқ миллат вакиллари шу муқаддас заминда тинч-осойишта ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг урф-одатлари, қадриятларида ҳам кўп ўхшашликларни топасиз.

Айниқса, қадимдан ўзаро қардошлик ришталари билан боғланган ўзбек ва туркман миллатида бу ҳамоҳангликка ҳар қадамда дуч  келиш мумкин. Бу икки қардош миллатнинг маданияти, қадриятлари, турмуш тарзи, тили, урф-одатларида ҳам акс этади.

Бугун вилоятимизнинг Миришкор, Нишон ва Муборак туманларида 50 мингдан зиёд туркман миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ва Муҳаммад ал-хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида, воҳамиздаги касб-ҳунар коллежларида 300 нафардан ортиқ талабаю ўқувчи қўшни Туркманистондан келиб ўқийди. 2007 йилдан буён вилоятда туркман миллий  маданий маркази фаолият кўрсатаяпти. 

- Ўзбек-туркман оға-ини, тарихимиз, ҳаётимиз ўхшаш, - дейди Миришкор туманидаги Чандир қишлоғида яшовчи 72 ёшли отахон Ободназар Бахдитов. - Содда қилиб тушунтирсам, туркман миллатига мансуб ўзбекман. Ватан бир, ютуғу муваффақиятларимиз умумий, келажакка бирдек боқамиз. Баримиз бир Ўзбекистон  фарзандимиз.

Ҳар бир миллат ўзининг эзгу қадриятлари, урф-одатларию анъаналарини асраб-авайлаш, давом эттиришга масъул. Бунинг учун эса шароит, муҳит зарур. Биз кўрганмиз, собиқ тузум даврида ўз юртингда ўз миллатингга хос амаллардан, том маънода ўзлигингдан кечишга мажбур қилишганини.

- Мамлакатимизда турли миллат вакиллари орасида ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик устун туради, - дейди вилоят туркман миллий маданий маркази раҳбари Норбой Жўраев. - Мақсадларимиз муштарак. Юрт байрамлари ҳар биримизни қувонтирса, маълум миллатга хос анъанавий тадбирларни ҳам бирга нишонлаётганимиз ана шу аҳилликнинг яққол бир кўринишидир. Ота-боболаримиз урф-одатлари, қадриятларимизни давом эттираяпмиз, тилда, эътиқодда  эркинмиз.

Қарши давлат университетининг туркманистонлик талабаси Ҳалима Муҳаммадиева ўқишдан бўш вақтларида уч-тўрт чоғли   тенгдошлари билан ўзбек ва туркман миллатига хос миллий таомларни тайёрлайди, кашта тўқийди ёки биргаликда китоблар мутолаа қилишади. У ўзбек дугоналарига туркман миллий таомларини, ҳунармандчилик турларини ўргатса, ўзбек қизлари ҳам унга ўзбекона анъаналардан сўзлаб беришади.

- Менга ўзбекона тўйлар, айниқса, никоҳ маросими жуда ёқади, - дейди у. - Туркман оилаларида ҳам никоҳ тўйлари қизиқарли, анъаналарга бой ўтади, ўхшашликлар жуда кўп.  

Ўхшашликлар мазкур икки миллатда тилда ҳам, дилда ҳам бор. Ўзига ҳам, ўзгага ҳам яхшилик соғиниш, қўни-қўшничилик анъаналарини қадрлаш, фақат эзгуликка интилиш каби умумий хислатлар шулар жумласидан. Бир заминда, ягона Ватанда яшаётганимиз эса тақдиримиз, келажагимиз, орзу -умидларимизни ҳам бирлаштирган.

Бинобарин, мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, ҳамфикрлик ана шуларда яққол намоён бўлмоқда, десак муболаға эмас. Ана шу жиҳатлар эмасми аслида бизнинг, биз билан ватандош бошқа миллат вакилларининг энг катта ютуғи,   якдиллик билан юрт равнақи йўлида астойдил хизмат қилишга ундаган туйғу?! Зеро, шу азиз  Ватан - барчамизники! 

С.АЛЛАЁРОВА