"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 январь, шанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ВИЛОЯТ МУСИҚАЛИ ДРАМА ТЕАТРИДА ЯНГИ МАВСУМ

Маданият
Tipografiya

Санъат

ВИЛОЯТ МУСИҚАЛИ ДРАМА ТЕАТРИДА ЯНГИ МАВСУМ

Вилоят мусиқали драма театрида 85-мавсум очилиш маросими бўлиб ўтди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда театр ижодий жамоаси, фахрийлар, қўшни вилоятлар театрларидан таклиф этилган меҳмонлар, маданият, адабиёт соҳаси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, вилоят мусиқали драма театрининг илк пойдевори 1920-йиллардан қўйила бошланган. Театр ташкил этилишида Қарши шаҳрилик машҳур мусиқачи ва соз устаси Абдулла Қодиров - Танбурийнинг ҳиссаси катта бўлган. Унинг ташаббуси билан 1924 йилдан 1930 йилга қадар  Қарши ва Шаҳрисабз ёшларини бирлаштирган ҳаваскорлик тўгараги фаолияти йўлга қўйилган. 1932 йил 2 августда эса Қарши-Шаҳрисабз ҳаваскорлик жамоалари асосида Қарши тумани маориф мудири А.Шоибзода ва А.Қодиров ташаббуси билан вилоят мусиқали театри ташкил этилди ва ана шу сана театр ташкил этилган кун сифатида тарихга муҳрланди. Бу йил жамоа ўзининг 85-мавсумини бошламоқда.

- Театр жамоаси илк бора “Ҳалима” спектаклини саҳналаштириб, мухлисларга ҳавола этишган, - дейди вилоят мусиқали драма театри директори Ўткир Махматқулов. - Унда бош ролни иқтидорли актриса Зайнаб Самиева ижро этган. Шундан сўнг ўтган 80 йилдан ошиқ вақт мобайнида жуда кўп асарлар саҳналаштирилди. Бу даргоҳда турли йилларда Фароғат Раҳматова, Икрома Болтаева, Суръат Пўлатов, Шариф Қобилов, Муҳтарама Носирова ва шу каби жуда кўплаб атоқли, элимиз севган ижодкорлар меҳнат қилишган.

Театрнинг янги мавсуми очилишида сўзга чиққанлар томонидан ижодий жамоа босиб ўтган йўл, бу йўлда фидойи меҳнат қилган инсонлар, устоз санъаткорларнинг номи ёдга олинди. Мамлакатимизда миллий театр санъатини ривожлантириш, мумтоз анъаналарни асраб-авайлаш ва жаҳонга кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, вилоят мусиқали драма театри ижодий жамоаси ҳам бу имкониятлардан янада руҳланиб, янги-янги ютуқларни қўлга киритаётгани эътироф этилди.

Дарҳақиқат, вилоят мусиқали драма театри жамоаси сўнгги йилларда республика миқёсида ўтказилган қатор фестиваль ва кўрик-танловларда иштирок этиб, юқори ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Жумладан, 2010 йилда бўлиб ўтган “Дебют-2010” республика ёш режиссёрларининг кўрик-фестивалида Ф.Бойназаров саҳналаштирган “Қўнғироқли алдоқчи” эртак-томошаси Гран-при совринини қўлга киритган бўлса, 2011 йилда “Сени куйлаймиз, замондош” республика театр фестивалида Нафас Шодмонов асари асосида саҳналаштирилган “Нажот дарвозаси” спектакли фахрли ўринга муносиб кўрилди. 2015 йилда эса ижодий жамоа худди шу фестивалда “Оролбобо” спектакли билан 1-ўринни эгаллади.

Тадбирда театр ижодий жамоасининг ташриф қоғозига айланган ана шу асарлардан кичик парчалар ижро этилди.

Маълумки, аксарият театрларда ҳар йили янги мавсумни юксак эътибор ва эътирофга сазовор бўлган асарлардан бири билан бошлаш анъанаси мавжуд. Вилоят мусиқали драма театри жамоаси ҳам бу мавсумни ўз репертуаридаги энг сара асарлардан бири – “Лайли ва Мажнун” мусиқали драмаси билан бошлади.

Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони асосидаги спектакль вилоят театрида илк маротаба 1940-йилларда саҳналаштирилган. 2008 йилда эса Овлиёқули Хўжақулиев асарга сайқал бериб, қайта саҳналаштирди. 2012 йилда ижодий жамоа “Лайли ва Мажнун” мусиқали драмаси билан халқаро театр фестивалида қатнашиб, муносиб тақдирланди.

Ж.ҚИЛИЧЕВ

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.