"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

“ОРОЛ БОБО” ОРОЛ БЎЙИДА ОЛҚИШЛАНДИ

Маданият
Tipografiya

Санъат

“ОРОЛ БОБО” ОРОЛ БЎЙИДА ОЛҚИШЛАНДИ

24-25 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ва Мўйноқ туманида “Орол балиқларидан 99 турдаги таомлар” гастрономик фестивали, “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” экофестивали ҳамда қорақалпоқ шоирлари Бердақ ва Ажинияз ижодига бағишланган  шеърий-мусиқий халқаро фестиваллар бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоятимиз мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси ҳам ўзларининг “Орол бобо ёҳуд танҳо қайиқ” номли спектакли билан иштирок этди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида намойиш этилган мазкур спектакль томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Эркин Аъзам сценарийси асосида режиссёр Фарҳод Жумаев томонидан саҳналаштирилган мазкур спектаклда бугунги кундаги глобал муаммолардан бири – Орол фожиаси кўтарилган. Унда ижодий жамоа бадиий томошавийлик асосида Орол муаммосининг рамзий ечимини топишга уринади. 

Асарда Орол фожиаси оддийгина экологик муаммо эмас, балки улкан маънавият парокандалиги, қалблар емирилиши сифатида акс эттирилган. Ундаги бош қаҳрамон – Орол бобо сиймосида ватанга муҳаббати чексиз бўлган инсонни кўриш мумкин. У ўз гўшасини ҳатто ғариб аҳволда ҳам ташлаб кетмайди. Ўзини Оролга кўмишларини, танҳо қайиқ унга мозор бўлишини истайди. Фарзандлар эса ўз манфаатлари йўлида отасининг ўлимига ҳам рози. Бу ҳолат ватан келажагининг ҳақиқий емирилиши сифатида акс эттирилади.  Бироқ Орол бобонинг шогирдлари унинг руҳини абадиятга муҳрлайди. Улар устозининг  танҳо қайиғини бошқаришни давом эттираверади.

Эслатиб ўтамиз, вилоят мусиқали драма театри ижодий жамоаси 2015 йилда “Сени куйлаймиз замондош” республика театр фестивалида мазкур асар билан иштирок этиб, 1-ўринни қўлга киритганди.

Ж.БОЙМУРОДОВ