"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

25 апрель, пайшанба.

МАҲАЛЛА – МЕНИНГ ТАҚДИРИМДА

Маданият
Tipografiya

Кўрик-танлов

МАҲАЛЛА – МЕНИНГ ТАҚДИРИМДА

Вилоят мусиқали драма театрида “Маҳалла - менинг тақдиримда” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган тадбирда танловнинг қуйи босқичида юқори натижа қайд этган 14 жамоа маҳалла ҳаёти, миллий қадриятлар, маҳалла-таълим муассасаси-оила ҳамкорлиги каби мавзуларни ўзида мужассам этган 3 шарт бўйича ўзаро баҳcлашди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Долли Аллаев, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Дўстмурод Султонов ва бошқалар сўзга чиқиб, Президентимиз раҳнамолигида ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказиш, ёшларни турли зарарли ғоя ва иллатлар, хусусан, “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан ҳимоялаш, уларни касб-ҳунарга йўналтиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўрни ортиб бораётганини таъкидладилар. Мазкур кўрик-танлов бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли эканлиги қайд этилди.

– Кўрик-танлов низомига кўра, умумтаълим мактабларининг 9-синф ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг 1- ва 2-босқич ўқувчиларидан иборат жамоалар ҳам шакллантирилди, – дейди ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Холмирза Болтаев. - Танловга тайёргарлик кўриш ва иштирок этиш жараёнида ёшлар мамлакатимиз  мустақилликка эришгандан сўнг ўз маҳалласида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги билимини янада бойитди. “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?”, “Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган эзгу ғояларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини чуқурроқ англайди.

 Якуний натижаларга кўра, Китоб туманидаги Паландара маҳалла фуқаролар йиғинининг “Паландара” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди. Иккинчи ва учинчи ўринларга Косон туманидаги Мудин маҳалласининг “Шунқорлар” ва Қарши шаҳридаги Хонтепа маҳалласининг “Хонтепа” жамоалари муносиб, деб топилди. 

- Танловда маҳалламиз тажрибасини тарғиб қилиш билан бирга, бошқа ҳудудлар тажрибаси билан яқиндан танишиш имконига ҳам эга бўлдик, - дейди “Паландара” жамоаси аъзоси Ҳулкар Хазратова. – Буларнинг барчаси кейинги фаолиятимизда асқатиши  шубҳасиз.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. 

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратда: тадбир иштирокчилари.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.