"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 апрель, якшанба.

МАҚОМ САНЪАТИНИ ЭЪЗОЗЛАБ

Маданият
Tipografiya

Қадрият

МАҚОМ САНЪАТИНИ ЭЪЗОЗЛАБ

Аждодларимизнинг қадоқ қўллари, ақл-идроки билан яратилган тарихий ёдгорликлар, ёзма асарлар ўзбек халқ мусиқасининг ҳам қадимийлигидан далолат беради. Х асрда яшаган файласуф, қомусий олим Муҳаммад Форобий миллий мусиқамиз тарихига оид бир неча асарлар муаллифидир. Абу Али ибн Сино, Абдураҳмон Жомий ва бошқа мутафаккирлар буюк алломанинг бу соҳадаги фаолиятини давом эттирдилар.

Қадимий рисолаларда ёзилишича, мусиқа маданиятимизда муҳим ўрин тутадиган мақом санъати узоқ ўтмишга эга. ХIII асрга қадар мақомлар сони аниқ белгиланмаган, кейинчалик ўн икки мақом тизими ишлаб чиқилган. Унинг негизида миллий ва минтақавий мақом турлари вужудга келган. Булар ўзбек ва тожикларда мақом дейилса, туркман ва уйғурларда муқом, Эрон халқлари, Озарбайжон ва арманларда муғом ёки дастгоҳ, туркларда макам, араб халқларида мақам шаклида талаффуз қилинади.

Ҳозирги кунда мақомлар ўз салмоғи ва мазмуни билан Шарқ халқлари мусиқа меросининг ажралмас қисмини ташкил қилади. Ўзбек мумтоз мусиқасида Бухоро шашмақоми, Хоразм мақомлари, Тошкент ва Фарғона мақом йўллари мавжуд. Шашмақом (олти мақом) Бухоро ва Хоразмда айтиб келинган йирик мусиқа асари бўлиб, бузрук, рост, наво, дугоҳ, сегоҳ, ироқ мақомларидан иборат. Тошкент ва Фарғона водийсида эса чормақом кенг тарқалган ва унга дугоҳ ҳусайн, чоргоҳ, баёт ва гулёри шаҳноз киради.

Юртимиздан шашмақом ва чормақомнинг моҳир ижрочилари ва устозлари етишиб чиққан. Домла Ҳалим Ибодов, Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, Ота Жалол Наср ўғли, Ота Ғиёс Наби ўғли шашмақомдаги талқин йўлларини ниҳоятда нафис ижро қилиб, тингловчиларни ўзига мафтун этишган бўлса, тошкентлик Муллатўйчи Тошмуҳаммедов, Шораҳим Ҳожи ўғли, Эшонқул Тўра, Ҳамроқул қори, Ортиқ ҳофиз каби ўнлаб санъаткорлар чормақомнинг моҳир ижрочилари эди.

ХХ аср бошларига қадар мақомларни йирик шаҳарларда, айниқса, ҳукмдорлар саройларида ансамбль бўлиб ижро этиш урф бўлган. 1959 йилда Ўзбекистон телевидениеси қошида Юнус Ражабий ташаббуси билан мақомчилар ансамбли ташкил этилиб, “зангори экран” орқали мақомлар ижро этиладиган бўлди. 1983 йилдан эътиборан мақом ижрочиларининг республика кўрик-танловларини ўтказиш бошланди. Мақомнинг Бухоро, Тошкент-Фарғона йўллари ўрганилиб, унинг ноёб ижро усуллари ўзлаштирилди. Жўрахон Султонов, Очилхон Отахонов, Ориф Алимахсумов, Берта Давидова, Коммуна Исмоилова каби кўплаб санъаткорлар мақом санъатининг кейинги равнақига улкан ҳисса қўшдилар.

Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Муҳсин Қодировнинг ёзишича, воҳамизнинг кўҳна шаҳри Шаҳрисабз ҳам қадимий санъат бешикларидан бўлган. Бироқ бу заминда санъат бир текис ривожланмаган. Ижтимоий-сиёсий ҳаётда бўлганидек, санъат тарихида ҳам кўтарилиш ва тушкунлик даврлари юз берган. Бунда учта ёрқин кўтарилиш, яъни уйғониш даврини кўриш мумкин. Бири V-VII асрларни ўз ичига олади. Иккинчи уйғониш даври - IX-XII асрлар бўлиб, бунда санъат янги тусга кириб, унинг янги шакллари ихтиро қилинган. Учинчи уйғониш даври Амир Темур ва темурийлар салтанати билан чамбарчас боғлиқ. Шаҳрисабзнинг иккинчи камолот даврида Касабаи созанда ташкил бўлиб, санъат ривожига туртки беради. Ўн икки мақом ижрочилиги кучаяди, уни ансамбль бўлиб ижро этиш анъана тусини олади. Амир Темур санъатнинг Шаҳрисабзда туркий тилда, миллий анъаналар руҳида ривожланиши учун қулай шароит яратиб беради.

XVII-XVIII асрларда хонликларда санъатда ўзига хослик пайдо бўлиб, муайян репертуар ва ижрочилик услубларининг шаклланишига олиб келган. Шаҳрисабзда ҳам ана шу жараён кўзга ташланди. Шаҳрисабзлик санъаткорлар Бухоро ва Самарқандда фаолият олиб бораётган ҳамкасблари билан яқин алоқада бўлиб, шу тарзда “Шашмақом” тароналарида ўйинга тушувчи раққослар тўдалари ва созанда дасталари тузганлар.

XIX асрда яшаб ижод қилган шаҳрисабзлик Абдураҳмонбек улкан истеъдод эгаси бўлиб, мақомларни моҳирона ижро этган. Айни пайтда у шашмақом куйларини ҳам усталик билан чалар, айрим мақом мусиқаларини ўзи басталарди. Бухорода устозларидан таълим олганлиги, ашула ва мақом соҳасида маҳоратини такомиллаштириб борганлиги туфайли машҳур “Абдураҳмонбеги” мақом ва ашулалар муаллифи ҳамда талқинчиси сифатида ўзбек миллий мусиқаси ва мақом санъати тарихига кирди. “Абдураҳмонбеги” кенг тарқалган ўзбек мумтоз ашула йўллари туркуми сифатида муаллифнинг ижрочилик санъати ва ижоди билан боғлиқ. Бузрук мақомининг савти сарвиноз шуъбасига оҳангдош сарахбор, соқийнома ва уфор усуллари билан ижро этиладиган мақомлар мазкур санъаткор номи билан боғлиқ. Ҳожи Абдулазиз Расулов, Юнус Ражабий “Абдураҳмонбеги” йўлларини мукаммал ўзлаштириб, айнан шу услуб йўналишида куйлар яратишган.

- Мақом санъатининг Шаҳрисабзда шаклланган анъаналарини давом эттириш, унинг кўп асрлик ижрочилик йўлларини ўзлаштириш, халқимизни ушбу мумтоз санъатимиздан баҳраманд қилиш мақсадида 1972 йилда шаҳар маданият уйи ҳузурида мақом ансамбли ташкил этилди, - дейди вилоятимизнинг таниқли санъаткорларидан бири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Элмурод Боймуродов. – Бунда Ориф Алимахсумов, Сирож Аминов, Салоҳиддин Тўхтасинов каби таниқли санъаткорларнинг хизмати катта бўлди. Мактаблар, ўрта махсус ўқув юртлари ва корхона-ташкилотлардан мақом ижро этишга ҳавасманд ва лаёқатли, овози ўткир ва ёқимли йигит-қизлардан 24 нафари танлаб олинди, мақом куйларини чала оладиган 10 киши ансамблга жалб этилди. Тошкентлик санъаткорлар икки ҳафта давомида улар билан машғулотлар олиб бориб, мақом ижро этиш йўлларини ўргатишди. Мақом ижро этиш йўлидаги дастлабки қадам “Шашмақом”нинг Муқимий ғазали билан айтиладиган “Сарахбори наво”ни ўрганишдан бошланди. Сўнгра “Соқийномаи баёт” мақомига мурожаат қилинди.

...Пойтахтдан келган мақом билимдонлари машғулотларни давом эттиришни Тошкент театр-рассомчилик институтини бир йил олдин битириб, шаҳар маданият уйида ишлаётган Элмурод Боймуродовга топшириб кетишди. Ёш санъаткор мақомчилар ва чолғулар ижросини бир мақсадга йўналтириб, илгари ўрганилган мақомларни айтишни янада такомиллаштиришга эришди. Буни Шаҳрисабзга яна қайтиб келган устоз санъаткорлар эътироф этишиб, янги мақомларни ўргатишди. Қисқа вақт ичида ансамбль иштирокчилари жами 10 та мақом ва мумтоз ашулани ижро этишни ўрганишди. 1972 йил ёзида шаҳрисабзлик мақомчилар биринчи имтиҳондан муваффақиятли ўтишди. Тошкентда ўтказилган “Марҳабо, талантлар!” телевизион кўрик-танловида “Сарахбори наво” ва “Соқийномаи баёт”ни ижро этиб, биринчи ўринни эгаллашди.

Таниқли рақс устаси Мукаррама Турғунбоева Шаҳрисабзга келиб, Муҳаммаджон Мирзаев куй басталаган “Шаҳрисабз гўзали” рақсини ёш раққоса Муҳаррам Аминовага ўргатди. Устоз санъаткор кўмагида рақс сирларини қунт ва иштиёқ билан ўрганган Муҳаррам Аминова бу рақсни нафис, жозибали ҳаракатлар билан ижро этиб, томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди. Мақом ансамблининг довруғи бутун Ўзбекистонга ёйилиб, улар ижросидаги мақомлар бир неча марта телевидение орқали намойиш этилди. Ансамблнинг фаол ижрочиларидан бўлган Марям Сатторова ва  Насиба Сатторова Тошкент давлат консерваториясида таълим олишди. Марям Сатторова Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, Насиба Сатторова Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг Гран-при совриндори бўлди. Ўктам Аҳмедовга Ўзбекистон халқ ҳофизи унвони берилди.

2002 йилда Элмурод Боймуродов санъатсевар, иқтидорли мактаб ўқувчиларидан иборат “Бахтли болалик” болалар мақом ансамблини ташкил этди. Ёш мақомчилар 2003 йилда Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиш концертида “Самарқанд ушшоғи”ни ижро этишганида томошабинлар узоқ вақт уларни олқишлашди. 2004 йилда Тошкентда, 2005 йилда Марғилонда ўтказилган мақом ижроси бўйича кўрик-танловда ёш мақомчилар биринчи ўринни эгаллашга муяссар бўлишди. 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги қарори билан ансамблга “Намунали болалар мақом ансамбли” унвони берилди. 2006 йилда таниқли кинорежиссёр Ҳилол Насимов “Бахтли болалик” болалар мақом ансамбли ҳақида 20 дақиқали “Мўғулчаи бузрук” ҳужжатли-бадиий фильмини суратга олди. Ҳозир ансамбль репертуаридан 100 дан ортиқ мақом ва мумтоз ашула ўрин олган. Ансамблда қатнашиб, мақом ижро этган жуда кўп ёшлар мамлакатимизнинг санъат олийгоҳларида таълим олмоқдалар, театр-концерт ташкилотларида ишламоқдалар.

- Мақом мумтоз санъатимизнинг шундай турики, у якка ёки кўплашиб чин юракдан, нола билан ижро этилса, тингловчини сеҳрлаб қўяди, - дейди суҳбатдошим Элмурод Боймуродов. – Шу маънода Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мақом санъатимизни эъзозлаш, унинг истиқболи ҳақида ғамхўрлик қилишга қаратилган муҳим қадам бўлди. Қарорга мувофиқ, ўзбек миллий мақом марказининг ташкил этилганлиги, бу қадимий санъатимизни янада юксалтириш чора-тадбирлари тасдиқлангани мақом санъатини юксакликка кўтариш, унинг халқаро миқёсда нуфузини, халқимизнинг мақомга бўлган ихлоси, меҳрини оширишга хизмат қилади.

2018 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир марта Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом анжуманининг ўтказилиши белгиланганлиги, шунингдек, мақом музейи ва лабораторияси ташкил этилиши санъаткорлар ва мақом мухлисларини ниҳоятда мамнун қилди. Қарорга кўра, Коба ёдгорлиги негизида ташкил этилган Мақом маркази ва болалар мусиқа ва санъат мактаби  фаолияти ҳам такомиллаштирилади.

Ишончимиз комилки, мақом санъатининг иқболи порлоқ бўлиб, қадимий санъатимиз анъаналарига суянган ҳолда тараққий қилиб, халқимиз, аввало, ёш авлодни муносиб тарбиялаш, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтиришда муҳим роль ўйнайди.

Мўмин АЗИЗОВ