"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ЯНГИ СПЕКТАКЛЬ КЎРИК-ТОПШИРИШДАН ЎТДИ

Маданият
Tipografiya

Намойиш

ЯНГИ СПЕКТАКЛЬ КЎРИК-ТОПШИРИШДАН ЎТДИ

Вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдураҳмон Абдуназаров режиссёрлигида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов қаламига мансуб “Жаннатга йўл” драмаси саҳналаштирилаётгани ҳақида аввалроқ газетамизда хабар берилганди. 3 февраль куни мазкур саҳна асарининг кўрик-топшириш намойиши бўлиб ўтди. 

Унга Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги  театр бўлими, вилоят маданият бошқармаси мутахассислари, санъатшунослар, драматурглар таклиф этилди. Мусиқий драматик ривоят тарзида саҳнага олиб чиқилган ушбу асар эзгулик, меҳр-оқибат, садоқат ва дўстликни тараннум этади. Унда инсон ҳаётининг асл мазмун-моҳияти акс этган. Оригинал саҳна декорациялари, мусиқа ва турфа овозлар уйғунлигида муаллиф кўзда тутган ғоя режиссёрнинг теран назари билан ёрқин, равон ҳамда тушунарли тарзда томошабинга етказиб берилади.

- Илгарироқ спектаклнинг саҳналаштириш жараёнини кузатиб, айрим фикрларни билдирган эдим, - дейди санъатшунос, драманинг ижодий маслаҳатчиси Шуҳрат  Ризаев. – Асарни янада сайқаллаштириб бизга тортиқ қилган театр ижодий жамоасини шундай етук мусиқали драма билан табриклаш керак.

- Премьерани январь ойининг охирларига мўлжаллагандик, - дейди режиссёр ассистенти Фарҳод Жумаев. – Билдирилган тавсия ва маслаҳатларни инобатга олиб, асарни янада такомиллаштиришга ҳаракат қилдик. Асосий намойишни шу ойнинг ўрталарига қадар ўтказиш ниятидамиз.

 

Х.ҚИЛИЧЕВА