"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

НАВОИЙ ВА БОБУР ИЖОДИГА ЭҲТИРОМ

Маданият
Tipografiya

Назм ва наво

НАВОИЙ ВА БОБУР ИЖОДИГА ЭҲТИРОМ

Қарши шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш марказида улуғ мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллиги муносабати билан “Назм ва наво” номли маънавий-маърифий, бадиий-мусиқий кеча бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши, вилоят қўғирчоқ театри, Қарши маданият ва туризм коллежи ҳамда шаҳар маданият бўлими томонидан ташкил этилган концерт дастурига устоз-мураббийлар, партия фаоллари, ўқувчи ёшлар, санъат ихлосмандлари таклиф этилди.

Дастур коллежнинг созандалар ансамбли ижросидаги “Таржи наво” ва “Гардун наво” асарлари ижроси билан бошланди. Сўнг Алишер Навоий ғазаллари асосида яратилган “Насруллои”, “Қаро бўлубтур”, “Хоразм сегоҳи”, “Эй сабо”, “Қўшчинор”, “Талқини баёт”, Бобур ғазаллари куйга солинган “Мушкулдур”, “Унутмагин”, “Савти чоргоҳ” каби ашулалар ижро этилди. Айниқса, коллежнинг 2-босқич ўқувчиси Гулчирой Ҳамидованинг ижроси барчани тўлқинлантирди.

- Бугун мақом санъатини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижодий мактаблар ва анъаналарни, буюк бастакорлар, ҳофиз ва созандалар меросини чуқур илмий асосда ўрганиш ва қайта тиклашга катта аҳамият берилмоқда, - дейди коллеж директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Бобур Зоиров. – Президентимиз кўрсатмаларига биноан 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш белгиланди. Бу ишларга ҳамоҳанг равишда коллежимизда ҳам шу йўналишда таҳсил олаётган 90 нафар ёш мақомчилар ўртасида турли тадбирлар ўтказилиши йўлга қўйилди.

Албатта бундай концертлар уюштирилиши ёш ижодкорларда саҳна маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Уларнинг миллий мумтоз санъатимизга бўлган меҳрини оширади. 

 С.АЛЛАЁРОВА