"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

МАДАНИЯТНИНГ ЎҚИЛДИЗЛАРИ

Маданият
Tipografiya

Номоддий маданий мерос

МАДАНИЯТНИНГ ЎҚИЛДИЗЛАРИ

Ана шу улкан маданиятни сақлаб қолиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалаларини ўрганувчи тузилмаси – ЮНЕСКОнинг 2003 йил 15 октябрда Париж шаҳрида ўтказилган 32-сессиясида Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича халқаро Конвенция қабул қилинган. Ушбу Конвенция  номоддий маданий мерос ҳамда моддий маданий ва табиий мероснинг ўзаро узвий боғлиқлигини инобатга олган ҳолда, глобаллашув ва ижтимоий ўзгаришлар жараёнида номоддий маданий меросни муҳофаза қилишнинг кўп томонлама мажбурий ҳуқуқий акти ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу Конвенцияга 2007 йилда қўшилган. 2010 йил 7 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг “2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга асосан ҳар бир ҳудуднинг номоддий маданий мероси босқичма-босқич ўрганилиб, ҳужжатлаштириш, сақлаб қолиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

“Номоддий маданий мерос” тушунчаси урф-одатларни, билимлар ва кўникмаларни, шунингдек, улар билан боғлиқ жиҳозлар, предметлар, артефактлар ва маданий маконларни акс эттиради, улар эса ўз навбатида ҳамжамиятлар, гуруҳлар, баъзан ҳатто муайян бир шахсга оид қадриятларни англатади. Номоддий маданий мерос дейилганида кўз олдимизга ўзликни намоён этишнинг оғзаки анъана ва шакллари, ижро санъати намуналари, жамиятнинг урф-одат, маросим ва байрамлари, табиат ва коинотга оид билим ва урф-одатлар йиғиндиси, анъанавий ҳунармандчилик билан боғлиқ кўникмалар келади. Бугунги кунда ўзбек халқига хос 7 та номоддий маданий мерос дурдонаси ЮНЕСКО томонидан жаҳон номоддий маданий меросининг  Репрезентатив рўйхатига киритилди. 2008 йилда Бойсун маданий муҳити ва шашмақом, 2009 йилда катта ашула ва Наврўз байрами, 2014 йилда аския санъати, 2016 йилда ош тайёрлаш жараёни бу рўйхатдан жой олган бўлса, ўтган йили улар сафига атлас ва адрас тайёрлаш ҳунари ҳам киритилди. Бу бежиз эмас. Зеро, дунё халқлари орасида ўзбек халқи ўз тафаккур дунёсининг кенглиги, бой ва бетакрор оғзаки ижодини сақлаб келаётгани билан ҳам ажралиб туради. Бизгача етиб келган юзлаб достонлар, минглаб ривоятлар, эртак, нақл, афсона, топишмоқ, удум, инон-ишонч ва айтишувлар номоддий маданий меросимизнинг нодир намуналаридир.

Бундай намуналар ҳар бир ҳудудда ўзига хос тарзда учрайди. Масалан, вилоятимизнинг ўзига хос қадрият ва анъаналари мавжуд бўлиб, улар халқнинг тантилик ва мардлик хусусиятлари, аҳолининг яшаш тарзи, табиати билан чамбарчас боғлиқ ҳолда яратилган номоддий маданий мероси ҳисобланади. Кенг тоғли ҳудуд бағрида яшаётган деҳқонободлик бахшилар дўмбира чертиб, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Тоҳир ва Зуҳра” каби достонларни куйлаб, халқимизнинг бугунги кунларидан илҳомланган термалар яратади:

Мустақил бўп менга бўлдинг сен қанот,

Озод юртда ўсар қанча зурриёт,

Темур бобом руҳи бўлди яна шод,

Бизлар орзу қилган боғу бўстоним,

Абадий мустақил –Ўзбекистоним!

Ўзининг бахши ва достонлари билан машҳур бўлган бу юртда халқ оғзаки ижодининг энг қадимий намуналари бўлган достон ижрочилигининг маҳорат мактаби шаклланган. Ўзининг соҳир овози ва услуби билан танилган халқ бахшилари – Шомурод бахши Тоғаев, Қаҳҳор Раҳимов, Маҳматмурод Ражабов, Абдумурод Раҳимов ва Очил Чоршанбиевни Қашқадарё достончилик мактаби давомчилари, десак бўлади. Бу воҳанинг 20 дан ортиқ достон ижрочилари устоз бахшилар изидан бориб, ўнлаб халқ достонларини бугуги авлодга етказмоқда.

“Чироқчи чироқлари” фольклор-этнографик халқ ансамбли ўзининг 30 йиллик фаолияти давомида туманнинг ўзига хос қўшиқлари, миллий анъаналарини ўрганиб, уларга қайта сайқал бериб келмоқда. Ансамбль репертуаридаги “Ой келиним”, “Қалқаманинг қирлари”, ”Омонгул”, “Урчуғим”, ”Ойимча”, “Қоқиндиқман”, “Гулли кигиз”, “Дўмбирам” каби халқ қўшиқлари даста аъзолари томонидан мароқ билан куйланиб келинмоқда:

Дарёларнинг ул юзида бир туп палак дейди,

Бир туп палак тагида  қўш ҳандалак дейди.

Қўш ҳандалак бири хом, бири ширин дейди,

 Чироқчининг қизлари тили ширин дейди.

- Ўзим куйлаётган халқ қўшиқлари менга юртимнинг беқиёс табиати, юраги тоғдек куч-қудратга эга чироқчилик алпларнинг мардлигини ифода этаётгандек туюлади, - дейди жамоанинг етакчи ижрочиси Ҳамро Муродова. - Ушбу қўшиқларни тўплашга киришишдан мақсадим беназир меросни асраб-авайлаб ёшларга етказишдир.

Вилоятимизда айниқса, халқ ўйинлари ўзига хослиги билан ажралиб туради. “Кўпкари”, “Кураш”, “Беш тош”, “Оқ теракми-кўк терак”, “Дарданак”, “Хаппак”, “Минди”, “Тортишмачоқ”, “Бекинмачоқ”, “Тўптош”, “Чиллак”, “Ланка” “Арқон тортиш”, “Ошиқ ўйини” каби ўйинлар болаларни чаққонлик, эпчиллик, мувозанатни сақлашга ўргатиш билан бирга уларнинг қадди-қомати чиройли ва бақувват бўлиб шаклланишига ёрдам берган. Шунингдек, болаларда табиат ва ҳайвонларга бўлган тўғри муносабатни шакллантириш билан боғлиқ ўйинлар ҳам борки, “От ўйини”, “Ғозларим”, “Қуш келди”, “Қалдирғоч-эшигингни оч” кабилар шуларга мисол бўла олади.

 Халқ амалий санъати ва ҳунармандчилигининг пичоқчилик, косиблик, дурадгорлик, темирчилик, дўппидўзлик, зардўзлик, қуроқчилик, гилам, бўз, сават тўқиш, кигиз босиш, каштачилик, кулолчилик, наққошлик, ёғоч ўймакорлиги  каби турлари қадимдан Қашқадарё воҳасида яхши ривожланган. Кулолчилик кўпроқ касбилик ҳунармандларга хос бўлиб, улар тандир, кўза, офтоба, хум, тунча, гуппи, хурмача, сут товоқ, ош товоқ ва бошқа маҳсулотлари  билан машҳур. Гилам тўқиш санъати асосан Чироқчи, Қамаши, Яккабоғ туманларида ривожланган. Бу ҳудудларда унинг қадимий турлари - жулхурс, напрач, бўғжама, холи, терма гиламларни тўқиш одат бўлса, Миришкор туманининг араб этник гуруҳига хос бўлган Жейнов, Алатўн қишлоқларида араби гиламлар тўқиш анъанага айланган. Деҳқонободда эса қадимдан кигиз босиш ҳунари яхши сақланиб қолган.

Қамаши туманининг Манғит қишлоғида қамишдан бўйра тўқиш ҳунари давом этиб келмоқда. Қарши шаҳридаги Каманди маҳалласида юлғун шохларидан сават ва бошқа буюмлар тўқиш ҳунари яхши сақланиб қолган. Косон ва Қарши ҳунармандларининг бигиз кашталари ўзининг шакли-шамойили билан ажралиб туради. Шаҳрисабз ва Китоб туманларининг ироқи кашталари нафақат ўзимизда, балки бутун дунёда ўз номи билан маълум ва машҳур.

Номоддий маданий мероснинг  яна бир йўналиши ижрочилик санъати бўлиб, миллий мусиқий оҳанглар, чолғулар ижрочилигида яратилган мерос манбаларини ўз ичига олади. Чанқовуз, сибизға, най, доира, ноғора каби миллий чолғуларимиз инсонни табиатга яқинлаштиради, ижрочи фақат ўзига хос бўлган ҳиссиётни - ўзлигини ифодалайди ва ижро шуниси билан бетакрор бўлади. Вилоятнинг Деҳқонобод, Чироқчи, Қамаши туманларида чанқовуз ижрочиларини кўпроқ учратасиз.

Бугунги кунда бу меросни ўрганиш, тўплаш, тадқиқ қилиш ва кенг тарғиботини амалга ошириш долзарб, аммо бироз назардан четда қолаётган масаладир. Бу нафақат мутахассислар зиммасидаги иш, балки эркин тадқиқотчилар, журналистлар олдидаги вазифа ҳамдир.

Хулоса қилиб айтганда, халқ ижодиёти ва номоддий мероси битмас-туганмас чашма. Бу чашмадан келажак авлод ҳам баҳраманд бўлмоғи шарт. Қайси халқ ўз тақдирига ўзи соҳиблик қилишни ва ўз тарихининг яратувчиси бўлишни истаса, қадриятларига тиргак, анъаналарига содиқ бўлмоғи, улар моҳиятини теран англамоғи, маданиятининг ўқилдизларини асрамоғи лозим.

Фотима ЖУМАЕВА,

вилоят маданият бошқармаси  мутахассиси