"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

УМУМХАЛҚ САЙЛИГА МАРҲАБО!

Маданият
Tipografiya

Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!

УМУМХАЛҚ САЙЛИГА МАРҲАБО!

Баҳор нафасидан диллар баҳра олиб, чор атрофдаги кўклам қиёфасидан кўзлар яшнаётган ушбу кунларда қалбларимиз яна бир қувончдан масрур. Чунки юртимизда катта шодиёналар билан Наврўз айёмини нишонлаш бошлаб юборилди.

Айтиш жоизки, Наврўз ўзининг жуда кўп жиҳатлари билан бошқа байрамлардан фарқ қилади. У ҳалолликни, покликни, эзгулик, меҳр-муҳаббатни тарғиб этувчи байрам эканлиги билан ҳам эътиборга молик. Биргина мисол, Наврўз баҳонасида кишилар жам бўлишиб, шоду хуррамликда сумалак пиширишади, кўк сомсалар ёпишади. Фарзандларини соғлом, бақувват бўлиб камол топишга ундовчи спорт ўйинларини ташкил этишади. Аҳамиятлиси, сўнгги вақтда юртимизда бу кўҳна ва боқий байрамни нишонлашда халқимизнинг ана шу эзгу қадриятлари яққол ўз ифодасини топмоқда.          Президентимизнинг 2018 йил 23 февралдаги "2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига асосан, жорий йилги байрам тадбирлари "Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!" деган ягона ғоя асосида Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказилмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятимизда ҳам асосий байрам тадбирларини юқори савияда ва воҳа аҳлининг миллий қадриятлари, анъана ва маросимларига ҳамоҳанг тарзда нишонлашга катта эътибор қаратилаётир. Вилоят ҳокимлигида Наврўз байрамига тайёргарлик ва уни ўтказиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган йиғилишда бу борадаги ишлар белгиланиб, мутасадди ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди.

- Бу йил вилоятимиз вакиллари пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Наврўз тантаналарида ҳам муносиб иштирок этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, - дейди вилоят маданият бошқармаси раҳбари Салим Сайимов. - У ерда  биз учун ажратилган павильонда Қашқадарёнинг ўзига хос барча жиҳатлари кўрсатиб берилади. Бу тадбирда нафақат маданият ва санъат вакиллари, балки вилоятимизнинг энг маҳоратли полвонлари, ошпазлари, ҳунармандлари, тадбиркорлари ҳам иштирок этади. Бир сўз билан айтганда, вилоятимиз учун ажратилган майдонга ташриф буюрган ҳар бир меҳмон ўзини Қашқадарёга келгандек ҳис қилиши керак.

Вилоятимизнинг ўзида ташкил этиладиган байрам тадбирлари эса асосан Қарши шаҳридаги 6 та сайилгоҳда, туман марказларида ва барча маҳаллаларда, истироҳат боғларида ўтказилади. Яна бир жиҳати, бу йил Наврўз шодиёналари 5 кун давом этади. Аҳоли ўзи истаган вақтда ва жойда байрам сайилларида иштирок этиши учун барча шароитлар яратилади. Сайилгоҳларда концерт дастурлари, миллий ва халқ ўйинлари, ҳунармандлик буюмлари кўргазмалари намойиш этилади. Баҳор таомлари тайёрланиб, сайилга чиққан кишиларга улашилади.

Шунингдек, байрам сайиллари ўтадиган майдонларда ўқувчилар томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар, қушлар ва гуллар сайили, расмлар кўргазмаси ташкил этилади. "Энг яхши китобхон", "Энг кўп ёддан шеър айтувчи" танловлари ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланади. Миллий халқ ўйинлари ва спорт мусобақалари ўтказилади. "Қувноқлар ва зукколар" жамоаларининг дастурлари намойиш қилинади.

Жумладан, вилоятнинг асосий байрам тадбири ташкил этиладиган "Қашқадарё соҳили" хиёбонида барча туманлар, маҳаллалар ўзларининг ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, миллий урф-одат ва маросимларини намойиш қилади. Қадимий кўприк устида  баланд дор ўрнатилиб, воҳамиз дорбозлари ўз маҳоратларини кўрсатади. Дарё соҳилида 12 та дошқозонда сумалак пиширилиб, аҳолига тарқатилади. Байрам дастурхони безатилиб, сайилга чиққанларга миллий таомларимиз тортиқ қилинади.

Бундан ташқари, Қарши шаҳридаги "Наврўз" хиёбони, Алишер  Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи, вилоят мусиқали драма театри, Одина мажмуаси, "Ўзбекистон почтаси" вилоят бўлими биноси ёнидаги хиёбонларда ҳам асосий байрам сайиллари ташкил этилади.

Таъкидлаш жоизки, халқимиз Наврўзни азалдан меҳр-мурувват, саховат байрами сифатида нишонлайди. Ушбу анъанага мувофиқ, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади, қариялар, бемор ва ногиронлиги бўлган кишилар ҳолидан хабар олинади. Бу эса барча диллар Наврўз шукуҳини бирдек ҳис қилишини таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ