"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 апрель, якшанба.

НАВРЎЗНИНГ УМУМБАШАРИЙ АҲАМИЯТИ НИМАДА?

Маданият
Tipografiya

Қадрият

НАВРЎЗНИНГ УМУМБАШАРИЙ АҲАМИЯТИ НИМАДА?

Тенгкунлик байрами қаерда ва қандай нишонланган?

Баҳорги тенгкунлик байрами милоддан аввалги III минг йилликда қадимги Миср ва Месопотамияда кенг нишонлангани манбалардан маълум. Шунингдек, бу байрамни  қадимги римликлар милоддан аввалги 45 йилгача 1 март куни, мидияликлар эса 21 мартда  нишонлашгани айтилди.

Қадимги Месопотамияда ҳар йили 21 мартдан Дажла суви кўтарила бошлайди. Бу эса дарё атрофида яшовчилар учун деҳқончилик ишлари бошланишидан дарак берган. Икки ҳафтадан сўнг Фрот атрофидаги аҳоли учун ҳам зироатчилик мавсуми қизийди. Шунинг учун месопотамияликлар бу кунни кенг байрам қилишган, юзларига турли ниқоблар тақиб рақс тушишган, ашулалар айтишган. Кейинчалик Наврўзни яҳудийлар, юнонлар, болқонликлар ва Бобил халқлари нишонлай бошлаган.

Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида Наврўз анъанавий байрам тусига кирган. Кўплаб давлатлар бу кунга миллий байрам мақомини берган. Айниқса, Ўзбекистон, Тожикистон, Эрон давлатларида Наврўз байрами кенг нишонланади, қадимий анъаналар замонавий руҳ билан бойитиб борилмоқда.

Туркия, Бошқирдистон, Қозоғистон, Афғонистон ва Ҳиндистоннинг айрим ҳудудларида Наврўз байрами нишонланиши ўзимизникидан деярли фарқ қилмайди. Хитойда бу байрам нафақат туркийзабон қавмлар, балки хитойликлар томонидан ҳам кенг нишонланади. 21 март куни одамлар ёрқин либосларга бурканишиб, қўлларида гулдаста ва лойдан ясалган ҳўкизларнинг ҳайкалчалари билан ибодатхонага йўл олишади. Байрамнинг энг улкан - бош ҳўкизи эса бамбук ва қоғозлардан ясалади. Жонивор олов, сув, темир, дарахт ва ер рамзларини англатувчи - қора, оқ, қизил, яшил ва сариқ рангларга бўялади. Наврўз жаҳоннинг қай жойида нишонланмасин, барча маросим ва одатлар табиат уйғониши,  деҳқончилик юмушлари бошланиши, совуқ кунлар чекиниб, илиқ кунлар келиши билан алоқадордир.

Янги кун афсоналари

Наврўз байрамининг пайдо бўлиши ҳақида хилма-хил ривоятлар, афсоналар бизгача етиб келган.

Улардан бирига кўра, шоҳ Жамшид кунларнинг бирида Мозандарон ўрмонида қуён овлаб юрган экан, ногаҳон   сеҳрли илонни кўриб қолибди ва ўша заҳотиёқ унга қарата камондан ўқ узибди. Илон эса бир қоятошнинг остига - ковакка кириб ғойиб бўлибди. Камондан отилган ўқ эса тошга тегибди-да, учқун чақнабди. Учқунлардан бири тош ёнидаги хас-хашак устига тушиб ёна бошлабди. Одамлар шу дамгача олов нималигини билмас экан, шу боис ўтни кўрган ҳамоно бу мўъжизага лол қолиб, дарҳол унга сажда қилибдилар. Шу-шу одамлар оловни муқаддас билиб, уни ўчирмасликка ҳаракат қиладилар. Жамшид оловни кашф этган кунни эса Наврўз, яъни Янги кун деб атайдиган  бўлишибди.

Қадриятлар

Наврўз - олам яшарадиган, деҳқон умиду ишонч билан ерга барака уруғи қадайдиган, чўпонлар қўй-қўзиларини яшил ўтлоққа ёядиган, ёшу қари, эркагу аёл гўзалликни, эзгуликни, шодлик ва қувончни, бахтли яшашни дилга туядиган саодатли кундир. Минг-минг йиллар давомида Наврўзни байрам, катта шодиёна сифатида нишонлаш натижасида бир қанча удумлар, ишонч ва эътиқодлар шаклланган.

Наврўз муносабати билан кўчалар, ҳовли-жойлар, қабристонлар тозаланган, кўчат ўтқазилган, боғ бунёд этилган, урушлар тўхтаган, аразлашганлар ярашган, дала ишларини бошлашга пухта ҳозирлик кўрилган, байрам дастурхонига дармондориларга бой таомлар тортилган. Қариялар, ногиронлар, хасталар зиёрат қилинган, бева-бечоралар, етим-есирларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилган. Кўпкари, кураш, арқон тортиш, пойга сингари  ўнлаб мусобақалар ўтказилган.

Наврўз байрамининг умумбашарий аҳамияти ҳам шундаки, у кишиларни аҳилликка, ягона мақсад йўлида якдил ҳаракат қилишга ундайди.

Қадимий удумлардан бири “қозон тўлди” бўлиб, ҳар бир оила ўз имкониятидан келиб чиқиб тансиқ таомлар, кўкат сомсалар, бўғирсоқлар тайёрлайди. Бободеҳқон ҳақига дуо қилиниб, қўшга қўшиладиган ҳўкизларнинг шохи мойланади. Оилада тайёрланган таомлардан қўшниларга улашилади. Дала-кенгликларда дошқозонларда турли таомлар тайёрланиб, одамларга тарқатилган. Қозонлар тўлиши мўл ҳосил тимсоли, тўкин-сочинлик, қут-барака белгиси ҳисобланган.

Сумалак сайли

Наврўз тантаналаридан бири сумалак сайлидир. Авестода сумалак ҳақида қизиқ ривоят келтирилади. Янги кунда 30 ёшли Зардушт оппоқ соқолли нуроний чолга айланиб қолади. Юзидан, қош-кўзидан нур ёғар, қорон­ғида юрса тонготар маҳалини эслатар, зулмат чекиниб, уни нур қучоқлаб борарди. Қаёққа борса, ҳамиша боши узра порлоқ юлдуз ёғду сочиб, йўлини ёритарди. Уйига қайтиб борганида, хотини бу ҳолдан ҳайрон бўлади. Аёл доимгидек буғдой уруғидан униб чиққан кўм-кўк, хушбўй ўт-майсани янчиб, тайёрлаб қўйган эди. Кейин бўтқа-таом пиширишга киришадилар. Ўшанда қозон бошида ҳам мўъжиза рўй беради.

Зардушт ва унинг аёли алламаҳалгача овқат тайёрлаш билан овора бўлиб, чарчаб, ҳордиқ чиқаришга ётган эдилар. Fира-шира тонг пайти осмону фалакдан бирин-кетин кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даражада гўзал фаришталар учиб келиб, қозон ёнига қўнади. Чўп чўмич, қошиқ ва капгирни қўлга оладилар. Бири қўйиб, бири пишаётган таомни қўзғашга, дам-бадам шопиришга киришадилар, қайта-қайта қўзғайдилар. Қўшиқлар айтиб, ўйнайдилар.

Зардушт ва унинг аёли бу ажойиб-ға­ройиб манзарани узоқ томоша қи­либ ётишади. Санаб қарасалар, фариштаю малаклар ўттизта чиқади. “Сируҳ” ва “Сумалак” - “Ўттиз руҳ” ва “Ўттиз малак” деб ном беришади уларга...

Эрталаб тайёр бўлган таомни еганларида, у ҳеч олдингиларига ўхшамас,  бениҳоя тотли, мазали эди. Шу-шу бўладию, таомни Зардушт ва аёли “Сумалак” – “Ўттиз малак” деб атайдилар,

Сумалак - тўйимли, мазали таом. Унинг айнан иликузилди паллада тайёрланишида ҳам катта ҳикмат бор. У организмга қувват берувчи табиий дармондори. Ҳозирги кунда ҳам сумалак тайёрлаш, сумалак сайли ўтказиш    анъаналари давом этиб келади. Уни пишириш катта маросим бўлганидан бутун қишлоқ, овул, маҳалланинг кексаю ёши, эркагу аёли бир жойга тўпланади. Болалар ҳар хил қўшиқлар айтишади, ўйинлар ижро этишади. Бир сўз билан айтганда, Наврўз байрамининг ажралмас қисми бўлган сумалак сайли ҳам кишиларга янада кўтаринки кайфият бахш этади, байрамга ўзгача руҳ бағишлайди. Шундай  халқчил байрамларимиз бор бўлсин!

Абдиолим  ЭРГАШЕВ,  Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси